Ўзбекистон | 11:26 / 10.03.2023
27504
2 дақиқада ўқилади

Якшанба куни айрим ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши кутилмоқда

Бугун мамлакат ҳудуди бўйича қуёшли ва жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кузатилади, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи термометр устуни +25...+28 даражагача, жанубда баъзи жойларда +30 даражагача кўтарилади.

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, шанба ва якшанба кунлари Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. Эртага Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида ва кечга томон Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

Якшанба куни республика бўйича баъзи жойларда ёмғир ёғиши кутилмоқда, айрим жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шимолий ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди.

Бугун ва эртага республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15–20 метр/сониягача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади. Ҳарорат кечаси +10...+15 даража атрофида, эртага кундузи +21...+26 даража бўлади, якшанба куни ҳаво салқинроқ бўлади, ҳаво ҳарорати +13...+18 даражадан юқори бўлмайди.

10 мартда республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор. 10–12 мартда кутилаётган ёмғирлар ҳисобига тоғолди ва тоғли ҳудудларда сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда бугун ёғингарчилик кутилмайди, эртага кечга томон ва якшанба куни кун давомида ёмғир ёғиши кутилмоқда, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, ғарбдан 7–12 метр/сония тезликда эсади. Бугун ва эртага кундузги ҳаво ҳарорати +24...+26 даражани ташкил этади, якшанба куни +17...+19 даражагача салқинлашади.

Мавзуга оид