Жаҳон | 17:11 / 28.02.2023
17391
3 дақиқада ўқилади

Лондон: А-50 самолётининг йўқотилиши Россия ҳаво операцияларини чеклайди

Россиянинг Мачулишчида А-50 ҳарбий самолётини йўқотиши унинг ҳаво операцияларини янада чеклайди, дея маълум қилди Британия ҳарбий разведкаси. 

Фото: Picture Alliance

Twitter’да эълон қилинган яна бир шарҳда Британия Мудофаа вазирлиги Беларус партизан гуруҳи BYPOL ва муҳожирликдаги Беларус мухолифати раҳбарларига таяниб, Минск яқинидаги аэродромда портлашлар А-50’нинг олд ва ўрта қисмлари, радар антеннасига зарар етказганини таъкидлайди

Шу билан бирга, А-50 ҳавода эрта огоҳлантириш ва назорат қилиш самолётининг роли ҳаво ҳолатининг реал суратини яратиш ва қўшни қирувчи самолётлар билан мувофиқлаштиришни таъминлашдан иборат, дейилади маълумотда. 

Расмийлар Россия самолётига етказилган зарарни тасдиқламаган бўлса-да, унинг йўқотилиши катта аҳамиятга эга бўлади, чунки у Россия ҳаво операциялари учун жуда муҳим ва ҳаво жанги бўйича вазиятни очиқлаб беради, дея ишонч билдирган Лондон.

Беларус хавфсизлик хизматининг собиқ амалдорлари уюшмаси BYPOL маълумотларига кўра, Беларуснинг Мачулишчи аэродромида портлатилган Россиянинг А-50 ҳарбий самолёти ҳужум учун тасодифан танланмаган. 27 февраль куни BYPOL раҳбари Александр Азаров DW нашрига берган интервьюсида А-50 ҳаводан эрта огоҳлантириш ва назорат қилиш самолёти Россия армияси учун муҳим бўлгани, чунки у Россия ракеталарини Украинадаги нишонларга йўналтиришда фойдаланилганини айтиб ўтди.

«Бу ҳаво флотидаги флагманга ўхшайди. «Кинжал»лар ташувчилари унинг ортидан учиб, кўрсатмаларига амал қилишади. Бундай самолётлар кўп эмас», - дея тушунтирди у. Азаровнинг сўзларига кўра, бундай акциялар узоқ вақт тайёрланади. «Чет элда бўлиб, ичкаридаги партизанлар билан алоқа қилиш, разведка, таъминот, четлаб ўтиш йўлларини таъминлаш жуда қийин», — дея қўшимча қилди у.

«Белсат» телеканали эфирида Азаров Россия самолётига учувчисиз учоқлар ёрдамида ҳаводан ҳужум қилинганини, бу диверсияни «Перамога» режаси иштирокчилари бўлган беларуслар амалга оширганини таъкидлади. «Операция иштирокчилари мамлакат ташқарисида аллақачон хавфсиз жойда. Ҳамма чиқиб кетди, шамолни даладан излаб юришсин энди», - деди у ва операцияга бир неча ойдан бери тайёргарлик кўрилганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид