Ўзбекистон | 22:43 / 16.03.2023
5848
3 дақиқада ўқилади

«Оиладаги зўравонликни қонунан жиноят деб эътироф этиш сари қатъий бормоқдамиз ва бу муҳим қадам бўйича позициямиз ўзгармайди» — Танзила Норбоева

Сенат раиси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тамойилларни таъминлаётгани билан бир қаторда конституциявий ислоҳотлар ҳам муҳокама қилинди.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

15 март куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолкер Тюрк бошчилигидаги делегация билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистонда кечаётган конституциявий ислоҳотлар билан боғлиқ муҳим сиёсий-ҳуқуқий жараёнлар хусусида маълумот бериб ўтилди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси икки босқичда халқнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари ўрганилиб, аҳолининг барча қатламлари, кенг жамоатчилик иштирокида умумхалқ муҳокамаси орқали тайёрлангани айтиб ўтилди. 

Конституциявий қонун лойиҳасининг умумхалқ муҳокамаси чоғида жами 220 мингдан ортиқ таклиф келиб тушгани, ҳар тўртинчи таклиф лойиҳада ўз аксини топгани, муҳими, янгиланган конституциянинг асосий қисмини айнан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид нормалар ташкил этгани таъкидланди. 

Бундан ташқари, Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарор қабул қилиниб, унга кўра референдум 2023 йил 30 апрел кунига тайинлангани айтиб ўтилди. 

Мулоқот чоғида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича шартномавий органлари орқали мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини амалга оширишда парламентнинг ролини ошириш юзасидан ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш борасида фикр алмашилди. 

Фолкер Тюрк Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш борасида эришилган натижаларни ва ҳозирда амалга оширилаётган чора-тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, Олий комиссар можаро зоналаридан ўзбекистонлик аёллар ва болаларни қайтариш, уларни жамиятга реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларига юксак баҳо бериб, бу борада амалга оширилаётган ишлар кўплаб давлатлар учун намуна эканини таъкидлаб ўтди. 

Ўз навбатида Олий Мажлис Сенати раиси ўз сўзида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан конструктив алоқаларни янада кенгайтириш, бунда парламент аъзоларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги салоҳиятини кучайтиришга қаратилган ўзаро мулоқотнинг манфаатли эканини билдирди. 

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати раиси «Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро тамойилларга содиқ бўлиб, ўз қонунчилигини халқаро стандартларга изчил мувофиқлаштириб бормоқда. Бу жараёнда ҳалқаро ташкилотларнинг гендер зўравонликка барҳам беришга оид тавсиялари алоҳида диққатимиз марказидадир. Ҳозирда Ўзбекистонда оиладаги зўравонликни криминализациялаш сари қатъий бормоқдамиз ва бу муҳим қадам бўйича позициямиз ўзгармайди», деб таъкидлади. 

Суҳбат чоғида хотин-қизларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш, ижтимоий-инклюзив муҳит ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Конструктив ва амалий руҳда кечган учрашув якунида жамиятда инсон ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш механизмларини ишга солишга қаратилган ҳамкорликни янада кучайтиришга келишиб олинди. 

Мавзуга оид