Жаҳон | 15:32 / 10.03.2023
28571
7 дақиқада ўқилади

Украина бўйлаб «қасос зарбаси» оқибатлари, Бахмутда қолаётган аскарлар. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 379-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия армияси Украина ҳудудлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Украина қуролли кучлари бош қўмондони мамлакат ҳарбийлари 81 ракетадан 42 тасини уриб туширганини маълум қилди. РФ мудофаа вазирлиги буни «Брянск областидаги терактларга жавоб» деб атади.
  • Украинанинг қатор шаҳарларида электр ва иситиш таъминоти фавқулодда ўчирилди. Кун давомида Запорижжя АЭС электр таъминотидан узилиб қолди.
  • Украина қуролли кучлари россиялик ҳарбийлар украиналик ҳарбий асрни қатл этгани акс этган видеодаги ҳарбий шахсига аниқлик киритди (бу воқеа қачон ва қаерда бўлгани, ким томонидан съёмка қилингани номаълум). Бу Чернигив области ҳудудий мудофаа қисми жангчиси Олександр Мациевский бўлган.
  • Украина қуролли кучлари Шарқий қўшинлар гуруҳи вакили Сергей Череватий «Бахмут яқин кунларда қулаши» ҳақида айтган НАТО бош котиби Йенс Столтенбергнинг сўзларига муносабат билдирди. Череватийнинг ҳисоблашича, алянсдагилар «вазиятдан тўлиқ хабардор эмас».

Куннинг асосий воқеаси. Украина ҳудуди ёппасига ўққа тутилди

9 март тонгида Россия қўшини Украина ҳудуди бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Кўплаб регионларда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган. Маҳаллий расмийларга кўра, Киев шаҳри, Одесса, Миколайив, Днипро, Харкив, Запорижжя, Житомир, Киев, Ивано-Франковская, Хмельницкая ва Тернопил областларига ҳужум қилинган. Тинч аҳоли вакиллари орасида камида олти киши ҳалок бўлгани маълум.

«Энергоатом» россияликларнинг 9 март тонгидаги зарбалари оқибатида Запорижжя АЭС тўлиқ ўчиб қолганини хабар қилди. «Укрзалізниця» («Украина темирйўллари») компанияси камида 15 поезд рейси кечиктирилгани ҳақида хабар берди.

РФ мудофаа вазирлиги бу «2 март куни Брянск областида Киев режими томонидан уюштирилган террорчилик акцияси»га жавобан амалга оширилган «қасос зарбаси» бўлганини маълум қилди.

Қуйида Украинанинг турли шаҳарларида ёппасига ракета зарбалари оқибатлари акс этган суратлар.

Россияликларнинг чегарадош Белгороддан Харкив томонга учирилган уч ракетаси
Vadim Belikov / AP / Scanpix / LETA
Херсонда ҳалок бўлган тинч аҳоли вакиллари жасадлари атрофида турган қутқарувчилар ва полициячилар
Ivan Antypenko / Reuters / Scanpix / LETA
Харкивда яшовчи аёл снаряд парчаларидан шикастланган девор олдида
Pavlo Pakhomenko / EPA / Scanpix / LETA
Харкив атрофидаги Песочин посёлкаси аҳолиси ракета зарбасидан ҳосил бўлган ўра атрофида
Pavlo Pakhomenko / EPA / Scanpix / LETA
Киев ғарбидаги Святошинский районига берилган зарбалардан чиққан ёнғин
Ruslan Kaniuka / UKRINFORM / SIPA / Scanpix / LETA
Лвивдан тахминан 50 километр масофадаги Великая Ольшаница посёлкасига берилган зарба оқибатлари
Yuriy Dyachyshyn / AFP / Scanpix / LETA
Лвив областининг Золочевский районидаги харобалар орасида турган ит. Унинг эгалари ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлган
Іванка Дусько / Суспільне Львів

Бахмутдаги украин ҳарбийлари

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 8 март куни Бахмут яқин кунларда қулаши мумкинлигини айтди, шу билан бирга, бу урушда «бурилиш палласи» бўлмаслигини қайд этди. Бунга жавобан Украина қуролли кучлари Шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий 9 март куни НАТОдагилар «вазиятдан тўлиқ хабардор эмаслиги»ни айтди.

«Урушнинг бир йили давомида украинлар анча барқарорлик ва тактик қарорлар кучига эга бўлди», — деб ҳисоблайди Череватий, шу билан бирга, барибир альянс фикрига «ҳурмат билан ёндашиш кераклиги»ни таъкидлайди.

Бундан ташқари, 9 март куни Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони Олександр Сирский ҳам Бахмутдаги вазият юзасидан изоҳ берди. У украин қўшини россияликлар шаҳарни оператив қуршовга туширишига йўл қўймагани, аммо «вазият жуда мураккаблигича қолаётгани»ни айтган.

«Бу ерда ҳар бир юриш ва қарор уни тубдан ўзгартириши мумкин. Ҳар бир кун жуда қадрли. Мен шахсий таркиб билан фахрланаман. Ёнимда турган бригада командирларининг фикрлаш тезлигини юқори баҳолайман», — дея қайд этган Сирский.

Америкадаги Урушларни ўрганиш институти эса, Россия қўшини Бахмут ҳудудининг қарийб ярмини эгаллаган, кўп эҳтимол билан, шаҳарни иккига ажратиб турган Бахмутка дарёсини четлаб ўтиш учун шаҳар шимоли-ғарби ва жануби-ғарбига ҳужумларни кучайтириши мумкин деб ҳисоблайди. РФ мудофаа вазирлиги сўнгги брифингида Бахмут йўналишидаги жиддий муваффақиятлар ҳақида хабар бермаган.

Украиналик ҳарбийлар Бахмут атрофидаги фронт чизиғида позицияни ўзгартиришга тайёрланмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Украина ҳарбий техникаси олдидан ўтаётган бахмутлик аёл
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Бахмут атрофидаги украин ҳарбийлари гаубицадан россияликлар позициясини ўққа тутмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA
Украиналик жангчилар тез ёрдам машинасида ҳалок бўлган қуролдошини олиб кетмоқда
Aris Messinis / AFP / Scanpix / LETA

Гуляйполедаги ҳаёт

Гуляйполе — Запорожжя области марказидан тахминан 80 километр шарқда жойлашган шаҳар. 2022 йил мартида Россия қўшини шаҳарни эгаллашга ҳаракат қилганди, аммо Украина қуролли кучлари шаҳар устидан назоратни сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Шундан буён фронт линияси Гуляйполедан атиги уч километр наридан ўтади.

«Запад» мудофаа кучлари ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, тез-тез рўй берадиган отишмалар туфайли шаҳардаги «барча йирик бинолар» вайрон бўлган, уларнинг орасида икки мактаб ҳам бор. Қуйида ушбу шаҳар кўриниши акс этган суратлар.

Гуляйполеда вайрон бўлган бино
David Young / dpa / Scanpix / LETA
Гуляйполе аҳолиси инсонпарварлик ёрдами олмоқда
David Young / dpa / Scanpix / LETA
Гуляйполеда вайрон бўлган бозор
David Young / dpa / Scanpix / LETA
Гуляйполедаги кўчалардан бирининг кўриниши
David Young / dpa / Scanpix / LETA

Мавзуга оид