Ўзбекистон | 12:12 / 27.11.2024
5955
3 дақиқада ўқилади

“Ҳеч қандай руҳий бузилиш ҳолатлари аниқланмади” – 3 ёшли боланинг қотили соғлом деб топилди

Яшнобод туманида 3 ёшли болани ваҳшийларча ўлдирган гиёҳванд эркакка оид навбатдаги суд мажлисида психолог, психиатр-эксперт ҳамда гувоҳлар кўрсатма берди. Суд экспертизасига кўра, судланувчи ақли расо ва руҳий соғлом деб топилган. Психолог-эксперт эса судланувчи билан суҳбатлашганида унда ўз-ўзини оқлаш тенденцияси юқори бўлганини маълум қилди.

3 ёшли болани пичоқлаб ўлдирган гиёҳванд эркакда психолог-эксперт билан суҳбатлашганда ўз-ўзини оқлаш тенденцияси юқори бўлган. Буни суд мажлисида кўрсатма берган психолог-эксперт таъкидлаб ўтди.

Текширилувчининг билиш жараёнларида яққол ифодаланган бузилиш жараёнлари аниқланмади. Фикрлари кетма-кетликда. Индивидуал психологик хусусиятларга кўра, ўз-ўзини оқлаш тенденциясининг юқорилиги, эгоцентризм каби хусусиятлар аниқланди. Текширилувчи ижтимоий хавфли қилмиш содир этган вақтда физиологик аффект ҳолатида бўлмаган”, дея маълум қилди психолог-эксперт Рустамова.

Судда гувоҳ сифатида қатнашган психиатр-эксперт Ниғмоновга кўра, судланувчи 2024 йил 28 августдан 10 сентябргача суд психиатрия-экспертиза бўлимида текширувдан ўтган. Текширув давомида унда ҳеч қандай руҳий бузилиш ҳолатлари аниқланмаган.

Судда кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда эгаллаш жиноятини содир этганликда айбли деб топилиб, айни вақтда жазо ўтаётган шахс ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинди. У қотиллик содир этилган куни судланувчига 1400 дона “Тропикамид” ва 30 дона “Регопен” психотроп дори воситаларини етказиб бериши керак бўлган.

Судланувчи тоғамнинг ўғли бўлади. Локация берарди. Бориб ўша жойдан олиб, бунга олиб келиб берганим учун пул берарди. Йўл пули учун алоҳида 200-300 минг сўм олсам, хизмат ҳақи сифатида 1-1,5 миллион сўм олардим”, дея билдирди гувоҳ.

Судланувчи судянинг саволига жавобан олиб келинган барча дорини ўзи, кунига 14-15 та таблетка истеъмол қилганини таъкидлаган.

Судда тергов якунланиб, томонлар музокара қисмига ўтилгани маълум қилинди. Суд ишни кўриб чиқишда 29 ноябргача танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, қотил 9 июлга ўтар кечаси “Регопен” ва “Тропикамид” дори воситалари ва “Мефедрон” гиёҳвандлик моддасини истеъмол қилган. Бу моддалар таъсирида ўзи билан бирга яшаб келган, 1994 йилда туғилган аёл Н.Н.ни унинг 2021 йилда туғилган, онасининг бағрига интилган ўғлидан рашк қилган ва болани ухлаётган вақтида ваҳшиёна тарзда (юз қисмидаги тана аъзоларига йиғма пичоқ санчган ҳолда) ўлдирган.

С.М.га нисбатан Жиноят кодексининг қасддан одам ўлдириш, кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш, ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш, жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш каби моддалари бўйича айблов эълон қилинган.

Мавзуга оид