8 март тарихи ҳақида қисқача
Халқаро хотин-қизлар кунининг нишонланиши тарихи 1908 йилга бориб тақалади. Шу йили Ню-Йоркда 15 минг аёл хотин-қизларга яхшироқ маош, қисқа иш куни ва овоз бериш ҳуқуқини талаб қилиб намойиш ўтказишган эди. Намойишлардан бир йил ўтиб Америка социалистик партияси биринчи марта миллий аёллар куни санасини эълон қилади.
Халқаро миқёсда аёллар санасини нишонлаш таклифи 1910 йилда аёллар ҳуқуқлари фаоли Клара Зеткиндан чиқади. У Копенгагенда бўлиб ўтаётган халқаро аёллар конференциясида буни таклиф қилади ва 17 давлатдан вакил бўлган 100 фаол аёл Клара Зеткиннинг таклифини маъқуллайди.

Шундай қилиб Халқаро аёллар куни 1911 йилда биринчи марта Австрия, Дания, Германия ва Швейцарияда нишонланади. БМТ томонидан эса халқаро миқёсда расмий сана сифатида 1975 йилга келибгина эътироф этилади. 1996 йилдан бошлаб ҳар йили 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами алоҳида битта шиор билан нишонлана бошланади. Ўша йилги шиор “Ўтмишни нишонлаш ва келажакни режалаштириш” деб номланган эди.
Халқаро хотин-қизлар куни аёллар шу пайтгача жамиятда, сиёсат ва иқтисодда қандай ютуқларга эришганини байрам қилиш санасига айланди. Шу билан бирга ҳали-ҳануз сақланиб турган улар билан боғлиқ муаммоларни яна бир бор эслатиш ва эсдан чиқармаслик учун ҳам бу сана алоҳида ажратилади.
Бу йилги байрам шиори қандай?
БМТ бу йилги сана учун “Ҳамма нарсани рақамлаштириш: Инновация ва технологиялар гендер тенглиги учун” шиорини танлади. Мақсад: хотин-қизларнинг онлайн таълим ва технологиялар ривожига қўшаётган ҳиссасини тан олиш ва нишонлашдан иборат.

Қолаверса, шиор билан рақамли гендер тенгсизлиги муаммолари ҳам ўрганилади. Айни пайтда дунёдаги аёлларнинг 37 фоизи интернетдан фойдаланмайди. Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг 87 фоизи интернетдан фойдаланади, 23 фоизида онлайн бўлиш имкони йўқ. БМТнинг баҳолашича, аёлларда интернетда онлайн бўлиш имкони етарлича бўлмагани сабаб 2025 йилгача паст ва ўрта даромадли мамлакатлар ўз ЯИМларининг 1,5 трлн долларини йўқотишлари мумкин.


















