Ўзбекистон | 19:33 / 06.03.2023
17840
4 дақиқада ўқилади

10 млндан 250 млнгача – хотин-қизлар кунига қайси туман қанча пул сарфламоқчи?

Ҳудудларда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлаш учун маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратилмоқда. Байрамни ташкиллаштиришга қайсидир ҳокимлик 15-20 млн сўм режалаштирган бўлса, айримлари юз миллионлаб пул сарфламоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Байрамга бюджетдан “пул сочиш” бўйича Андижон шаҳри ҳокими “етакчилик” қилмоқда. Республикадаги аксарият туман ва шаҳар ҳокимлари бу мақсад учун ўртача 40-50 млн сўм ажратган.   

Андижон шаҳри – 250 млн сўм

Андижон шаҳар ҳокимининг 2023 йил 2 мартдаги қарори билан захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Халқаро хотин-қизлар куни байрамини нишонлаш учун 250 млн сўм ажратилган. Ҳокимнинг айни шу қарори билан шаҳардаги 55-умумий ўрта таълим мактабининг спорт зали учун керакли жиҳозларни сотиб олишга эса 129 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Учтепа тумани – 193 млн сўм

Пойтахт туманлари ҳокимлари ҳам Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлашда “сахийлик” қилмоқда: Учтепа тумани ҳокими фармойиши билан захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан қарийб 200 млн сўм ажратган. Ҳужжатда таъкидланишича, ушбу маблағга байрам тадбири ўтказилади ҳамда совғалар харид қилинади.

Дўстлик тумани – 125 млн сўм

Жиззах вилоятининг Дўстлик тумани ҳокимлиги ҳам бу борада “юз миллиончилар” қаторида: туман ҳокими қарори билан байрамни нишонлаш, байрам дастурхони тайёрлаш ва эсдалик совғалари олиш учун 125 млн сўм ажратилган.

Тойлоқ тумани – 112 млн сўм

Самарқанд вилоятининг Тойлоқ тумани ҳокимлиги ҳам хотин-қизлар байрамига 100 млн сўмдан ортиқ пул сарфламоқчи бўлган ҳокимликлардан бири ҳисобланади. Туман ҳокимининг 2023 йил 3 мартдаги қарори билан байрамни ўтказишга 112 млн сўм ажратилган.

Булоқбоши тумани – 30 млн сўм

Андижон вилояти Булоқбоши тумани ҳокими ҳамкасби – Андижон шаҳри ҳокимидан фарқи равишда байрамда эсдалик совғалари сотиб олиш харажатларига 30 млн сўм ажратган

Мўйноқ тумани – 25 млн сўм

Байрамни нишонлаш учун бошқа ҳудудларга нисбатан кам маблағ ажратган ҳудудлардан яна бири Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидир. Туман ҳокимининг қарори билан байрам дастурхони тузатиш ва ҳудуддаги фаол хотин-қизларни эсдалик совғалари билан тақдирлаш учун 25 млн сўм сарфланиши режалаштирилган.        

Урганч шаҳри – 15 млн сўм

Хоразм вилояти маркази – Урганч шаҳри ҳокимлиги хотин-қизлар байрамига 15 млн сўм сарфламоқчи. Ҳокимлик бу пулга байрам тадбирини ўтказишни мақсад қилган. Бу ҳам республикада байрам учун энг кам маблағ ажратилган ҳудудлардан бири. 

Амударё тумани – 12 млн сўм

Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани ҳокими байрамни нишонлаш учун энг кам маблағ ажратган ҳокимликлардан бири: ҳокимнинг тегишли қарори билан Халқаро хотин-қизлар кунига 12 млн сўм, Наврўз байрамини ўтказиш учун эса 85 млн сўм маблағ ажратилган. 

Қувасой шаҳри – 10 млн сўм

Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳри ҳокимлиги хотин-қизлар байрами учун энг кам пул ажратган ҳокимлик ҳисобланади: шаҳар ҳокимининг қарори билан бу мақсад учун 10 млн сўм ажратиш белгиланган. Ушбу маблағга шаҳардаги эҳтиёжманд хотин-қизлар, нуроний онахонлар, якка-ёлғиз кекса аёлларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга эсдалик совғалари улашиш ва байрам тадбирини ўтказиш режа қилинган.

Қолган туман ва шаҳарлар ҳам захира жамғармаси маблағларидан Халқаро хотин-қизлар кунини нишонлашга 30 млн сўмдан 70 млн сўмгача бўлган миқдорда пул ажратган.     

Мавзуга оид