Жаҳон | 20:59 / 16.03.2023
9589
4 дақиқада ўқилади

Путиннинг мурожаатини қулоғида лағмон билан эшитган депутат жаримага тортилди 

Самаралик депутат Михаил Абдалкин Россия армиясини обрўсизлантириш моддаси бўйича маъмурий жазога тортилди. Адвокат унинг айбсиз эканини таъкидлаб, апелляция беришини айтди. 

Фото: Видеодан кадр

Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан (РФКП) Самара области думаси депутати Михаил Абдалкин Россия президенти Владимир Путиннинг Федерал мажлисга қилган мурожаатини томоша қилаётган пайтида қулоғига лағмон тақиб олгани учун жазоланди. 

Суд уни «Россия армиясини обрўсизлантириш» моддаси бўйича айбдор деб топиб, 150 минг рубл (қарийб 23,5 млн сўм) миқдорида жаримага тортди.  

Суд қарори эълон қилинганидан сўнг, Абдалкиннинг адвокатлари суд қароридан рози эмаслигини ва унга эътироз билдиришини айтишган. 

Суд мажлисида ўз қилмишини тушунтирар экан, Абдалкин президент хабарининг биринчи дақиқасидан ички сиёсат муаммолари қандай ҳал этилишини эшитмоқчи бўлганини айтди. Депутат ўз видеоси билан, ўз таъбири билан айтганда, «нафақат ўз норозилигини, балки ўз муаммолари билан унинг қабулига келган одамларнинг ҳам норозилигини» билдирган. 

Абдалкиннинг адвокати судда унинг ҳимояси остидаги шахснинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик таркиби йўқлигини айтди. «Обрўсизлантириш» атамасининг маъносидан келиб чиққан ҳолда, субъектнинг қасддан қилган ҳаракатларида нотўғри маълумотлар бўлиши керак. Лекин видео ва унинг остидаги изоҳда у йўқ. Видеода «махсус ҳарбий операция» ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ», деди ҳимоячи.  

Шунингдек, адвокат суд эътиборини иш материалларида тилшунос экспертнинг видеолавҳада «обрўсизлантириш» белгилари мавжудлиги тўғрисидаги хулосаси йўқлигига қаратди. «Бу ҳам Абдалкиннинг айбсиз эканини англатади», деди у. 

Коммунист депутатга қарши рус армиясини «обрўсизлантириш» бўйича протокол март ойи бошида тузилган эди. «Биз курашамиз, айбсизлигимизни исботлаймиз», деб ёзган эди депутат ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Владимир Путин 21 феврал куни Федерал мажлисга йўллаган мурожаатида Ғарб давлатлари ва Украинани яна «алдаш», «мустамлакачилик» ва «неолиберал тоталитар қадриятлар»да айблаб, Россиянинг Украинага бостириб кириши мажбурий бўлганини таъкидлаган эди. 

Михаил Абдалкин Россия президенти мурожаатини қулоғига лағмон илиб олган ҳолда томоша қилаётгани тасвирланган фото ва видеолавҳани ижтимоий тармоққа жойлади. 

«Самара губернияси думаси раиси ўринбосари М.Ю.Антимонова илтимосига биноан президентнинг икки соатлик мурожаатини тингладим. Тўлиқ қўллаб-қувватлайман, тўлиқ қўшиламан, ажойиб нутқ. Мен сўнгги 23 йил ичида бундай нарсаларни эшитмаганман. Ҳайратдаман», деб ёзган эди у. 

Қулоққа лағмон илиш — XIX асрда пайдо бўлган фразеологизм, одатда алдаш, ёлғон гапириш, чалғитиш маъноларини англатади. 

Ўз навбатида РФКП матбуот котиби Александр Юшченко депутатнинг қилиғини «аҳмоқлик» деб атади ундан «ўз профессионал фаолиятига баҳо беришни» талаб қилди. Шунингдек, «интернетда оний машҳурликка интилиш иштиёқи» жуда хавфли бўлиши мумкинлиги ва Абдалкин сайловчиларнинг ҳақиқий муаммолари билан шуғулланиши кераклигини айтди. 

Михаил Абдалкин 1988 йилда Новокуйбишевск шаҳрида туғилган. Самара губернияси думаси 7-чақириқ депутати, РФКП Новокуйбишевск қўмитаси биринчи котиби, шунингдек, Самара области «Рабочая Ассоциация» касаба уюшмаси раиси ўринбосари ҳисобланади. 

Мавзуга оид