Жаҳон | 11:03 / 14.03.2023
11930
2 дақиқада ўқилади

Австралия АҚШдан 5 та атом сувости кемасини сотиб олмоқчи

Австралия АҚШдан 5 та атом сувости кемасини сотиб олмоқчи ва узоқ муддатда Вашингтон ва Лондон билан биргаликда бундай сувости кемаларининг янги авлодини қурмоқчи.

Фото: Reuters

Австралия АҚШдан 5 та атом сувости кемасини сотиб олмоқчи ва узоқ муддатда Вашингтон ва Лондон билан биргаликда бундай сувости кемаларининг янги авлодини қурмоқчи. Австралия бош вазири Энтони Албанезе 13 март, душанба куни Сан-Диегода (Калифорния) АҚШ президенти Жо Байден ва Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан учрашди.

Албанезенинг сўзларига кўра, бу «Австралиянинг мудофаасига ўз тарихидаги энг йирик сармоядир». Лойиҳа миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлайди ва тўғридан тўғри «20 мингга яқин иш ўрни» яратади, дея қўшимча қилди бош вазир.

Байден, ўз навбатида, Қўшма Штатлар Ҳиндистон-Тинч океани минтақасида ўнлаб йиллар давомида барқарорликни кафолатлаганига эътибор қаратди. Вашингтоннинг Австралия ва Британия билан атом сувости кемалари бўйича ҳамкорлиги «тинчлик истиқболларини ўнлаб йилларга узайтиради», дея қўшимча қилди Оқ уй раҳбари.

Россиянинг Украинага қарши уруши ва бошқа жаҳон инқирозлари фонида Буюк Британия мудофаа харажатларини оширади. Келгуси икки йил ичида деярли 5 миллиард фунт стерлинг (5,65 миллиард евро) маблағ қўшимча равишда ҳарбий эҳтиёжлар учун ажратилади, шу жумладан ядровий тийиб турувчи кучлар ҳамда АҚШ ва Австралия билан ҳарбий блок - AUKUS учун 3 миллиард фунт стерлинг (3,41 миллиард евро), деб хабар берди Лондондаги ҳукумат.

Тахминан 1,9 миллиард фунт стерлинг Украинага ҳарбий ёрдам туфайли анча қисқарган ўқ-дорилар арсеналини тўлдириш учун сарфланади. «Дунё барқарорлиги пасайиб, давлатлар ўртасидаги рақобат кучайиб борар экан, Буюк Британия ўзини ҳимоя қилишга тайёр бўлиши керак», деди АҚШга йўл олган Британия Бош вазири Риши Сунак.

Мавзуга оид