Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Грэм: Трамп Россия бўйича санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасига “яшил чироқ” ёқди
РФ нефтини сотиб оладиган мамлакатларга нисбатан санкциялар жорий этиш имконини берадиган қонун лойиҳасининг ҳаммуаллифи — республикачи сенатор Линдси Грэм АҚШ президенти ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.
Фото: Amir Levy / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой, Ҳиндистон, Бразилия ва Россия нефтини сотиб олаётган бошқа давлатларга нисбатан санкциялар жорий этиш имконини берувчи икки партияли қонун лойиҳасига “яшил чироқ” ёқди. Бу ҳақда 8 январ, пайшанба куни мазкур ташаббус муаллифларидан бири — Жанубий Каролинадан сайланган республикачи сенатор Линдси Грэм X’даги микроблогида хабар қилди.
Қонун лойиҳасини Грэм демократ сенатор Ричард Блюментал ва бошқа сенаторлар билан ҳамкорликда ишлаб чиққан ва 2025 йил апрелида тақдим этган. Ҳозирда 80 нафардан ортиқ сенатор қўллаб-қувватлаётган ушбу ҳужжат Россиядан нефт, газ, уран ва бошқа маҳсулотларни сотиб олаётган мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга 500 фоизлик бож жорий этишни назарда тутади.
8 январда X’даги постида Грэм бу қонунни ҳозир қабул қилиш ўз вақтида бўлишини айтди, “чунки Украина тинчлик учун ён беришларга боряпти, Россия эса фақат гапириб, айни пайтда бегуноҳларни ўлдиришда давом этяпти”, деган фикрни билдирди. “Бу қонун лойиҳаси президент Трампга арзон Россия нефтини сотиб олаётган мамлакатларни жазолаш имконини беради — бу эса Путиннинг ҳарбий машинасига ёнилғи бермоқда”, — дея қўшимча қилди у.
Линдси Грэм ўз қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш АҚШ Конгрессида келаси ҳафтанинг бошидаёқ ўтиши мумкинлигини кутмоқда. Reuters агентлиги эслатишича, Сенат ва Ваколатлар палатасидаги республикачилар ҳамда демократлар раҳбарлари ташаббусни овоз беришга олиб чиқишга шошилмаган, чунки Доналд Трамп дунёда Россия нефтини энг кўп сотиб оладиган иккинчи мамлакат — Хитойдан кейин турадиган Ҳиндистондан келадиган товарларга оширилган бож жорий этишни афзал кўрган.
2025 йил ноябрида агентлик номаълум америкалик мансабдорга таяниб хабар берганидек, агар қонун матни унга санкциялар жорий этилишини назорат қилиш ваколатини сақлаб қолиш имконини берса, Трамп тегишли қонунни имзолашга тайёр.
Мавзуга оид
22:43 / 08.01.2026
Ироқ «Лукойл»нинг энг йирик хорижий активини миллийлаштиради
20:46 / 08.01.2026
Трамп аввалроқ «касал» деб атаган Колумбия президенти билан суҳбатлашди
14:59 / 08.01.2026
Днипрода Россия дронлари ҳужумида етти киши жабрланди
08:37 / 08.01.2026