«Биз фронтдаги цементмиз» – Пригожин «Вагнер» Бахмутдан чекинса, Қрим ҳам қулашини айтди
Россиядаги «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси, Путиннинг собиқ ошпази Евгений Пригожин видеомурожаат эълон қилиб, яна ўқдори етишмовчилигидан нолиди.
Унинг сўзларига кўра, «Вангер» айни дамда жанг майдонидаги асосий куч ҳисобланади: «Ҳозир «Вагнер» Бахмутдан чекинса, бутун фронт парчаланади. «Вагнер» [жанг майдонидаги] цемент ҳисобланади. Биринчидан, биз Украина армиясига бошқа ҳудудларга эътибор қаратишга имкон бермай, уларни қиряпмиз. Бошқа томондан эса олдинга силжияпмиз. Шунингдек, бошқалар ҳам бизнинг ортимиздан олдинга силжишга мажбур. Камида ўз номи ва юзини сақлаб қолиш учун. Чунки улар «демак буни эпласа бўларкан» деб ўйламоқда. Жангда стереотипларни парчалаш жуда муҳим», дейди Пригожин.
Путиннинг собиқ ошпази «Вагнер» чекинадиган бўлса, бутун Россиядаги ҳарбий идоралар учун қийин кунлар бошланишини тахмин қилди: «Ҳозир «Вагнер» [Бахмутда] тўхтаса, воқеалар ривожи қуйидагича бўлади: фронт парчаланади, Россия чегараларигача парчаланади, ҳатто ундан чуқурроққача ҳам. Умуман олганда, Россия ичидаги мамлакат манфаатларига хизмат қилувчи ҳарбий тузилмалар учун қийин кунлар бошланади.
«Вагнер»ни эса Бахмутдан чекинадиган бўлса, тарихда шундай эслашади: Пригожин бошчилигидаги ёлланма ҳарбийлар гуруҳи Путинни ўзининг муҳим бўлинма эканига ишонтира олди. Аслида бизни вазият қийинлашган вақтда ўзлари чақиришди, лекин мен айтган воқеа бўлса, айнан «ишонтирган» деб эслашади.
Кейин эса бутун Украина армиясини Бахмутда тўплаган «Вагнер» «ЛХР» раҳбарияти, Мудофаа вазирлиги ёки Молия вазирлиги билан пул ёки бошқа нимадир бўйича келиша олмай қолди дейишади. Оқибатда «пружина эффекти» ишга тушиб, «Вагнер» чекинди-да, бундан важоҳати жўшган Украина армияси қанотлардан, марказдан «ЛХР»га ёриб кириб, Россия ҳудудигача боради, Қрим қулайди ва шунга ўхшаш нарсалар айтилади», деган Пригожин.
«Вагнер» аскарлари кўп марта ўқдори ва қурол-яроқ етказиб беришда муаммолар сабаб Россия Мудофаа вазирлигига мурожаат қилиб чиққан, ҳатто очиқчасига штаб бошлиғи Герасимовни ҳақорат қилганди. Пригожин ҳам снарядлар етишмовчилиги сабаб Герасимовни танқид қилган, армияда тартиб ўрнатишга уриниши учун штаб бошлиғини олифта деб атаганди.
Пригожин бу мурожаатини ҳам яна снарядлар етишмовчилиги билан боғлиқ муаммога олиб бориб тақади: «Шу боис яна такрорламоқчиман, «Вагнер» ҳозирда фронтдаги цемент ҳисобланади. Биз ҳозир чекинадиган бўлсак, тарихга урушдаги мағлубият томон илк қадамни ташлаган одамлар сифатида кирамиз. Ва мана шу ўринда снаряд етишмовчилиги билан боғлиқ муаммо юзага чиқади».
Россия армияси Бош штаби қўмондони ва айни дамда русларнинг Украинадаги бирлашган қўшинлари қўмондони Валерий Герасимов армияда назорат ўрнатиш кераклигини таъкидлагани, аскарлар доим соқоли ва тирноғи олинган, ҳарбий формада бўлиши кераклигини айтгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Пригожин эса бунга муносабат билдирар экан, «армияни олифталаштириш учун» 50 йил қамаш таклифини илгари сурганди.
Навбатдаги мурожаатида ҳам Пригожин ўша таънасини тилга олиб, аскарларнинг ташқи кўринишига урғу бериб гапирди: «Ҳозир менинг фикримни қўятурайлик, оддий аскарлар нима дейди, биласизми? Ҳа, ўша тирноғи шилинган, соқоли ўсиб кетган, қўли бетартиб турган оддий аскар менинг олдимга келади-да, ўртоқ директор, бу муаммони Мудофаа вазирлигининг юқори доираларида, балки ундан ҳам юқорироқда ҳаммасига бизни айбдор қилиб кўрсатиш учун ўйлаб чиқаришмаяптимикин? Балки шу учун бизга ўқдорилар беришмаётган, янги аскарлар билан, хусусан маҳбуслар орасидан, сафимизни тўлдириш имконини беришмаётгандир, деб шубҳаланади», деган Пригожин қоронғи жойда туриб ёзган видеомурожаатида.
Айни дамда Россия армияси Украинанинг Бахмут шаҳрини босиб олиш учун жанг олиб бормоқда. Бу шаҳарга асосан «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси жангарилари ҳужум қилмоқда. Америка Урушни ўрганиш институти таҳлилларига кўра Россия Бахмут йўналишида жуда катта йўқотишларга учрамоқда ва яқин орада руслар шаҳарни ўраб олиши ҳақида гапиришга асос йўқ.
Мавзуга оид
22:12 / 25.09.2024
FT: Евгений Пригожин пулларни яширин равишда ғарб банклари орқали ўтказган
15:22 / 25.06.2024
Пригожиннинг «адолат марши»га бир йил. «Вагнер» ва воқеа қаҳрамонлари тақдири қандай кечди?
14:50 / 24.06.2024
Бир йил олдин Пригожин исёни Кремлни ва бутун мамлакатни шокка солганди. Москвага юриш ҳақида нималарни эслаш муҳим?
10:15 / 24.06.2024