Жаҳон | 07:22 / 15.03.2023
11039
3 дақиқада ўқилади

Эксперт: Путин урушдан ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун фойдаланди

Брукингс институтининг катта илмий ходими Анжела Стент DW нашрига берган интервьюсида Путин «парадоксал туюлса-да, бир йилги урушдан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойдаланди» деди.

Фото: Shutterstock

Россия президенти Владимир Путин - «парадоксал туюлса-да, бир йилги урушдан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун фойдаланди». Бундай фикрни 14 март, сешанба куни DW нашрига берган интервьюсида АҚШнинг Россия бўйича таниқли эксперти, Брукингс институтининг катта илмий ходими Анжела Стент билдирди.

Миллионлаб одамлар Россияни тарк этганига қарамай, қолганларнинг аксарияти, катта эҳтимол билан, «ё урушни қўллаб-қувватлайди, ёки унга бефарқ», деди Стент. «Ҳозирча у (Путин) уларни, афтидан, Ғарб ҳақиқатан ҳам Россияни йўқ қилишга уринаётганига ишонтира олди ва бу - уларнинг мавжудлиги учун кураш», — дея қўшимча қилди эксперт.

У Россия раҳбарининг Улан-Удэга сафари ва самолётсозлик заводига ташрифи ҳақида фикр билдирди. Путин жамоатчиликка «ўзи ҳамма нарсани бошқараётгани тўғрисида аҳолига янада оптимистик хабар юбормоқчи» эканлигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда», — дея қўшимча қилди Стент.

Катта илмий ходимнинг сўзларига кўра, кўпчилик Путин «бункерда» бўлади ва учрашувларни бекор қилади, деб ўйлаган, шу муносабат билан заводга ташриф буюриш маълум бир сигнал юборади: «Соғлигим яхши. Вазиятни назорат қиляпман. Мен сизнинг раҳбарингизман».

Россия президентининг Ғарбни охир-оқибат қарама-қаршиликдан чарчатишга қаратилган эҳтимолий ниятини изоҳлар экан, Анжела Стент шундай деди: «У (Россия давлати раҳбари) узоқ вақтни ўйлаб ўйнаяпти».

Олдинги тажрибага асосланиб, Россия етакчиси шундай хулосага келган: Ғарб бирдамликни абадий сақлай олмайди, демократик давлатларда сайловлар ўтмоқда, мамлакатлар эътиборни бошқа жиҳатларга қаратиши керак, деди DW суҳбатдоши.

У, шунингдек, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан киритилган чекловлар самарадорлигига тўхталиб ўтди. «Россия иқтисодиёти Ғарб ўйлагандан кўра анча чидамли бўлиб чиқди», деди Стент. «Санкциялар ўз таъсирини ўтказди, лекин улар ўртача даромадга эга россияликнинг ҳаётига таъсир қилмади», — деди эксперт.

Аввалроқ, февраль ойида хавфсизлик бўйича конференция бўлиб ўтган Мюнхенда Анжела Стент Россия арсеналида 6 мингга яқин ядро каллаклари борлигини эслатган эди. «Агар Украина Қримни муваффақиятли қайтариб олишга уринса, Путин ядро қуролидан фойдаланиши мумкин», деб ҳисоблайди у.

Анжела Стент - Евросиё, Россия ва Шарқий Европа тадқиқотлари марказининг катта маслаҳатчиси ва Жоржтаун университетининг фахрий профессори.

2004-2006 йилларда у АҚШ Миллий разведка кенгашида Россия ва Евросиё бўйича Миллий разведка ходими лавозимида ишлаган. 1999 йилдан 2001 йилгача у АҚШ Давлат департаментининг Сиёсий режалаштириш бўлимида хизмат олиб борган. Стент «Путин дунёси: Россия ва унинг етакчиси Ғарб нигоҳида» китобининг муаллифи.

Мавзуга оид