Жаҳон | 00:37 / 23.02.2023
28058
2 дақиқада ўқилади

Россиялик депутат Путиннинг мурожаати вақтида қулоғига лағмон илиб олди

Самара области думаси депутати президент нутқини қулоғида лағмон билан эшитди.

Фото: Telegram/abdalkin63

Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан (РФКП) Самара области думаси депутати Михаил Абдалкин Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал мажлисга қилган мурожаатини томоша қилаётган пайтида қулоғига лағмон тақиб олди. Бу ҳақдаги видео ва фотосуратни ижтимоий тармоққа жойлаштирди.

«Самара губернияси думаси раиси ўринбосари М.Ю.Антимонова илтимосига биноан президентнинг икки соатлик мурожаатини тингладим. Тўлиқ қўллаб-қувватлайман, тўлиқ қўшиламан, ажойиб нутқ. Мен сўнгги 23 йил ичида бундай нарсаларни эшитмаганман. Ҳайратдаман», деб ёзди у.

Қулоққа лағмон илиш — XIX асрда пайдо бўлган фразеологизм, одатда алдаш, ёлғон гапириш, чалғитиш маъноларини англатади.

Ўз навбатида РФКП матбуот котиби Александр Юшченко депутатнинг қилиғини «аҳмоқлик» деб атади ундан «ўз профессионал фаолиятига баҳо беришни» талаб қилди. Унинг сўзларига кўра, «интернетда оний машҳурликка интилиш иштиёқи» жуда хавфли бўлиши мумкин ва Абдалкин сайловчиларнинг ҳақиқий муаммолари билан шуғулланиши керак.

Юшченконинг аниқлик киритишича, депутатнинг қилиғи Самара области думаси раҳбарияти томонидан эътиборсиз қолдирилмайди.

Михаил Абдалкин 1988 йилда Новокуйбишевск шаҳрида туғилган. Самара губернияси думаси 7-чақириқ депутати, РФКП Новокуйбишевск қўмитаси биринчи котиби, шунингдек, Самара области «Рабочая Ассоциация» касаба уюшмаси раиси ўринбосари ҳисобланади.

Мавзуга оид