Жаҳон | 11:22 / 04.03.2023
13506
2 дақиқада ўқилади

Россияда Путиннинг нутқини қулоғида лағмон билан тинглаган депутат суд қилинади

Россия Коммунистик партиясидан Самара вилоят думаси депутати Михаил Абдалкинга нисбатан Россия армиясини обрўсизлантириш бўйича маъмурий баённома тузилди. Аввалроқ Абдалкин қулоғига лағмон билан Путиннинг нутқини томоша қилаётган видеосини чиқарган эди.

Фото: Telegram / Михаил Абдалкин

Россия Коммунистик партиясидан Самара вилоят думаси депутати, Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал мажлисга мурожаатини қулоғига лағмон қўйиб олган ҳолда томоша қилган Михаил Абдалкинга армияни обрўсизлантириш моддаси бўйича протокол тузилди. Материаллар 2 март, пайшанба куни Новокуйбишевск шаҳар суди томонидан келиб тушган. Суд мажлиси 7 мартга белгиланган.

2 март куни Михаил Абдалкин «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида иш «ўша видео» бўйича очилганини маълум қилди. «Биз курашамиз, айбсизлигимизни исботлаймиз», — дея қўшимча қилди у. Депутатнинг ўзи видеони ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаларида эълон қилиб, вилоят думасидаги Коммунистик партия фракцияси раҳбариятининг илтимосига кўра Путиннинг мурожаатини томоша қилганини таъкидлади. «Мен тўлиқ қўллаб-қувватлайман, тўлиқ қўшиламан, ажойиб ижро. Охирги 23 йил ичида мен бундай нарсани эшитмаганман. Ҳайратда қолдим», - деб изоҳ берди Абдалкин видеога.

Аввалроқ Самара вилоят думаси Михаил Абдалкинга «жамоатчилик томонидан қораланиши» ҳақида эълон қилган эди. Депутатлар уни партиядан чиқаришни таклиф қилишди, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратурадан унинг қилмишига ҳуқуқий баҳо беришни сўрадилар. 1 март куни Абдалкин полицияга чақирилган.

Владимир Путин 21 февраль куни Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида Ғарб давлатлари ва Украинани яна «алдаш», «мустамлакачилик» ва «неолиберал тоталитар қадриятлар»да айблаб, Россиянинг Украинага бостириб кириши мажбурий бўлганини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид