Ўзбекистон | 11:34 / 06.03.2021
10360
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: «Фарзандларга мукофот бериш тўғри албатта, лекин оналарни ҳам унутмаслигимиз керак»

Айни пайтда Тошкентдаги “Конгресс-ҳолл” анжуманлар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтяпти. Унда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Kun.uz мухбирига хабарига кўра, президент давлат мукофотларига лойиқ кўрилган аёлларни эътироф этиб ўтди.

 “Ҳар йили ушбу қутлуғ сана арафасида ўқишда, ишда, жамоат ишларида, ўзининг истеъдод ва қобилиятини намоён этишда дастлабки ютуқларга эришган иқтидорли қизларимизга Зулфия номидаги давлат мукофотлари берилади. Бугун ана шундай қизларимиз қаторига яна 28 нафар иқтидорли ёшларимиз қўшилмоқда. Таъкидлашим керак, улар ўз истеъдодлари билан бу мукофотга лойиқлигини исботладилар. 

Айни вақтда, бугунги байрам арафасида кўп йиллар давомида ўз соҳасида катта натижаларга эришган, давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган опа-сингилларимиздан 297 нафари “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.

Мен бир нарсага эътибор қаратмоқчиман – бугун мукофотга лойиқ кўрилганларни табриклар эканмиз, уларни тарбия қилган буюк аёлни, Ўзбекистон аёлини унутмаслигимиз керак, муқаддас аёлни эътироф этишимиз лозим. Фарзандларга мукофот бериш тўғри албатта, лекин оналарни, меҳр берган оталарни ҳам унутмаслигимиз керак”, – дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид