20:13 / 02.03.2023
46640

Брянскдаги ҳодиса. Бу ҳақда нималар маълум?

Владимир Путин бугун Брянск областида рўй берган ҳодисани теракт деб атади. Брянск области губернатори Александр Богомаз ва ФХХ областнинг чегарадаги Климовский районига украин диверсантлари кириб келганини маълум қилган. Украина президенти офисида эса украин диверсантлари ҳақидаги гап «классик провокация» деб баҳоланди.

Фото: РДК телеграм-канали

Воқеалар ривожи

2 март куни Брянск области губернатори Александр Богомаз телеграм-каналида регион ҳудудига «Украинадан диверсия-разведка гуруҳлари кириб келгани» ҳақида хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «диверсантлар» чегарадаги Климовский районининг Любчане қишлоғига бостириб кирган ва автомобилни ўққа тутган, натижада тинч аҳоли вакилларидан бир киши ҳалок бўлиб, 10 ёшли бола яраланган.

Россия пропаганда нашрлари эса мактаб автобуси ўққа тутилгани ҳақида хабар берганди, аммо регион расмийлари буни рад этиб, ҳудуддаги мактаблар масофадан таълим шаклига ўтганини маълум қилди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ҳодиса вақтида икки киши ҳалок бўлган.

Mash ва Baza манбаларига кўра, Брянск областига жами 40-50 нафар «диверсант» кириб келган. ТАСС гуруҳ ўнлаб қуролланган кишилардан иборат бўлганини хабар қилди. «112» телеграм-канали «диверсантлар» икки гуруҳга ажралгани ва бир-биридан 20 километр масофада жойлашган Любечане ва Сушани қишлоқларига йўл олганини хабар қилди.

ТАСС манбаси «диверсантлар» икки қишлоққа бостириб кирганини хабар қилган. Улардан бирида тўрт ёки олти киши гаровга олингани, Россия кучлари ва «диверсантлар» ўртасида жанг кечгани ҳақида айтилган. Регион раҳбарияти ҳуқуқ-тартибот органлари Сушани қишлоғида иш олиб бораётганини маълум қилган. Baza эса бу қишлоқда гўёки электр нимстанцияси ва газ станцияси портлатилгани ҳақида ёзди. ОАВ Сушанида одамлар гаровга олинганини хабар қилди, аммо регион раҳбарияти буни рад этди. РИА Новости эса Любечане қишлоғидаги дўконда бир неча киши гаровда экани ҳақида ёзди.

Брянск области губернаторининг сўнгги маълумотига кўра, Любечане қишлоғида «Украинадан келган диверсантлар рейди» оқибатида ҳалок бўлганлар сони икки нафарни ташкил этмоқда.

Путин сафарини қолдирди

Россия президенти Владимир Путин Брянск  областидаги воқеалар фонида Ставропол ўлкасига сафарини қолдирди, бу ерда у Ўқитувчи ва устозлар йили очилиш маросимида иштирок этиши кўзда тутилганди.

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга Путин маросимда «тушунарли сабабга кўра, видеоконференция режими»да қатнашишини айтди. РИА Новости нашри аниқлик киритишича, Путиннинг Ставропол ўлкасига сафари бекор қилиниши Брянск областидаги воқеалар билан боғлиқ.

У маросим очилишида видеоконференция режимида қилган чиқишида Брянск областидаги ҳодисани «навбатдаги террорчилик акти, навбатдаги жиноят» деб атади ва «тинч аҳоли вакиллари ўққа тутилгани»ни айтди.

«Бу фуқаролик машинаси эканини кўрдик, унда тинч аҳоли вакиллари ва болалар бўлган, оддий «Нива» - унга қарата ўт очилган», деди у.

Кўп ўтмай Россия ФХХ РФ мудофаа вазирлиги билан биргаликда Климовский районида «давлат чегарасини бузиб кирган қуролли украин националистларини йўқ қилиш бўйича тадбирлар» ўтказаётганини маълум қилди, аммо бу маълумотни тасдиқловчи далил келтирилмади.

Украинанинг реакцияси

«Украин диверсантлари» тўғрисидаги хабарларга Украина ҳукумати номидан президент офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк муносабат билдирди. У «Россия бошқа давлатга қилинган ҳужумни ва уруш йил давомида қашшоқликни оширганини қандайдир оқлаш учун ўз халқини қўрқитмоқчи» эканини айтди.

«Россиядаги Украина диверсия-разведка гуруҳлари ҳақида гап-сўзлар классик провокациядир. Онгли провокация. Россия бошқа давлатга қилинган ҳужумни ва уруш йил давомида қашшоқликни оширганини қандайдир оқлаш учун ўз халқини қўрқитмоқчи. Айни пайтда, Россияда партизанлик ҳаракати кучлироқ ва тажовузкор бўлиб бормоқда. Ўз партизанларингиздан қўрқинг», деб ёзди у Twitter’да.

Кейинроқ Подоляк видеомурожаат йўллади: «Брянск областидаги украин диверсия разведка гуруҳлари ҳақидаги фейк бўйича. Классик Россия. У ҳамиша провокация, ёлғон йўлидан юради, у ҳамиша информацион баҳоналар ўйлаб топади - тўғри, бу сафар улар нега бундай қилаётгани тушунарсиз, ахир бизда шусиз ҳам тўлақонли уруш кетмоқда. Сен билан аллақачон уруш қилаётганларни провокация қилишдан маъни йўқ».

«Россия кўнгиллилар корпуси»

Фото: T.ME/RUSSVOLCORPS

Аммо кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда икки видео кенг тарқалди, уларда сариқ боғичлар тақилган ҳарбий либослардаги тўрт киши акс этган, улар ўзларини «Россия кўнгиллилар корпуси» аъзолари деб атайди, Брянск областига «диверсия разведка гуруҳлари сифатида эмас, балки «ўз она юртига озодлик армияси» сифатида келганини айтишади. Фондаги бинода «фельдшерлик-акушерлик пункти» деб ёзилган табличкани кўриш мумкин, уни қўли билан кўрсатган жангчи бу билан видео Брянск областида олинганига далил келтиради.

Бу видеода гапирган одам - 38 ёшли Денис Никитин, айрим маълумотларга кўра, ушбу «кўнгиллилар корпуси»ни айнан у бошқаради. Никитин Москвада туғилган, Европада ўқиган, 2017 йилда эса Украинага кетган.

«Агентство» нашри фельдшерлик пункти олдида чиндан ҳам Денис «Rex» турганини хабар қилган, у аввалроқ матбуот анжуманлари ва интервьюларда «корпус» командири сифатида намоён бўлган. Видеодаги кишилар қўлларида ушбу ташкилотни ифодаловчи байроқни тутиб туришади, Любечанеда эса чиндан ҳам шундай фельдшерлик пункти мавжуд.

«Сирена» нашри эса Pimeyes юздан таниш хизматига таянган ҳолда бошқа фамилияни келтирган: бу Денис White Rex сифатида ҳам машҳур бўлган Денис Капустин. «Новая газета Европа» Никитин - Капустиннинг янги фамилияси эканини ёзган.

Январ ойида Волгоградда суд YouTube платформасида у билан уюштирилган интервьюни блоклаганди, у интервюда «Россия кўнгиллилар корпуси» томонида жанг қилишини айтган. Капустин ўтмишда - футбол безориси бўлган ва ЦСКА клуби мухлислари сафида муштлашувларда иштирок этган.

Иккинчи видеодаги жангчи эса «Россия кўнгиллилари корпуси» «тинч аҳоли вакиллари билан жанг қилмаслиги ва қуролсизларни ўлдирмаслиги»ни айтади.

«Мен ҳозиргина у ердан келдим»

«Важные истории» нашри «Россия кўнгиллилар корпуси» аъзоларидан бири билан гаплашган, анонимлик шарти билан гапирган бу шахс Россия ҳудудида бўлганини тасдиқлаган. 

«Мен у ердан ҳозиргина келдим. Биз бу вазифани бажаришда 45 киши эдик. Ичкарига кириб, суратга туширдик ва иккита БМПга пистирмага қўйдик. Мен жабрланган болаларни кўрмадим. Лекин жароҳатланганлардан бири чегарачи эди. Ҳеч ким гаровга олинмади», деган у. 

ТАСС нашри гувоҳларга асосланиб хабар беришича, «диверсантлар» РФ ҳудудини тарк этган. «РФ ҳудудида украин гуруҳларидан ҳеч ким қолмади, уларнинг барчаси чиқиб кетган. Ҳозирда Украина қуролли кучлари жангчиларидан бирортаси бизнинг ҳудудда қолган-қолмагани текширилмоқда», деган агентлик суҳбатдошларидан бири.

Бир неча соат ўтиб ФХХ Климовский райони ҳудудида «турли типдаги кўп миқдордаги портловчи қурилмалар аниқлангани, миналардан тозалаш ишлари олиб борилаётгани» ҳақида хабар берди. Климовский районидаги аҳоли яшаш манзиллари «ҳуқуқ тартибот органлари назорати остида экани» қўшимча қилинган.

Маълумот учун, Брянск области ҳудуди орқали «Дружба» нефт қувури ўтади, Россия нашрлари ёзишича, бу қувурга бир неча бор ҳужум қилишга уриниш кузатилган. Бундан ташқари, Климовский районида ёпиқ ҳарбий авиабаза жойлашган.

Уруш тарафдорлари нима дейди?

Брянск областига «украинлар диверсия разведка гуруҳи» киргани ҳақидаги хабарлар кутилганидек Россиядаги ҳарбийлашган блогосферада кенг муҳокама қилинди - Z-каналлар ва уруш тарафдорлари қасос олишни талаб эта бошлади. Бу риторика «кўнгиллилар корпуси» видеолари тарқалгандан кейин бироз юмшади.

«Брянск областига кириб келганларнинг барчасининг иши энг қаттиқ шаклда, максимал даражада қаттиқ ва шафқатсизлик билан ҳал этилиши керак. Улар отиб ташланиши керак», деди Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров. У уларнинг оиласи Россияда бўлса, уларни ҳам жазолашни талаб қилди.

Блогер ва ВГТРК ходими Евгений Поддубний «Брянск области аҳолисига ҳужум» «Украина қуролли кучлари бош разведка бошқармаси назоратидаги жангарилар» томонидан амалга оширилгани, шунинг учун бу ҳужум учун жавобгарлик Украина ҳарбий разведкаси раҳбари Кирилл Буданов зиммасида экани ҳақида ёзди.

Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Ондрий Юсов бунга жавобан «кўнгиллилар корпуси» баёнотини ҳавола қилди ва бу гуруҳни Путин режимига ва уни қўллаб-қувватловчиларга қарши «қўлда қурол билан» курашувчилар деб атади.

«Украина РФ ҳудудига ҳужум қилмайди, у ерга диверсия разведка гуруҳларини юбормайди, у ердаги тинч фуқароларни ўлдирмайди. Украинага бу керак эмас», деди Подоляк.

Россия регионларига дронларнинг янги ҳужумлари

2 март тонгида губернатор Богомаз Брянск области ҳудудига яна дрон қулагани ҳақида хабар берганди.

«Украина қуролли кучлари Климовский районига яна бир ҳужум уюштирди. Дрон тушиши оқибатида Сушани қишлоғидаги турар жойда ёнғин чиқди», дея ёзганди у телеграм-каналида.

Тула областида дрон операторлари тайёрлаш маркази
Фото: ALEKSANDER SCHERBAK/TASS

Бу жорий ҳафта давомида ушбу област ҳудудига дронлар орқали қилинган иккинчи ҳужум бўлди. Сешанбага ўтар кечаси, 28 феврал куни областнинг Суражский райони осмонида украинларнинг учувчисиз учиш қурилмаси уриб туширилганди. Бу ҳодиса оқибатида вайронгарчиликлар ва жабрланганлар қайд этилмаган.

Шу куни Москва области ва Россиянинг яна тўрт регионида дронлар ҳужуми кузатилганди. Россия мудофаа вазирлиги дронлар ҳужумида «Киев режими»ни айблаган.

Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк эса Украина Россияга ҳужум қилмаслиги, фақат мудофаа уруши олиб боришини айтганди. «Украина РФ ҳудуди бўйлаб зарбалар бермайди. Украина ўзининг барча ҳудудларини деоккупация қилиш мақсадида мудофаа уруши олиб боради», дея ёзганди Подоляк твиттерида.

Россия президенти матбуот хизмати раҳбари Дмитрий Песков эса Кремль Подолякнинг сўзларига ишонмаслигини айтганди.

Бундан ташқари, 2 март куни тонгида Тула областидаги Березовский аҳоли яшаш манзилидан 600 метр масофада портлашдан ҳосил бўлган ўра аниқланди. Тула области раҳбарияти бу маълумотни тасдиқлаган.

Кейинроқ регион ҳукумати матбуот хизмати губернатор Алексей Дюмин ўтказган оператив штаб йиғилиши якунларига кўра, Тула областининг Киреев районида рўй берган портлашнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида дрон қулаши кўриб чиқилаётганини хабар қилди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top