Спорт | 15:08 / 06.03.2023
27653
20 дақиқада ўқилади

«Энфилд»да тарихий ўйин, «Барса» «Реал»дан узоқлашмоқда. Ҳафта ўйинлари якунлари

Европа футболида дам олиш кунларида рўй берган асосий воқеалар, голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Англия: «Арсенал» фантастик камбэкни амалга оширди

Манчестер Сити – Ньюкасл 2:0
Голлар: 1:0 – 15 Фоден, 2:0 – 67 Бернарду Силва.
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Рубен Диаш, Аканджи, Аке, Гюндўған, де Брюйне (Бернарду Силва, 65), Грилиш, Родри, Фоден, Ҳоланд.
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Ласселс, Ботман, Берн (Таргетт, 87), Бруно Гимараэс, Лонгстафф (Уиллок, 63), Альмирон (Мерфи, 77), Уилсон (Исак, 63), Жоэлинтон, Гордон (Сен-Максимен, 62).
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон (53), Аке (58), Берн (74), Ҳоланд (74), Бруно Гимараэс (76), Ласселс (90).

Мавсумнинг биринчи даврасида «шайхлар дербиси» жуда қайноқ кечганди. Рақибнинг дастлабки ҳужумларидаёқ гол ўтказиб юборган «Ньюкасл» уч гол билан жавоб қайтарган, аммо «Манчестер Сити» уч дақиқадан ортиқ вақт ичида икки тўп фарқини йўққа чиқарганди (3:3). Шанба куни «Эмирейтс»даги ўйин эса у қадар қизғин кечмади, «қарғалар» танаффусга қадар дарвоза соҳасига аниқ борган бирорта зарба бера олмади. Эдерсон АПЛда «қуруқ» ўйинлари сонини 100 тага етказиб қўйди.

Шу куни ўнг қанотга силжиб ҳаракат қилган Фоден эса рақиб мудофаасини пароканда қилиб ташлади. Вазиятни ўнглашга ҳаракат қилган ҳимоячилар Поупни рикошет туфайли қийин аҳволга тушириб қўйишди ва турнирнинг янги рекорди ўрнатилишига ёрдамлашиб юборишди. Англия чемпионатида ҳали ҳеч ким бундай ёшда (22 йилу 280 кунлик) гол+пас тизимида 50 (33+17) балл жамғармаганди.

Иккинчи бўлимда ўйинга қўшилган Бернарду Силва эса ўйин масаласига узил-кесил нуқта қўйди. Ажойиб формага чиққан португалиялик яримҳимоячи Англияда хайрлашув шоусини ўтказаётгандек, қатор жиддий манбаларга кўра, у аллақачон «Барселона»га ўтиш бўйича келишувга эришиб бўлган, «Сити» ҳам кўк-анорранглиларнинг 65 миллион евролик таклифини қабул қилишга тайёр.

Арсенал – Борнмут 3:2
Голлар: 0:1 – 1 Биллинг, 0:2 – 57 Сенеси, 1:2 – 62 Парти, 2:2 – 70 Уайт, 3:2 – 90+7 Нелсон.
Арсенал – Рэмсдейл, Томиясу (Уайт, 46), Габриэл, Салиба, Зинченко, Парти, Эдегор, Фабиу Виейра (Джака, 84), Сака, Троссард (Смит-Роу, 22; Нелсон, 69), Мартинелли.
Борнмут – Нето, Смит, Стивенс, Сенеси, Мифем, Земура (Фредерикс, 64), Ротуэлл (Кук, 70), Биллинг, Уаттара (Кристи, 82), Соланке, Семеньо (Энтони, 64).

Турнир жадвалида охиргидан олдинги ўринда турган «Борнмут» «Эмирейтс»да тўпни майдон марказидан  ўйинга киритиб, уч пас билан Биллингнинг якуний зарбасига етиб боришини кимдир кутганмиди? Opta маълумотига кўра, ҳакамнинг ўйин бошлангани тўғрисидаги ҳуштаги чалинишидан тўп дарвоза чизиғини кесиб ўтишигача 9,11 сония ўтган. «Арсенал» учун бу шунчаки бахтсиз воқеадек эди, аммо мезбонларнинг тинимсиз ҳужумларидан кейин меҳмонлар бўлим ўрталарида намунали қарши ҳужум уюштиришди ва бу ҳужум фақат Рамсдейлнинг ақл бовар қилмас жонбозлиги туфайли голга айланмади.

Танаффусга қадар ҳисоб 0:1 бўлиб қолиши Микел Артета жамоаси учун у қадар қўрқинчли натижа эмасди, лондонликлар бўлимнинг катта қисмини рақиб ҳудудида ўтказишди ва тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 80 га 20 атрофида бўлди. «Арсенал»да ҳисобни ўзи учун керакли ҳолатга келтириш учун тўлиқ бир бўлим бор эди, аммо лондонликларнинг сон-саноқсиз ҳужумлари фойда келтирмасди, ҳафта ўртасида «Сити» томонидан ўз майдонида тор-мор этилган (1:4) «Борнмут»нинг ҳужумлари эса максимал даражада самарали чиқарди. Биринчи бор бурчакдан тўп ҳаволатиб узатилди ва Сенесининг бош билан зарбасидан кейин таблода сенсацион 0:2 ҳисоби порлай бошлади. «Арсенал»нинг эса бу вақтгача ўндан ошиқ бурчак зарбалари самара келтирмаганди.

Фаворит жамоанинг ҳалокати муқаррардек эди, аммо чемпионлик характери — кўп нарсага қодир. Шу билан бирга ўйинчи алмаштиришлар ҳам иш берди. Биринчи бўлимда жароҳат олган Троссар ўрнига туширилган Смит-Роу боши билан тўпни шу кунги хатоларини ювган Партейга ташлаб берди ва ўйинда бурилиш ясаган гол урилди. Иккинчи жокер — бу сафар ҳам ишончни оқламаган япониялик ҳимоячи Томиясу ўрнига туширилган Уайт бўлди — у Партей бошлаб берган ҳужумда ҳисобни тенглаштирувчи голни урди, кечанинг шубҳасиз қаҳрамони эса Нельсон эди. У иккинчи голга узатма берди, ўйинга қўшиб берилган еттинчи дақиқада эса фантастик гол муаллифига айланди — бурчакдан узатилганган тўп жарима майдони ичидан қайтиб чиққанида уни тўхтатмасдан узоқ бурчакка аниқ йўллади. «Арсенал» навбатдаги иродали ўйини билан чемпионлик графигини давом эттирмоқда.

Челси – Лидс 1:0
Гол: 1:0 – 53 Фофана.
Челси – Аррисабалага, Кулибали, Бадяшил, Фофана, Чилуэлл, Лофтус-Чик (Чалоба, 84), Ковачич (Чуквуэмека, 75), Фернандес (Мадуэке, 84), Ҳавертц, Стерлинг (Закария, 68), Жоау Феликс (Галлаҳер, 68).
Лидс – Мелье, Эйлинг, Вебер, Кох, Фирпо, Адамс, Харрисон (Гринвуд, 80), Маккенни, Ааронсон (Фернандес, 68), Саммервилл, Рюттер (Ньонто, 68).

«Челси» Чемпионлар лигасида «Боруссия»га қарши кечадиган ўйин олдидан ўзига кела бошлади ва 15 январдан буён илк ғалабасига эришди. Грэм Поттер энди ниҳоят енгил тин олиши мумкин – жамоа бунгача қаторасига уч ўйинда ютқазганди. Шу билан бирга, жамоа ҳужум чизиғи оқсашда давом этмоқда. Кўкларнинг сўнгги беш ўйинида фақат бир гол урилганди, энди эса, ўйиндаги ягона гол тўпни боши билан дарвоза тўсини остига йўллаган марказий ҳимоячи Фофана номига ёзилди.

Вулверҳэмптон – Тоттенҳэм 1:0
Гол: 1:0 – 82 Траоре.
Вулверҳэмптон – Жозе Са, Семеду, Доусон, Килмен, Кастро, Сарабия (Матеус Кунья, 67), Лемина (Траоре, 46), Рубен Невеш, Матеуш Нунеш (Моутинью, 67), Диего Коста (Хименес, 28), Нету (Коллинз, 46).
Тоттенҳэм – Форстер, Порро (Эмерсон, 81), Дэвис, Лангле, Ромеро, Перишич, Хейбьерг, Кулусевски (Лукас Моура, 77), Скипп, Ришарлисон, Сон Ҳён Мин, Кейн.

«Тоттенҳэм» — ҳафта омадсизига айланди. Аввалига «шпорлар» чемпионшип вакили «Шеффилд Юнайтед»га ютқазиб, Англия Кубогини тарк этганди. Энди эса, ўйин давомида 21 бор зарба берилганига қарамай, турнир жадвалининг қуйи қисмига яқин жойлашган «Вулверҳэмптон»га ютқазди, Траоренинг футбол симуляторларига хос зарбаси мезбонларга ғалаба келтирди. Лондонликлар жамоаси мухлисларини овунтирадиган ягона жиҳат — бешинчи ўринда келаётган «Ньюкасл» билан орадаги фарқ сақланиб қолгани бўлди, лекин «қарғалар»да захира ўйини бор.

Ливерпул — МЮ 7:0
Голлар: Гакпо (43, 50), Нуньес (47, 75), Салоҳ (66, 83), Фирмино (88).
Ливерпул – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон, Ҳендерсон (Байчетич, 78), Фабиньо (Милнер, 79), Эллиотт (Жонс, 85), Салоҳ, Гакпо (Фирмино, 79), Нуньес (Жота, 78).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Далот, Варан, Мартинес (Маласиа, 77), Шоу, Каземиро (Забитцер, 77), Фред (Мактоминей, 58), Фернандеш, Вегҳорст (Гарначо, 58), Рэшфорд (Эланга, 85), Антони.
Огоҳлантиришлар: Фабиньо (41), Антони (53), Мартинес (61), Мактоминей (64), Салоҳ (84).

Футболда барча нарса яшин тезлигида ўзгаради. Жорий чемпионатнинг учинчи турида лигадаги сўнгги жамоа мақомида «Манчестер Юнайтед» «Ливерпул»ни қабул қилганди ва кўпчилик «қизил иблислар»нинг навбатдаги мағлубиятини кутганди, чунки ўтган мавсумда Юрген Клопп жамоаси бу рақиб дарвозасига икки ўйинда жами 9 та жавобсиз гол йўллаганди. Ўша кунларда Эрик тен Ҳаг атрофида шунчаки салбий фон эмасди — ижтимоий тармоқларда эндигина тайинланган мураббийни истеъфога чиқаришни талаб этишаётганди. Аммо «МЮ» ўша ўйинда ғолиб бўлди ва кўтарилишни бошлади, феврал ойида эса жамоа сўнгги олти йилликдаги илк совринини қўлга киритди — Англия лигаси кубоги.

Ярим йил ўтиб барчаси ўзгариб кетди. Агар ёзда «Ливерпул» жаҳоннинг энг кучли жамоаларидан бири сифатида қаралган бўлса (жамоа ўтган мавсум охирида совринлар покерини нишонлашга жуда яқин бўлганди), энди эса қизиллар ЕЧЛ нимчорак финалида «Реал»дан ўз уйида бешта гол қабул қилиб борди ва энг яхши ҳолатда фақат топ-4 учун курашиши мумкин. «МЮ» эса уйғонган ва Криштиану Роналду кетганидан кейин деярли мағлуб бўлмай қўйганди.

Бундай ғалати трансформацияни «Ливерпул» фанатлари томонидан ўтказилган акция ҳам аниқ ифодалайди. Ўйин аввалида «Энфилд» устидан самолёт учиб ўтди, унга қуйидаги ёзувлар акс этган баннер илинганди: «FSG — йўқол, Клопп — эса йўқ. Етар». Ҳайратланарли картина: кўп йиллардан буён «МЮ» мухлислари жамоа раҳбари ўзгаришини хоҳлашади, аммо «Ливерпул» мухлислари илк бор клуб босслари кетишини бу тарзда шов-шув билан талаб этишди. FSG компанияси ноябр ойида «Ливерпул»ни сотувга қўйганди.

Лига Кубогидаги ғолиблик ва Европа Лигасида «Барселона»дан ўтилганидан кейин «МЮ»дан яна бир кучли ўйин кутилганди. Тен Ҳаг таркибда глобал ўзгаришлар амалга оширмади, аммо яна ҳужум гуруҳи вакиллари жойлашувини ўзгартириб ташлади: бу сафар Рэшфорд ҳужум учига чиқарилди, Вегҳорст — ортга сурилди («Камп Ноу»да бўлгани каби), чапда эса кутилмаганда Бруну Фернандеш пайдо бўлди. Португалиялик учун бу ҳужумдаги қулай позиция эмас — жорий мавсумда у чап қанотга жуда кам, фақат айрим эпизодларда ўтган. Шунга қарамай, ўйиндаги илк ҳақиқий голли вазият айнан унинг иштирокида бўлди, 26-дақиқада у Далотнинг узатмасини боши билан голга айлантиришга яқин келди.

«МЮ» дастлабки 30-40 дақиқаликда рақибга қараганда кўпроқ ҳужум уюштирди ва тўпга кўп эгалик қилмади, аммо ҳужумлар якунида хавфлироқ ҳаракат қилди. Бу вақт ичида Брунудан ташқари Антони ва Рэшфордда қулай вазиятлар бўлди. «Ливерпул» эса кўпроқ жарима майдони ташқарисидан зарбалар берди, аммо 43-дақиқага қадар бирор зарба дарвоза соҳасига аниқ бормаётганди. Кейин эса гол рўй берди.

Гакпонинг аниқ зарбаси икки сабабга кўра қизиқ. Биринчидан, бутун куз бўйи нидерландиялик футболчи учун устувор вариант — «МЮ» экани ҳақида хабарлар чиқиб турди, аммо жаҳон чемпионатидан кейин у кутилмаганда «Ливерпул» сафига ўтди. Иккинчидан, кўп миллионга сотиб олинган форвард жуда ёмон старт қилди: мерсисайдликлар футболкасидаги дастлабки олти ўйинда Коди гол ҳам, голли узатма ҳам амалга оширмади ва у навбатдаги муваффақиятсиз трансферга айлангани ҳақида фикрлар янграй бошлади. Аммо футболчига мослашиш учун фақат вақт керак бўлгани ойдинлашди.

Танаффусда тен Ҳаг жиддий ўзгаришлар амалга оширмади ва бунинг учун афсуслангани тайин. Ҳа, «МЮ» биринчи бўлимда рақибга қараганда ёмонроқ кўринмаганди, аммо «Ливерпул» камида руҳий устунлик эвазига ҳисобда олдинга чиқиб олганди. Жамоалар танаффусдан қайтиши билан жарима майдони ичида бўш қолдирилган Нуньес иккинчи голни урди, кейин эса Гакпо дублни расмийлаштирди ва яна бир бор «МЮ»га салом йўллади.

Ўйиндан олдин кучсиз бўлиб кўринган «Ливерпул» ва кучлироқ бўлиб кўринган «Юнайтед» ўртасидаги ўйиннинг 50-дақиқасига келиб ҳисоб 3:0 кўринишини олиши — сюрреалистик эди. Аммо мезбонлар бу билан тўхтамади: Мавсумни аввалгиларига қараганда нурсизроқ ўтказаётган Салоҳ ҳам уйғонди ва гол урди, кейин эса Дарвин ҳисобни 5:0 кўринишига етказди. Бу ўтган мавсумда «Олд Траффорд»да юқори формада бўлган «Ливерпул» ва инқироздаги «МЮ» ўртасида ўтган ўйин натижаси такрорланиши эди. Бошқа сўз билан айтганда, ўшанда бундай натижани қандайдир сабаб билан изоҳлаш мумкин эди. Ҳозир эса — буни тушунтириб бўлмайди.

Клопп жамоаси бу билан ҳам тўхтамади. Салоҳ дубл қайд этди ва бу голни сариқ карточка олиши аниқлигини билса ҳам футболкасини ечиб нишонлади — у энди афсонавий Робби Фаулерни (128 гол) ортда қолдирган ҳолда «Ливерпул» сафида АПЛда энг кўп гол урган футболчига айланди. 88-дақиқада эса жамоада сўнгги мавсумини ўтказаётган Фирмино якуний ҳисобни ўрнатди. Мезбонлар ўйин давомида рақиб дарвозаси томон жами саккизта зарба беришди ва шундан еттитаси голга айланди. 7:0 — бу фонда Клоппнинг ўйин олдидан айтган сўзлари кулгили кўринади, у «МЮ»ни «натижага эришадиган машина» деб атаганди.

Бу кўп йиллар давомида эслаб юриладиган фантастик ва тарихий натижа бўлди. «Қизил иблислар» сўнгги бор 1931 йилда шундай йирик ҳисобда мағлуб бўлишган. Бу натижа турнир жадвалидаги вазиятга ҳам жиддий таъсир ўтказади: беш ўйиндан буён ютқазмаётган «Ливерпул» бешинчи ўринга кўтарилди ва Чемпионлар лигаси ҳудудига максимал даражада яқинлашди, «МЮ» эса амалда бош соврин билан хайрлашди. Чемпионлар бундай ютқазмайди.

Испания: каталонча минимализм ва «Реал»да қурғоқчилик

Атлетико — Севилья 6:1
Голлар: Депай (23, 26), Гризманн (53), Гризманн (69), Мората (76, 90+2) — Ан-Носири (39). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Ракитич (74).
Атлетико – Облак, Савич, Хименес, Эрмосо, Карраско (Мартин, 86), Коке (Сауль, 78), Витцель, Лемар (Барриос, 64), Льоренте (Доэрти, 78), Гризманн, Депай (Мората, 64).
Севилья – Буну, Монтьель (Навас, 86), Гудель, Ньянзу, Акунья, Ракитич (Теллес, 78), Жордан, Гуйе, Окампос (Рафа Мир, 86), Сусо (Оливер Торрес, 68), Ан-Носири (Хиль, 78).
Огоҳлантиришлар: Гуйе (25), Хименес (40), Акунья (55), Монтьель (81).
Четлатиш: Гуйе (80).

«Барселона»дан трансфер бўлгач Депай ўзини тартибга келтирди, формасини тиклади ва дастлабки ўйинларда захирадан тушиш билан чекланди. Унинг «Сельта» устидан ғалаба келтирган илк голини бир ой кутишга тўғри келди. Аммо шанба куни Диего Симеоне Депай ниҳоят бошланғич таркибдан ўрин олишга тайёр деб топди ва адашмади.

Форварднинг биринчи голи кўп жиҳатдан унга ассистентлик қилган Гризманнинг хизмати бўлса, иккинчи муваффақият — индивидуал маҳорат намунаси бўлди. Депай ижросида анчадан буён унга хос бўлган бундай узоқ масофадан йўлланган зарба кузатилмаганди.

Бу зарба «Севилья»нинг таҳқирланиши билан якунланган ўйин оҳангини белгилаб берди. Андалусияликлар тор-мор этилишида Гризманн «матрасчилар» сафидаги 150-голини номига ёзиб қўйди. Ундан олдинда ўтмиш юлдузлари Луис Арагонес (172) ва Адриан Эскудеро (169) бор. Француз футболчиси Арагонеснинг мураббийликдаги рекордларини йўққа чиқараётган Симеонедан қолишмаяпти. Аргентиналик мутахассис шу куни «Атлетико» бошқарувидаги ўйинлар сони бўйича (613) Арагонесни ортда қолдирган ҳолда, мутлақ рекордчига айланди.

Барселона — Валенсия 1:0
Гол: Рафинья (15). 
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Торрес (55).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Кристенсен, Араухо, Бальде, Роберто (Гарсия, 81), Бускетс, де Йонг (Кессиэ, 46), Рафинья (Аларкон, 87), Ферран Торрес, Фати (Алонсо, 61).
Валенсия – Мамардашвили, Тьерри Коррейя (Кастильехо, 62), Фулькье, Жемерт (Диакаби, 55), Ўзкажар, Хесус Васкес, Гильямон, Алмейда (Муса, 78), Мориба (Франсиско Перес, 62), Дуро, Лино (Клюйверт, 78).
Четлатиш: Араухо (59).

Ўтган турда бешинчи сариқ карточка олиб, дисквалификация қилинган Хави ўйин арафасида шундай киноя қилди: «Барселона» — жаҳондаги ишлаш энг қийин бўлган жой. Сиз «Реал»ни унинг майдонида мағлуб этасиз, аммо тўпга эгалик қилиш бўйича пастроқ кўрсаткич туфайли бу муваффақиятни ишончсиз деб баҳолашади. Сиз доимо ишончли ғалабага эришишингиз талаб этилади».

«Валенсия»га қарши ўйинни кўк-анорранглилар захира ўриндиғида бош мураббий ёрдамчиси — унинг акаси Оскар Эрнандес бошқарди, каталонларда Левандовски ҳам, Педри ҳам, Дембеле ҳам сафга қайтмаган, Гави эса дисквалификацияни ўташи керак эди. Аммо бу Бускетс тўпни жарима майдонига ошириб берганида у ерда рақиб дарвозабони Мамардашвили тўпга чиқишда хатога йўл қўйиб, Рафинья ҳисобни очишига тўсқинлик қилмади.

Бўлим охирларида эса Ферран Торрес ўз жамоаси дарвозаси томон эҳтиётсизлик билан пас узатди, Тер Штеген эса шошилиб тўпни рақиб оёғига ташлаб берди. Мезбонлар бахтига Самуэл Лино бундай совғадан фойдалана олмади ва тўпни дарвоза тўсини юқорисидан тепди. Кейинги вазиятда эса каталонияликлар тўпни жарима майдонидан узоқлаштиришда хато қилишди, аммо айни вақтда «Валенсия»га ижарага берилган «Барса» футболчиси Мориба ўзига келиб тушган тўпни дарвозага йўллай олмади.

Бундай сценарийга иккинчи бўлим бошида Торрес пеналтидан фойдалана олмаслиги қўшилди. Кейинги вазиятда эса Фатининг зарбаси устунга тегди, ундан кейин Кунде интригани кучайтирди. Француз боши билан тўпни шундай омадсиз ўйнадики, Араухо рақиб ҳужумчиси дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб кетмаслиги учун қизил карточка берилишини англаб турган бўлса-да, «сўнгги умид фоли»ни амалга оширди. Шунинг учун «Барса» қолган вақт давомида «Сантьяго Бернабеу»да бўлгани каби натижани сақлаб қолиш учун ўйнашига тўғри келди. Бу идеал даражада бажарилди.

Ғолиб жамоани айблаб бўлмайди. Каталонияликлар турнирда рекорд даражада, саккиз марта 1:0 ҳисоби қайд этишди — бу шунчаки минимализм эмас, балки натижани кўзлаган ҳолда ўйнаш. Одатда бундай мақсадли ўйин чемпионликка олиб боради.

Бетис — Реал 0:0
Бетис – Браво, Сабали, Песселья, Луис Фелипе, Миранда (Абнер, 87), Руибаль (Хоакин, 87), Карвалью (Гуардадо, 80), Родригес, Родри, Перес (Луис Энрике, 71), Иглесиас (Виллиан Жозе, 71).
Реал – Куртуа, Рюдигер, Милитао, Вальверде, Камавинга (Начо, 63), Кроос (Родригес, 87), Тчуамени (Себальос, 64), Васкес (Карвахаль, 59), Бензема, Родриго, Винисиус.
Огоҳлантиришлар: Камавинга (25), Карвалью (45), Сабали (51), Иглесиас (51), Родриго (59), Милитао (59), Винисиус (84).

Бу турда «Реал» ҳам қийин ўйин ўтказди, жамоа ЕЧЛда «Ливерпул»га қарши ўйинда голларнинг ойлик нормасини бажариб қўйгандек туюлмоқда. Бу ўйин дарвозабонларга аталди, дисквалификацияга учраган Модричсиз ҳаракат қилган мадридликлар Бравони ҳайрон қолдира олмади, жумладан шу куни у қадар ёрқин ўйин кўрсата олмаган Винисиус Жуниорнинг қанотдан узатмаси Бензема томонидан дарвозага йўлланганида ҳам. Шунингдек қулай вазиятларда Дани Себальос ва Родриго тўпни дарвозага аниқ йўналтира олмади.

Шу кеча VAR ҳам «Қироллик клуби» фойдасига ишламади. Лекин ҳакамларга савол йўқ, Винисиусга фол жарима майдони чизиғидан бир неча сантиметр берида ишлатилди, Бенземанинг ўйин бошида жарима зарбасидан урган голи эса зарба траекториясига тўп жонли деворда турган Рюдигернинг қўлига тегиб ўтиши таъсир кўрсатди. Ўз навбатида меҳмонлар ҳам фақат Куртуанинг ақл бовар қилмас реакцияси туфайли гол ўтказишмади, белгиялик посбон ўйин охирларида Борхи Иглесиаснинг яқин масофадан берган зарбасини ҳам тўсди. Энди Мадрид жамоаси «Барса»дан тўққиз очко ортда қолмоқда — бу эса амалда чемпионлик интригасига ҳукм ўқилиши демакдир.

Мавзуга оид