Жаҳон | 19:02 / 16.03.2023
18005
2 дақиқада ўқилади

CNN: украин ҳарбийлари хитойликлар ишлаб чиқарган дронни уриб туширди

Қурилма паст баландликда учгани сабаб ўқотар қурол билан уриб туширилган.

Фото: CNN

Украин ҳарбийлари хитойликлар томонидан ишлаб чиқарилган учувчисиз учиш аппаратини уриб туширган. Бу ҳақда хабар берган CNN маълумотига кўра, бу хитойликларнинг тижорат мақсадларида ишлаб чиқарилган ва ҳарбий мақсадлар учун қайта жиҳозланган Mugin-5 дрони бўлган.

Украин ҳарбийлари CNN мухбирига, дронни ўқотар қурол билан уриб туширишганини айтишган — аппарат жуда паст баландликда ҳаракатланган. Телеканал мухбири дрон корпусида ўқдан қолган изларни кўрганини тасдиқлаган.

CNN билан гаплашган экспертлардан бири дронда 3D-принтерда чоп этилган компонентлардан тайёрланган бомбаларни ташлаш механизми мавжудлигини қайд этган. Бу эса, экспертларнинг ҳисоблашича, дрон кўп марта фойдаланиш учун мўлжалланганини кўрсатади.

Хитойнинг дронлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган Mugin Limited компанияси Украинада айнан улар ишлаб чиқарган пилотсиз учар қурилма уриб туширилганини тасдиқлаган. Улар ўз дронидан жанговар ҳаракатларда фойдаланилаётганидан таассуфда эканлишини билдириб, «бу ишларни тўхтатиш учун барча нарса қилишлари»ни таъкидлашган. Аввалроқ компания ўз дронлари ҳарбий мақсадларда фойдаланишини қоралаб баёнот берган, шунингдек кенг кўламли босқин бошланганидан буён Россия ва Украинадан буюртмалар қабул қилишни тўхтатганини маълум қилганди.

CNN ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун РФ мудофаа вазирлигига юзланган, аммо жавоб ололмаган.

  • Март ойи бошида Россиядаги телеграм-каналлар Қримда Украинадан учирилган Mugin-5 русумли иккита дрон радиоэлектрон кураш воситалари орқали қўндирилгани ҳақида хабар тарқатганди.
  • Бу дронлар «Alibaba дронлари» сифатида ҳам маълум, чунки бундай қурилмаларни 15 минг доллар эвазига Хитойнинг Alibaba ва Taobao каби интернет-платформаларидан ҳам сотиб олиш мумкин.

Мавзуга оид