Ўзбекистон | 20:12 / 13.03.2023
20259
2 дақиқада ўқилади

Президент чегарачиларнинг хизмат ва яшаш шароитларини кўрди

Ўзбекистон Республикаси президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги взводларидан бирига ташриф буюрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маъмурий бинодаги шароитлар, чегарани қўриқлашда қўлланаётган ҳарбий техника ва қурол-аслаҳалар кўздан кечирилди. Давлат чегарасини қўриқлашда учувчисиз учиш аппаратларининг аҳамияти таъкидланди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон – Афғонистон чегарасини қўриқлаш жараёни билан танишди.

Қайд этилишича, қўшинларнинг жанговар шайлигини ошириш билан бирга ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоялашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу взвод ёнида ҳам шинам хонадонлар барпо этилган.

Президент шундай хонадонлардан бирида меҳмон бўлди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди.

“Ватанимиз ҳимоячиларининг ўз вазифаларини хотиржам бажариши, фарзандлар тарбияси сизларга боғлиқ. Турмуш ўртоқларингизга мададкор бўлиб, катта жасорат кўрсатяпсиз. Сизлар ҳам Ватан ҳимоячисизлар”, – деди Шавкат Мирзиёев ҳарбийларнинг рафиқаларига.

Ҳовлида ўйингоҳлар, спорт майдончалари, аёллар учун тикувчилик ва қандолатчилик хонаси ташкил қилинган. Болаларни мактаб ва боғчага элтиш учун автобус йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 13 март куни президент бурчини бажариш чоғида яраланган ёки ҳалок бўлган ҳарбийлар ва хизматчиларнинг оилаларига янги имтиёз ва кафолатлар бўйича фармон имзолади.

Президент матбуот хизмати тақдим этган суратлар

Мавзуга оид