Ўзбекистон | 11:51 / 13.03.2023
54391
7 дақиқада ўқилади

Босимда қолган ўқитувчилар, «сувдан қуруқ чиқаётган» мактаб директори – Яшнободдаги мактабда нималар бўлмоқда?

Ижтимоий тармоқларда 152-мактабда ўқувчини калтаклаган ўқитувчининг видеоси тарқалди. Кейинроқ педагог бу ҳолат уюштирилганини ёзиб чиқди. Kun.uz вазиятни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида мактабга бориб, калтакланган боланинг онаси, ўқитувчи билан суҳбатлашди.

Дастлаб мактаб директори Марзия Мавлонова билан суҳбатлашишга ҳаракат қилдик. Аммо директор интервю бермаслиги учун унга юқоридан «буйруқ» бўлганини маълум қилди. Бу мулоқотга Мактабгача ва мактаб таълим вазирлигининг Тошкент шаҳри бош бошқармаси вакили ҳам аралашиб, ҳолатни ўрганишга тўсқинлик қилди.

Ваҳоланки, вазирлик берган расмий муносабатида ишчи гуруҳ ўрганаётган носоғлом муҳит бўйича холис ахборот тарқатиш кераклиги ва ишчи гуруҳ билан биргаликда жараёнда иштирок этиш мумкинлиги айтилганди.

Шундан сўнг ўқувчига дарс вақтида қўл кўтарган, аммо воқеа аслида бошқача бўлгани ҳақида айтган Гулчеҳра Мамажонова билан суҳбатлашдик. Ўқитувчи аввалроқ ёзган пости орқали таъкидлаганидек, ўқувчига қўл кўтарганини, қуюшқондан чиққанини тан олди.

«Аслида шуни ҳам айтиб ўтишим керак, ижтимоий тармоқларда болани «ноқобил, тарбиясиз», дейишяпти. У бола тарбиясиз эмас, бундай деб ўйламайман. Унинг ойиси билан ҳам гаплашдим, бола энди ўтиш даврида. Барибир айб мендан ўтган, буни тан оламан, ҳақиқатда қаттиқроқ тегиб қўйдим.

Ўшанда дарс тугаши билан бола менда қолган телефонини олишга қайтиб келди. Шунда бола билан келишиб олгандик, онасини чақирса, узр сўрашимни ҳам айтгандим. Онаси боласини урганимни билса, хафа бўлиб юрмасин деб шуни айтгандим», дейди у.

Ўқитувчининг айтишича, бўлиб ўтган воқеадан кейин мактаб директори Мавлонова педагогни хонасига чақириб, ҳолат акс этган видеони ижтимоий тармоқларга чиқаришини айтган. Узр сўрашга ҳам тайёр бўлган педагогни калтакланган боланинг онаси билан учраштирмаслик учун, тушунтириш хатини ёздириб, жўнатиб юборишган.

Ўқитувчи уйига кетганидан сўнг, мактаб маъмурияти калтакланган боланинг онасини ҳам чақириб, бўлиб ўтган ишларни муҳокама қилишган. Она ўша куни маънавият ишлари бўйича директор ўринбосари билан учрашиб, ўқитувчининг қилган ишидан жаҳли чиққанини, аммо арз қилмаслигини айтиб чиқиб кетган. Эртасига эса директорнинг шахсан ўзи яна бир бор онани чақиртирган.

«Тушдан кейин телефон қилишди, директор чақирётган экан, бордим. Мактаб директори катта жойларга ёзмасдан, аризани ўзига ёзишим кераклигини айтди. Шундан кейин мен аризани ёздим. Шунда ҳам ўқитувчининг ишдан олинишини сўраб эмас, қонун доирасида иш тутилишини сўраб ёзгандим.

Яна шуни ҳам айтишим лозим. Мен бу аёлнинг кечирим сўрашини 3 кун кутдим, келмади. Кейин бир бошқа ўқитувчимиздан нега ундай бўлаётганини сўрасам, асл ҳолат бошқача бўлган экан. Айтишларича, ўқитувчи менинг олдимга, уйимга келмоқчи бўлган, аммо бунга тўсқинлик қилишган, ҳатто телефон рақамимни беришмаган», дейди шахси сир қолишини хоҳлаган ўқувчининг онаси.

Онанинг қўшимча қилишича, у мактаб камерасида ёзиб олинган видеони ҳеч қайси ОАВга тақдим этмаган, бу борада ҳеч кимга мурожаат қилмаган.

Видео тармоқларда тарқалиб бўлгач ҳолат жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида кўриб чиқилган ва Гулчеҳра Мамажонова 183-моддада назарда тутилган майда безорилик билан айбли деб топилиб, БҲМнинг 3 бараварида жаримага тортилган.

Шу ўринда ҳам савол туғилади: юқорида ўқувчининг онаси бу видеони ҳеч қайси ОАВга тарқатмаганини маълум қилган. Хўш, унда видеони тармоқларга жойлаштириб, қайсидир маънода ўқитувчининг обрўйини тўкиш кимга керак бўлиб қолди?

Қатор ўқитувчилар, шу жумладан, Мамажоновага кўра, бунда мактаб директорининг қўли бор. Муассасада ишлаб келаётганларнинг иддаосига кўра уларнинг аксарияти анчадан бери бундай босимларда ишлаб келади, устама ҳақларини ҳам етарлича ололмай келишади.

«2022 йил ёздан менга нисбатан босим бошланди. Қандай кўринишда? Мактаб директори ишдан кетишни тўғридан тўғри таклиф қилди. Тўғриси, бошида бу таклиф ўзимдан чиққанди. Чунки уй олиш учун Сергели туманига кўчишни режа қилгандим. Бир-иккита ҳамкасбларга кетаман деб айтгандим, шуни директор эшитиб қолиб, дарс соатларимни камайтирди. Ўзим ижарада тураман, бу орада оилали ҳам бўлдим. Шундай вазиятда менга пул кераклигини билиб, дарс соатларини камайтириб қўйишди.

Ўша вақтда биринчи тоифада эдим, мактабда 2 нафар биринчи тоифали ўқитувчи бор эди, холос. Қолганлар биздан пастроқ тоифада эди. Шунга қарамай, менга дарс соатлари кам берилди, қолганлар билан бир хил тарзда.

Орада яна тоифага топшириб, олий тоифага эга бўлдим. Ҳозирги кунда ўтган йили октябр ойидан бери энг юқори тоифа менда. Лекин барибир дарс соатларим бошқа ҳамкасбларим сингари бир хил эди. Ваҳоланки, ўтган йилдан бошлаб тоифага қараб дарс бўлиниши керак эди, лекин бундай бўлмади. Кейин мактаб директоридан ёрдам беришларини илтимос қилиб сўрадим. Шунда ҳам ёрдам беришмади.

Синф раҳбарлигимда ҳам ўша вақтларда фонд пулини йиғардик, мактабга ҳар ойда 50 минг сўмдан берардик, бола сонига қараб бу маблағ тақсимланарди. Бола бошига 2 минг сўмдан тўғри келарди. «Охрана» учун ҳам 30 мингдан йиғиларди. Энди бу йил бу нарсаларни билмайман, таниш ҳамкасбларим йиғмаяпти, йиғишаётган тақдирда ҳам буни бизга билдиришмайди. Очиқчасига буни билмайман, аммо йиғ-йиғлар бўлаётганини эшитяпман», деди шахсини сир сақлашни истаган мактаб ўқитувчиси.

Қайд этилишича, устама ҳақи юзасидан 2022 йили тегишли органлар текширув ҳам ўтказган, камомадлар аниқланган. Буни эса Гулчеҳра Мамажонова ва бир қанча ўқитувчилар ҳам тасдиқлаб, шу билан «балога қолиб кетишган». У босимлардан холи бўлиш учун ҳатто ҳимоя ордери билан ишлаётгани ҳам айтилди.

Бундан ташқари, фарзандлари шу мактабда ўқиётган бир қанча ота-оналар ҳам мактаб директори ҳақиқатда ҳам йиғ-йиғлар қилганини тасдиқлашди.

Kun.uzʼга берилган маълумотларга кўра ўрганиш ишларидан кейин Гулчеҳра Мамажонова ишга тикланадиган бўлган, бироқ бу борада ҳали расмий ахборот берилгани йўқ.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади,
Тасвирчи Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид