Ташриф давомида давлат раҳбари жумладан, халқаро тузилмалардан бири – Қўшилмаслик ҳаракати саммитида ҳам қатнашди ва нутқ сўзлади.
Kun.uz мухбири Ўзбекистон президентининг Бокуга сафари, саммитдаги иштироки ва сўзлаган нутқи, шунингдек, бу ҳаракатнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида таҳлилий интервью ўтказди.
Интервью меҳмони Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев бўлди.
— Шавкат Мирзиёевнинг Бокуга сафари ва Қўшилмаслик ҳаракати саммитидаги иштироки. Албатта, биз бу ҳаракат нима экани, унинг ўтган асрнинг 60-йилларида дунё икки қутбга бўлинган, “совуқ уруш” давом этаётган ҳамда дунё ёдро уруши остонасига келиб қолган бир пайтда ташкил топганини биламиз.
Хўш, ҳаракатнинг бугунги кундаги мақсади, дунёдаги ўрни қандай ва бугунги контексда Ўзбекистон томонидан унинг эсланиб қолиниши нимани билдиради?
Яъни Ўзбекистон бу ҳаракатда иштироки билан ўзининг позицияларини қандайдир халқаро ҳуқуқ билан мустаҳкамламоқчими, мақсад нима?
— Таъкидлаб ўтганингиздек, дунёда иккита куч маркази шаклланиб, тарафкашлик бўйича босимлар ошиб бораётган, халқаро муносабатларда зўрлик тамойили устувор бўлиб турган вақтда дунёнинг қолган мамлакатлари мана шу ҳаракатни ташкил қилишдан асосий мақсади аросатда қолган мамлакатларнинг ўз позициясини яратиш ва қарама-қаршиликка аралашиб қолмаслик бўлган. Ҳаракатнинг асосий принципи БМТнинг бош низоми талабларига тўлалигича жавоб беради. Яъни ўзга мамлакатлар ҳудудига таҳдид қилмаслик, муносабатларда тенг музокаралар олиб бориш, суверенитетига тажовуз қилмаслик, ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик. Ва айни тамойилларга амал қилиш нуқтаи назаридан бу ҳаракат ташкил топди.
Ўша даврда ҳаракат тузилиши билан биргаликда икки куч марказига, биз тортишувда бирор тарафнинг ёнини олмаймиз, ўз қарашимиз бор, ҳар қандай муаммони мулоқотлар ва БМТ низоми талаблари орқали ҳал қилиш керак, деган сигнал берилди.
Ҳозирги вақтда ташкилотнинг аҳамияти ошиб боришига сабаб дунё майдонида катта давлатларнинг ўзаро қарама-қаршилиги қуролли тўқнашувлар даражасига чиқиб кетяпти. Маълум бир маънода турли минтақаларда янги ҳарбий-сиёсий блокларни шакллантириш жараёни ҳам бошланиб кетди. Қўшилмаслик ҳаракатига дунёнинг 120 та давлати аъзо. Бундан ташқари, турли халқаро ташкилотлар хам бу ҳаракат билан муносабатлар ўрнатган. Шу ўринда айтиш керакки, ҳозир дунё сиёсатини тебратиб турган етакчи мамлакатлар ҳам кузатувчи мақомига эга ва ташкилот ичидаги давлатлар билдираётган фикрларни, таклифларни кузатиб боряпти. Халқаро жараёнда ташкилот аҳамияти ошиб боради, чунки тарафкашлик йўқлиги, БМТ низомига амал қилиши, халқаро хавфсизлик доирасидаги ёндашуви, иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсиш беқарор бўлиб турган бир пайтда геосиёсий таранглик ошиб бораётгани ташкилот аҳамиятини орттиради.
















