Жаҳон | 08:37 / 07.03.2023
8301
3 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғдаги вазият кескинлашганидан хавотир билдирди

Европа Иттифоқи Қорабоғ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида содир бўлган отишма натижасида беш киши ҳалок бўлган Тоғли Қорабоғда зўравонлик авж олган ҳолатларни текширишни талаб қилди.

Фото: AFP

Европа Иттифоқи Тоғли Қорабоғда «камида беш кишининг ўлимига» олиб келган яна бир зўравонлик ҳолати авж олганидан хавотир билдирди. «Ушбу ҳалокатли ҳодисанинг ҳолатлари тўлиқ текширилиши керак», деди Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати вакили Питер Стано 6 март, душанба куни берган баёнотида.

Европа Иттифоқи «минтақавий барқарорликка янада путур етказиши ва тинчлик жараёнига хавф солиши мумкин бўлган ҳар қандай кейинги ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча манфаатдор томонларни вазминлик кўрсатишга» чақирди.

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги 5 март куни Тоғли Қорабоғ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида содир бўлган отишмада беш киши ҳалок бўлганини таъкидлади – уч нафар қорабоғлик ходим ва икки нафар Озарбойжон аскари. Икки томондан яна бир киши яраланган. «Россия тинчликпарвар кучларининг саъй-ҳаракатлари билан тўқнашув тўхтатилди», дейилади Россия Мудофаа вазирлиги бюллетенида Россия тинчликпарвар контингентининг Тоғли Қорабоғ можароси ҳудудидаги фаолияти ҳақида.

Озарбойжон Арманистонни провокацияда айблади. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, арман томони Ханкенди-Халфали-Турсу автомобиль йўли бўйлаб ноқонуний равишда ҳарбий техника ва аскарларни ўтказишга уринган. Отишма шубҳали автомобилни тўхтатиш ва текширишга уриниш бўлганида бошланган. Озарбойжон Мудофаа вазирлиги ультиматумда арман бўлинмаларини Қорабоғдан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. «Бундай ҳарбий провокацияларнинг олдини олиш учун Озарбойжон томони уч томонлама декларациянинг бажарилишини, Арманистондан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, шахсий таркиб ва   миналарни ноқонуний олиб ўтишни тўхтатишни, шунингдек, Арманистон қуролли кучларини Озарбойжон ҳудудларидан зудлик билан олиб чиқиб кетишни талаб қилади», дейилади вазирлик баёнотида.

Ўз навбатида, Арманистон содир бўлган воқеаларда Озарбойжонни айблади. Ереван ҳарбий хизматчилар ва қурол-яроғ ташилгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, биринчи бўлиб Озарбойжон ҳарбийлари ўт очганини айтди.

Мавзуга оид