09:58 / 08.03.2023
4730

ЕИ 8 март муносабати билан Россия ҳарбийлари ва полициячиларига қарши санкциялар киритди

Ҳарбий қисмлари Украинада мунтазам равишда жинсий зўравонлик содир этган икки россиялик зобит, шунингдек, Москвадаги урушга қарши намойишлар иштирокчиларини қийноққа солишда иштирок этган икки полициячи энди Европа Иттифоқи санкциялари остида.

Фото: AP

Европа Иттифоқи Кенгаши 7 март, сешанба куни турли мамлакатлардан тўққиз нафар жисмоний ва уч юридик шахсга нисбатан инсон ҳуқуқлари, хусусан, жинсий зўравонлик учун жазо чораларини қўллади. Улар орасида тўрт нафар россиялик – икки ҳарбий ва икки полициячи ҳам бор.

Россия Қуролли кучлари офицерлари Николай Кузнецов ва Рамил Ибатуллин Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, чунки уларнинг бўлинмалари Россиянинг Украинага ноқонуний бостириб киришида иштирок этган ва улар қўмондонлиги остидаги ҳарбийлар 2022 йил баҳорида Украинада жинсий зўравонлик ва зўрлаш ҳаракатларида мунтазам иштирок этган, дейилади Европа Иттифоқининг расмий журналида.

Росгвардиянинг Дзержинский номидаги дивизиони махсус кучлар отряди қўмондони генерал-майор Кузнецов «Украинада инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, жумладан, мунтазам жинсий ва гендер зўравонликлари учун масъулдир», дея маълум қилди Брюссел.

Иккинчи рус ҳарбийси, 90-гвардия танк дивизиясининг собиқ қўмондони полковник Ибатуллин 2014-2017 йилларда Донбассдаги рус кучлари таркибида хизмат қилган, 2022 йил март ойида эса унинг қўмондонлиги остидаги дивизия Черниҳив ва Киевга ҳужумда иштирок этган. «Ҳужум чоғида унинг бўлинмаси зобитлари Украинанинг тинч аҳолисига нисбатан жинсий ва гендер зўравонлик ҳаракатларини амалга оширган. Бу фактлар оммага маълум бўлгач, Россия Мудофаа вазирлиги Ибатуллинга полковник унвонини берди», — дейилади ҳужжатда.

Россия томонидан босиб олинган Украина ҳудудларида содир бўлаётган жинсий зўравонлик ҳаракатларининг кўлами ва жиддийлиги «тизимли режалаштириш»дан далолат беради ва рус қўмондонлари Украинада ҳарбийлар жинсий зўравонлик ҳолатларини содир этаётганидан хабардор ва баъзи ҳолларда буни «рағбатлантиради ёки ҳатто бу ҳақда буйруқ беради», дейилади маълумотда.

Европа Иттифоқи санкциялари остида қолган Москва полицияси ходимлари Александр Федоринов ва Иван Рябовлардир. Федоринов Москвадаги полиция бўлинмаси бошлиғи в.б. сифатида 2022 йилнинг март ойида урушга қарши намойишларда қатнашган аёлларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, шунингдек, кейинчалик қийноққа солишга рухсат берган, дейилади ЕИ расмий журналида. «Шундай қилиб, Александр Георгиевич Федоринов Россияда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, хусусан, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, тизимли жинсий ва гендер зўравонликлари учун жавобгардир», - дейилади ҳужжатда.

Худди шу бўлинма ходими Рябов, Федориновнинг буйруғи билан 2022 йил март ойида урушга қарши намойишларда қатнашган аёлларни ўзбошимчалик билан ҳибсга олган ва қийноққа солган, дея таъкидлайди Брюссел: «Жабрланувчилар уларни калтаклашгани, пластик қоплар билан бўғишгани ҳақида хабар берди. Бу ходим уларни олти соат давомида жисмонан ва оғзаки ҳақорат қилган. Шу тариқа, Иван Рябов Россияда инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши, хусусан, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат, шунингдек, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш учун жавобгардир».

Top