Полиция ходимларининг яқин дўсти ҳисобланган, ақлий ва жисмоний жиҳатдан кучли полиция итлари қачондан одамларга хизмат қила бошлаган. Уларни хизматга қай ҳолда тайёрлашади?

Одамлар ўрта асрлардан буён итлардан жамоат тартибини сақлаш ва ўз бойликларини қўриқлаш мақсадида фойдаланиб келишган.

Аммо полицияда итлардан фойдаланишни биринчи бўлиб 1889 йилда лондонлик комиссар Чарлз Уоррен томонидан йўлга қўйилган. Ўша вақтда Чарлз бир қотилнинг изидан тушади ва синов мақсадида 2 та итни ёллайди. Натижа муваффақиятсиз бўлади, ёлланган итлардан бири қотилни, эмас комиссарни тишлаб, қочиб кетади.

Кейинчалик итлардан полиция ити мақсадида фойдаланиш Белгия, Австрия-Венгрия ва Германия давлатларида йўлга қўйилади. Хизмат итларига талаб кучайиб борар экан, кўплаб мамлакатлар итларни тайёрлаш питомниги, яъни мактабларини очишади. Бундай мактабни биринчи бўлиб 1920 йилда немис полицияси очади ва унда «немис овчарка»ларини тарбиялайди. Махсус мактабда итлар мунтазам равишда ўз офицерларига бўйсуниш, искаб топиш, жиноятчиларни кузатиш ва ҳужум қилиш учун ўргатилган.

Фото: pinimg.com

Айни вақтда полиция ходимлари билан ёнма-ён туриб хизмат вазифасини ўтаётган энг машҳур зотдор полиция итлари — немис овчаркаси, шарқий европа овчаркаси, рус спаниели, кавказ овчаркаси, белгия малиноиси, ҳолланд чўпони ва лабрадор кабилар ҳисобланишади.

Юртимизда ички ишлар ходимлари хизматчи итлар тарбиялаш учун айниқса немис овчаркасини танлашади. Ўзи Ўзбекистонда хизматчи итларни хизматга тайёрлайдиган питомниклар қай аҳволда? У ерда итларни хизматга қай ҳолда тайёрлашади?

Мана шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида биз Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси, кинология хизмати хизмат итлари питомнигига бордик.

Фото: kun.uz

Ичкарига кириб борар эканмиз, қафас ичидаги итларнинг тинмасдан ҳуриши бизни озгина чўчитди. Масъул ходимлардан нега булар ҳураяпти деб сўраганимизда, улар «итлар бегона инсонни ҳидидан тезда аниқлаб олади», деб жавоб беришди.

Самарқанд вилоятидаги кинология питомнигида айни вақтда 53 та хизмат итлари мавжуд бўлиб, 4 хил турдаги зотлари сақланиб, хизматга ўргатилади. Уларнинг энг машҳури ва бошқаларидан ажралиб турадигани зотлари – немис овчаркаси, шарқий европа овчаркаси ва малинои турлари ҳисобланади.