XX аср кашфиётларга бой бўлди. Инсоният осмонда учди, фазога чиқди. Сувости кемалари яратилди. XXI асрда ривожланган барча соҳаларга тамал тошлари қўйилди.

Айниқса, ер орбитаси чегарасидан ўтиб очиқ фазога чиқиш инсоният учун муҳим кашфиёт бўлди. Космосга илк маротаба инсон эмас, тўртта ит учирилганини ва улардан бир жуфти Ерга қайтиб тушмаганини кўпчилик билавермайди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин дунёнинг йирик ривожланган давлатлари нафақат геосиёсий масалаларда, балки қуролланиш масаласида ҳам рақобат қила бошлашади.

Атом бомбаси яратилгандан сўнг уни узоқ масофага ташувчи баллистик ракеталар яратилади. Ундан кейин космосни ўзлаштириш учун ҳаракатлар бошланади. Бироқ бу осон эмасди.

Ҳар икки жабҳада АҚШ ва СССР ўзаро рақобат олиб борарди. Советлар атом бомбасини яратишда 4 йилга кечиккани учун (АҚШ 1945 йилда, СССР 1949 йилда илк синовларни ўтказган) баллистик ракеталар ва космик парвоз синовларини АҚШдан олдин ўтказишга зўр берарди.

Охир-оқибат советлар жуда катта харажатлар ва ҳалокатлар эвазига космосга парвоз қилишда биринчи бўлишди.

Бойқўнғир космодроми, 1960 йиллар
realt.onliner.by

Унгача, 1960 йилда Бойқўнғир космодромида Р-16 қитъалараро баллистик ракетаси синов парвозига саноқли минутлар қолганда портлаб кетади. Оқибатда, 100 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

1961 йил 23 март куни Москва вилоятидаги космонавтларни парвозга тайёрлаш марказида фожиа юз беради. Вазнсизлик ҳолатига мослашиш учун махсус кабинада бўлган космонавт Валентин Бондаренко у ерда содир бўлган ёнғинда оғир тан жароҳатлари олади ва шифохонада вафот этади.

Ҳар иккала ҳодиса нафақат оммадан, балки давлат хизматчиларидан ҳам сир тутилади. Чунки «душман» АҚШ бу муваффақиятсизликлар ҳақида хабар топмаслиги керак эди.

Кейинчалик, СССР тарқаб кетганидан сўнг ҳар икки ҳалокатнинг тафсилотлари ошкор бўлади. Маълум бўлишича, Королёв Гагариндан олдин илк парвозга Бондаренкони тайёрлаган. У ҳалок бўлгач фазога Гагарин учирилган.