Жаҳон | 20:49 / 02.02.2026
5807
2 дақиқада ўқилади

Европарламентда Европа Иттифоқининг Қирғизистонга нисбатан сиёсати танқид қилинди

Франциялик депутат Қирғизистонга нисбатан киритилаётган эҳтимолий санкциялардан қайтарди.

Фото: AFP

Франциялик депутат Терри Мариани Қирғизистонга босим ўтказишнинг мақсадга мувофиқлигига шубҳа қилди. Унинг сўзларига кўра, ЕИ мамлакатнинг реал иқтисодий ва геосиёсий шароитларини ҳисобга олмайди ва мулоқот ўрнига қаттиқ риторикадан фойдаланади.

Мариани Қирғизистон тарихан Россия билан боғлиқлигини эслатиб, агар Россиядан чиқариб юборилса, Европа икки миллион меҳнат мигрантини қабул қилишга тайёрми, деб сўради.

Депутат, шунингдек, президент Садир Жапаров жамоатчилик томонидан юқори даражада қўллаб-қувватланаётганини таъкидлади. Унинг баҳолашича, Жапаров давлат яхлитлиги ва ҳокимият институтлари фаолиятига таҳдид солаётган жиноий ва мафия тузилмаларига қарши курашиш бўйича қатъий курс олиб борган, жумладан, ҳар доим ҳам бир хил баҳо берилмайдиган «радикал усулларни» қўллаган.

Шу билан бирга, сиёсатчи мамлакатни изоляция қилишни тўғри деб ҳисобламаслигини таъкидлади ва Бишкек билан мулоқот ва алоқаларни давом эттириш тарафдори эканини айтиб, стигматизация тескари таъсирга олиб келиши ва Қирғизистонни Европа Иттифоқи, аксинча, ундан узоқлашишга уринаётган ҳамкорлар билан яқинлашишга ундаши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Россияга қарши 20-пакет санкциялар доирасида Қирғизистонга нисбатан биринчи марта махсус чоралар жорий этишни кўриб чиқаётгани маълум бўлган эди. Бу санкциялар муҳокамаси Россиянинг Украинадаги урушдаги ҳаракатларига қарши кураш доирасида олиб борилаётган кенгайтирилган чоралар билан боғлиқ.

ЕИ Қирғизистонни Россия билан савдо йўлларида муҳим нуқтага айлангани ва айрим Европа товарларининг Россияга киришида транзит нуқтаси бўлиб хизмат қилганликда гумонламоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид