2023 йил 24 июн тонгида Вагнер хусусий ҳарбий компанияси отрядлари Луҳанск области ва Россия чегарасини икки жойдан кесиб ўтганди. Шундай қилиб олдинги куни Евгений Пригожин томонидан эълон қилинган «адолат марши» — қуруқ гап эмаслиги (аввалига Кремлдагилар шундай тахмин қилишганди), балки узоқни кўзлаган ҳақиқий исён экани маълум бўлади. «Медуза» бир йил олдинги воқеалар хроникасини тиклади

ХҲК мероси: Пригожин «армияси»дан ҳеч нарса қолмади — аммо вагнерчиларнинг тактик элементларидан РФ қуролли кучлари ҳам, Украина қуролли кучлари ҳам фойдаланмоқда

Бир йил муқаддам қуруқликда исёнчиларга ҳеч ким қаршилик кўрсатмаганди (агар Москва томон асосий трассаларда юк машиналаридан ўрнатилган баррикадалар ҳисобга олинмаса). РФ қуролли кучлари раҳбарияти ёлланма жангчиларга қарши фақат яқин атрофдаги аэродромлардан армия авиациясини — асосан вертолётларни юборганди. Ҳукумат кучлари авиацияси билан бир неча тўқнашувлардан кейин ХҲК ёлланма жангчилари Липецк области Красное қишлоғига етиб боради ва шу ерда лагер тиклайди. Колонна Тула области чегарасини барибир кесиб ўтмайди.

Кейин нималар бўлгани охиригача аниқ эмас — бунгача бўлган ҳаракатланиш маршрутлари ва тўқнашувлар видеоларда акс этганди. Евгений Пригожин Кремл билан ўтказган музокара тафсилотлари фақат Александр Лукашенконинг ҳикояси орқали маълум. Унинг гаплари чинлигига эса ишониб бўлмайди.

Нима бўлганда ҳам, 24 июн куни кечга бориб Пригожин — Лукашенко воситачилигида Кремл билан ўтказилган музокаралардан кейин — исённи давом эттиришдан воз кечади ва бу билан ўзига ҳамда ўзининг хусусий ҳарбий компаниясини ўлимга ҳукм қилади.

Вагнер эндиликда ҳеч қандай кўринишда мавжуд эмас:

  • ёлланма жангчиларнинг бир қисми мудофаа вазирлиги билан шартномалар имзолайди (буни ўша вақтдаги мудофаа вазири Сергея Шойгу талаб қилганди, исён ҳам шу сабаб билан бошланган);
  • ХҲК отрядлари Африкада ҳам мудофаа вазирлиги назорати остида ҳаракатланишда давом этмоқда (фақат МАРда улар Вагнер брендини сақлаб қолган);
  • сиёсий мотивлар туфайли Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга рози бўлмаган бошқа ёлланма жангчилар эса Росгвардия сафларига ёзилган;
  • ХҲКнинг қолган қисми Росгвардиянинг Чеченистондаги «Ахмат» полкига қўшилгани ҳақида гаплар тарқатилган бўлса-да, минглаб ёлланма жангчилар қодировчиларга қўшилгани бўйича ҳеч қандай ишончли маълумот пайдо бўлмади.