Жаҳон | 15:00 / 02.03.2023
13879
2 дақиқада ўқилади

Россия ОАВ Украинанинг 2 та диверсия гуруҳи Брянскда экани ҳақида хабар берди

Россиянинг қатор ахборот агентликлари, жумладан, РИА «Новости» ва ТАСС агентликлари гўёки диверсия разведка гуруҳлари Брянск вилоятидаги икки қишлоққа Украинадан кириб келгани ва одамларни гаровга олгани ҳақида хабар бермоқда. Агентлик хабарлари жуда зиддиятли. 

Фото: mil.gov.ua

«Украиналик диверсантлар билан тўқнашув юз берди, маҳаллий аҳоли орасида қурбонлар бор», деб ёзади ТАСС ҳуқуқ-тартибот идораларига таяниб. 

Любечан қишлоғида одамлар дўконда гаровга олинди, дея аниқлик киритди РИА «Новости» агентлигининг фавқулодда хизматлардаги манбаси. 

Аввалроқ Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз Сушани қишлоғида автомобиль ўққа тутилгани, натижада бир киши ҳалок бўлгани ва бир бола жароҳатлангани ҳақида хабар берган эди. 

«Украиналик диверсантлар гуруҳи икки қишлоққа кириб, улардан бирида маҳаллий аҳолини гаровга олди. Росгвардия аскарлари жангарилар билан тўқнаш келди», деб ёзади ТАСС. 

Агентлик маълумотларига кўра, тахминан олти киши гаровда. Baza Telegram-канали хабарига кўра, Сушанида электр подстанцияси ва ёнилғи қуйиш шохобчаси портлатилган. 

«Рыбарь» Telegram-канали 40 киши гаровга олингани ва «диверсия гуруҳи» кириб келган чегарадаги Любечан қишлоғида, Брянск губернатори хабар берганидек, маҳаллий фельдшер ўғирлаб кетилгани ҳақида хабар берди. 

Айни пайтда, «Раньше всех. Ну почти» Telegram-канали Брянск вилояти расмийлари Сушанида одамлар гаровга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқламаяпти, деб ёзади. 

Мавзуга оид