Жаҳон | 18:29 / 15.03.2023
22827
5 дақиқада ўқилади

«Ғалабага интилаётганимизни кўрмаяпман». Politico — «АҚШ маъмуриятида Украинани қўллашдаги бўлиниш» ҳақида

Байден ва Зеленский Вашингтонда, 2022 йил декабр / Alex Wong / Getty Images

Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинининг бир йили ўтганидан кейин Киев ва унинг асосий иттифоқчиси Вашингтон ўртасида уруш мақсадлари ва ҳарбий ҳаракатларни якунлаш муддати бўйича масалаларда тобора кўпроқ зиддият юзага келмоқда. Бу ҳақда Politico нашри ёзмоқда.

Журналистларга кўра, АҚШда энди Украинани узоқ муддат қўллаб-қувватлашга тайёрлик даражаси урушнинг илк даврида бўлганидек эмас. Бу ҳақда хусусан Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ҳам айтиб ўтди. Конгресс қуйи палатасининг хорижий ишлар бўйича қўмитаси раҳбари Майкл Маккол эса АҚШ маъмуриятида Украинадаги уруш масаласида аниқ мақсад мавжуд эмаслигини маълум қилган.

«Балки, улар можарони узайтирмоқчидир? Владимир Путин ҳам худди шунга интилмоқда. Украинларга омон қолиш учун етарли бўлган, аммо ғалаба қозониш учун етарли бўлмаган [ресурслар] бериш тўғрими? Мен биз ғалаба сари интилаётганимизни кўрмаяпман. Агар мақсад ғалаба бўлмаса, биз унда нима қиляпмиз?» — дея савол қўяди Маккол.

Politico нашри ёзишича, америкалик мулозимлар орасида Украинага қурол-яроғ етказиб берилиши масаласидаги эътироз анча олдинроқ кучая бошлаган. Оқ уйнинг икки ходими журналистларга, АҚШ президенти маъмуриятидагилар Киевнинг мураккаб вазиятини тўғри тушуниши, аммо айрим ходимлар Украина раҳбариятининг доимий равишда ёрдам сўрашидан ва Украина президенти Володимир Зеленский томонидан «етарли даражада миннатдорчилик» билдирилмаганидан норози бўлишган.

Конгрессмен Майкл Маккол қайд этишича, америкалик мулозимлар Украинага қандай қуроллар етказиб бериш масаласида якдил эмас. «Мен чиндан маъмуриятда бўлиниш бор деб ўйлайман. Миллий хавфсизлик кенгаши бу борада иккига ажралган», — деган у.

Politico нашрининг ёзишича, келишмовчиликнинг яна бир сабаби Бахмут шаҳри мудофааси бўлган — украинларнинг ушбу шаҳри учун жанглар 2022 йил ёзидан буён давом этмоқда. Украина ҳарбийлари Бахмут мудофааси мамлакат қуролли кучлари Россия армиясини ҳолдан тойдириш ва захира кучларни тайёрлашга вақтдан ютиш учун зарур деб ҳисоблашади. АҚШдагилар эса бу жангларда кўп сонли аскарлар ҳалок бўлиши ва ўқ-дори бемисл даражада сарфланиши якунда Украина қуролли кучларининг қарши ҳужумга ўтиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.

Politico шунингдек The New York Times нашрида яқинда Америка разведкаси «Шимолий оқим»даги портлашлар ортида қандайдир «Украина тараф гуруҳ» турган бўлиши мумкинлигини тахмин қилаётгани ҳақида чиққан материални эслатиб ўтган. Мақолада разведкада Украина раҳбариятининг бу ҳодисага алоқадорлиги борасида маълумотлар йўқлиги қайд этилган. Володимир Зеленский NYT мақоласига муносабат билдириб, Украина ўша портлашларга алоқадор эмаслигини таъкидлади. Шунга қарамай, Politico Киев ва Вашингтон ўртасидаги эҳтимолий келишмовчиликларга яна бир мисол сифатида бу мақолага эътибор қаратган.

Келишмовчиликнинг яна бир сабаби — Пентагон Ҳаагадаги Халқаро жиноий судга россияликларнинг Украинадаги ҳарбий жиноятлари фактларини тасдиқловчи Америка разведкаси маълумотларини топширишдан бош тортишидир. The New York Times нашри ёзишича, АҚШ мудофаа вазирлиги бундай ҳамкорлик суд келажакда америкаликларни ҳам жиноий жавобгарликка тортиши мумкин бўлган прецедент яратиши мумкинлигидан хавотирда.

Шу билан бирга, кўплаб экспертлар АҚШ ва Украина ўртасида кенг кўламли урушнинг бир йилидан кейин жиддий тушунмовчилик юзага келгани ҳақидаги қарашларга қўшилмайди. Атлантика кенгаши маркази Евросиё маркази директори Шелби Мэгид шундай деган:

«Мен қарашлардаги кичик фарқларни кўраман, аммо бундай фарқлар февралдаги босқинга қадар ҳам, ундан кейин ҳам бор эди. Зеленский аввал ҳам АҚШ манзилига қаратилган кескин фикрлар билдирган, Оқ уй эса унга қўшилмаслигини билдирган — омма олдида ҳам, хусусий тартибда ҳам — аммо бу АҚШнинг умумий қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлигини ўзгартирмаган ҳам, бузмаган ҳам».

Мавзуга оид