Жаҳон | 17:03 / 06.03.2023
5160
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Украинага қарши тажовуз бўйича тергов тафсилотларини эълон қилди

Фото: AP

Украинага қарши босқинчилик жиноятини тергов қилиш халқаро маркази ёз бошида Ҳаагада иш бошлаши керак, унинг асосий тузилмаларини яратиш икки ой ичида якунланади, деб хабар қилди Европа комиссияси вакили Кристиан Виганд Брюсселдаги брифингда

Ушбу марказ ҳам алоҳида давлатлар даражасида, ҳам халқаро миқёсда бўлажак суд жараёнлари учун далилларни сақлайди ва таҳлил қилади. 

Марказ Украинага қарши босқинчилик жинояти бўйича жиноий иш қўзғаш учун келажакдаги ишларга тайёргарлик кўриш мақсадида прокурорларни бирлаштиради. 

Босқинчилик жиноятига оид далиллар марказий тарзда хавфсиз жойда сақланади, дея таъкидлаб ўтди Европа комиссияси.

Бундан олдин Ҳаагада Украинага қарши тажовуз жиноятини тергов қилиш халқаро маркази июль ойида иш бошлаши маълум қилинганди. Бу ҳақда 17 февраль куни Брюсселда Украина бош прокурори Андрей Костин билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида адлия бўйича Европа комиссари Дидье Рейндерс маълум қилди. 

«Жорий йилнинг июль ойида марказ тўлиқ ишга тушади», деб ваъда берди Рейндерс. Еврокомиссарнинг сўзларига кўра, ушбу марказ Европа Иттифоқига аъзо олти давлат ва Украина томонидан тузилган қўшма тергов гуруҳига бириктирилади ҳамда Халқаро жиноий суд билан яқин ҳамкорлик қилади. 

«Далилларни тўплаш ва келажакдаги суд жараёнлари учун сақлаш керак», деди Рейндерс. Унинг сўзларига кўра, у Костин билан жиноятни тергов қилиш ва махсус трибуналнинг навбатдаги қадамлари ҳақида гаплашган. «Унинг учун юрисдикцияни топиш муҳим», деб таъкидлади Европа комиссари ва бу жараён босқичма-босқич давом этаётганини қўшимча қилди.

Мавзуга оид