Жаҳон | 11:00 / 08.03.2023
7885
2 дақиқада ўқилади

AI Украинадаги аёллар учун урушнинг иккинчи йили таҳдидлари ҳақида маълум қилди

Украиналик аёллар гендер асосидаги зўравонлик хавфи, ўз яқинларига ғамхўрлик қилиш юки ва катта стрессга дуч келмоқда, дея таъкидлайди ҳуқуқ ҳимоячилари халқаро ҳамжамиятни аёллар билан бирдамликка чақириб. 

Фото: AP

Россиянинг Украинага тўлиқ миқёсли ҳарбий бостириб кириши, иккинчи йилдирки, мамлакатдаги аёлларнинг руҳий, жисмоний ва репродуктив саломатлигига путур етказмоқда. Улар гендер асосидаги зўравонлик таҳдиди, яқинларига ғамхўрлик қилишнинг оғир юки, катта стрессга дуч келишади. Бу ҳақда Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг 8 март, чоршанба куни чоп этилган ва Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган ҳисоботида айтилади. 

«Аёллар доимий равишда Россия томонидан бошланган бу шафқатсиз босқинчилик урушининг олдинги сафларида турибди - аскарлар, шифокорлар ва ҳамширалар, кўнгиллилар, ички кўчирилганлар, қочқинлар ва кўпинча - ҳалок бўлганлар ҳамда ярадорлар сифатида», деди Amnesty International Германия бўлими бош котиби ўринбосари Юлия Духров.

«Аёллар жинсий ва гендер асосидаги зўравонлик даражасининг ортиб бориши ва соғлиғига хатарлар билан бирга, ўз оилалари ҳаётига таъсир қиладиган муҳим қарорлар қабул қилишга мажбур бўлмоқда», деди Духров. Шу билан бирга, аёллар кўпинча қарор қабул қилишдан четлаштирилади ва уларнинг ҳуқуқ ва эҳтиёжлари эътиборга олинмайди, дея қўшимча қилди у. 

Украинанинг уруш давом этаётган ҳудудларида зўравонлик таҳдидининг кучайишига сабаб бўлган сабаблар қаторида ҳуқуқ ҳимоячилари хавфсиз муҳит ва қонун устуворлигининг йўқлиги, ҳужум қилган томоннинг тўлиқ жазоланмаслиги, оккупацион ҳукуматга ишончсизлик, шунингдек, жинсий зўравонлик ҳақида гапиришга журъат этганларни қоралаш кабиларни келтирмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид