Жаҳон | 09:58 / 16.03.2023
5389
2 дақиқада ўқилади

ISW: Февраль ойида Россия Украина ҳудудининг 0,039 фоизини эгаллади

Янги ҳужум чоғида Россия техника ва шахсий таркиб орасида катта йўқотишларига қарамай, ўтган ой Украина ҳудудининг атиги 234 квадрат километрини эгаллаб олди, деб ёзади Business Insider ISW'га таяниб.

Фото: Getty Images

2023 йилнинг февралидаги шиддатли жанглар давомида Россия қўшинлари бутун ой давомида бор-йўғи 233,94 квадрат километр майдонни эгаллаб олишга муваффақ бўлди, бу Украина ҳудудининг 0,039 фоизига тўғри келади, деб ёзади Business Insider Америка урушни ўрганиш институтига (ISW) таяниб. ISW 14 март, сешанба куни маълум қилишича, айни пайтда, февраль ойида Россия ўзи аввал эълон қилган янги ҳужумни бошлади ва кичик ютуқлар эвазига минглаб аскарлари ва кўп сонли қуролларини йўқотмоқда. Ўз ҳисоб-китобларида таҳлилчилар 31 январдан 28 февралгача бўлган картографик маълумотларга асосланган.

Ўз навбатида, War Mapper гуруҳининг таъкидлашича, февраль ойида Россия босиб олинган ҳудудни 85 квадрат километрга оширди, бу Украина бутун ҳудудининг 0,01 фоизига тенг. «Россия бу кичик ҳудудни минглаб аскарлари ва ҳарбий техникасини йўқотганидан кейин қўлга киритди», деб таъкидлайди нашр.

ISW экспертлари Business Insider'га берган интервьюсида «ҳар иккала рақам ҳам жуда кичик» эканини ва ҳисоб-китобларда кичик ноаниқликлар кузатилган бўлиши мумкинлигини тушунтирди. Охир-оқибат, иккала рақам ҳам Россиянинг ҳудудий ютуқлари чегараларини аниқ акс эттиради.

Шу билан бирга, март ойида ҳам Россия сезиларли муваффақиятга эриша олмади. Унинг армияси шарқий фронт бўйлаб жанг қиляпти ва бутун урушнинг энг қонли ҳамда энг узоқ давом этаётган жангларидан бири ҳисобланган Бахмутда аста-секин олдинга силжияпти. Россия қўшинлари Бахмутни ҳалигача қўлга кирита олмади, деб ёзади Business Insider.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид