Россия Донбасс шаҳарларини ўққа тутмоқда, Бахмут атрофидан эвакуация давом этмоқда. Уруш суратлари
Украинадаги урушнинг 376-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ҳамда Донбассдаги қўшинлар бошлиғи, «Хортица» қўшинлар тезкор-стратегик гуруҳи қўмондони Олександр Сирский Володимир Зеленскийнинг саволига жавобан Бахмут мудофаасини давом эттириш зарурлигини айтишди.
- The New York Times нашри ёзишича, Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучларининг ўт очиш позицияларини очиш учун «аскарларни онгли равишда ўлимга юбормоқда». Украиналик ҳарбийлар россияликларнинг олдинги чизиқдаги штурм отрядлари сафларида «қурбонлар жуда кўплиги»ни айтган. Бахмут учун жангларда «Вагнер» ХҲК шундай тактика қўлламоқда.
- РФ мудофаа вазирлиги Сергей Шойгу Мариуполга келгани ҳақида хабар берди. Идоранинг тасдиқлашича, Шойгу «фойдаланишга топширилган объектлар тайёрлиги ва қурилаётган бино ва иншоотлардаги ишларнинг боришини кўздан кечирган», шунингдек Ростов областидан «ДХР» ҳудудига сув қувури ўтказилиши бўйича ҳисоботни тинглаган.
Часив Ярдаги вазият
Часив Яр — Донецк областининг Бахмутдан 13 километр ғарбда жойлашган шаҳри. Украина қуролли кучларининг Бахмут йўналишидаги асосий таъминот йўлларидан бири шу шаҳар орқали ўтади. Бу — кенг кўламли урушнинг сўнгги етти ойлигидаги энг шиддатли жанглар кечаётган йўналиш бўлиб қолмоқда.
Кўплаб ҳарбий экспертлар — Ғарбдагилар ҳам, Россия ва Украинадагилар ҳам РФ армияси Бахмутни яқин вақтлар ичида эгаллаши мумкинлигини айтишмоқда. Мунтазам равишда отишмаларга қарамай Часив Ярда қолган аҳоли ертўлаларда жон сақлашга, шунингдек электр таъминотидаги узилишлар туфайли уйларнинг подъезларида ўт ёқишга мажбур бўлишмоқда. Қуйида Россия қўшини Бахмут атрофига яқинлашиб келган маҳалда Часив Ярда кузатилаётган вазият акс этган суратлар.
Бахмут атрофидаги шаҳар ва қишлоқлардан эвакуация
Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) тасдиқлашича, Бахмут учун жангларда Россия «Вагнер»нинг энг яхши бўлинмаларидан айрилган. Аммо экспертлар фикрича, якуний жангларда хусусий ҳарбий компания штурмчи бўлинмалари яна муҳим рол ўйнамоқда.
Володимир Зеленский 6 март куни кечқурунги мурожаатида Бахмут мудофаасини давом эттириш қарорига изоҳ бераркан, шаҳар учун жанглар «бутун уруш давомидаги энг катта натижалардан бирини бераётгани»ни айтди. Президент «Украина ташлаб кетиши мумкин бўлган қисми йўқлиги, шу билан бирга, украин жангчилари қатъияти ва қаҳрамонлиги қадрланмайдиган окоп ҳам йўқлиги»ни қўшимча қилган.
Бахмут учун жанглар давом этаркан, унинг атрофидаги шаҳар ва қишлоқлардан имкон қадар кўп миқдорда тинч аҳоли вакилларини олиб кетишга уринишмоқда.
Украин аскари дафн маросими
Краматорск ўққа тутилиши оқибатлари
6 мартга ўтар кечаси Россия қўшини Донецк областининг Краматорск шаҳрига зарбалар йўллади. Ракеталардан бири мактаб биносига келиб тушган, қолганлари 15 та турар жой биносига шикаст етказган. Шаҳар мэри Олександр Гончаренкога кўра, ҳужум вақтида жароҳат олганлар йўқ.
Константиновкада ўт ўчирувчилар фаолияти