Ўзбек халқининг шаклланиши ҳақида тарихчилар томонидан хилма-хил, шунингдек, бир-бирига қарама-қарши фикрлар айтилади. Бироқ бу мавзуда Ўзбекистонда турли тош даврларига оид муҳим археологик қазишма ишларида қатнашган, ЎзФА академиги, “Ўзбек халқининг этногенези ва этник тарихи”, “Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи” китоблари муаллифи Аҳмадали Асқаров изланишлари муҳим.
Асқаров ҳозирги ўзбекларнинг тўлиқ шаклланиши антик даврда юз берган деб ҳисоблайди. Антик давр милоддан аввалги 4 ва милодий 4-асрларга тўғри келиб, Ўзбекистонда бу даврга оид юзга яқин манзилгоҳлар топилган.

Умуман олганда, дунё тарихидаги кўп цивилизациялар қатори Марказий Осиёда ҳам илк цивилизациялар дарёлар бўйида пайдо бўлган. Шулардан бири Амударё бўлиб, унинг соҳилларида яшаганлар эроний тилларда, яъни суғдий, хоразмий, бақтарий ва сак тилларида гаплашишган. Улар яшаган шаҳарлар эса Бақтрия, Суғдиёна, Марғиёна, Парфиёна ва Қадимги Хоразм деб аталган. Сирдарё ҳавзаларида эса қадимдан бошлаб туркийзабон аҳоли яшаган. Турклар ва туркий тилда гаплашувчилар ҳозирги Тошкент вилояти Сирдарё, Жиззах, Фарғона водийси Жанубий Қозоғистондан то Жанубий Олтой, Сибир, Енисей, Чукотка ҳудудларига қадар чўзилиб кетган. Бу милоддан аввалги 3-мингйилликларга тўғри келади. Шу даврларгача Амударё атрофидаги сак, бақтрия, суғдийлар ва турклар алоҳида яшаган. Бу ҳол антик давр, яъни ҳозирдан 2-2,5 минг йил олдинги давргача давом этди.

“Милоддан аввалги 2-минг йиллик ўрталарида Жанубий Сибир, Олтой, Енисей дарёси бўйлари, Жанубий Қозоғистон даштлари, Тяншан ҳудудларидан секин-секин гуруҳ бўлиб туркийзабон аҳоли Сирдарёдан ўтиб бизнинг ҳудудларга кирди. Сирдарёдан то Амударёга қадар бўлган барча ҳудудни эгаллади. Сибир томондан кириб келаётган туркийзабон аҳоли Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалиб кетди. Шунинг учун ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихини иккита этник асосга боғлаймиз: биринчиси қадимий эроний тилларда гапирган суғдийлар, хоразмийлар, бақтрияликлар; иккинчиси туркий тилда гапирган аждодларимиз. Икки этник қатламнинг 25 аср давомида аралашувидан янги миллат пайдо бўлдики, буни ўзбек деб атаймиз”, — дейди Аҳмадали Асқаров.





















