Ўзбекистон | 11:26 / 17.03.2023
24405
2 дақиқада ўқилади

Дам олиш кунлари кутилаётган об-ҳаво маълум қилинди

Бугун Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳарорат +22...+25 даража бўлган очиқ об-ҳаво кузатилади.

Фото: Kun.uz

Шанба куни республика жануби-ғарбий ҳудудларига Туркманистон орқали Каспий денгизидан келаётган циклон билан боғлиқ бўлган булутли массивлар кириб келиши бошланади. 

“Ўзгидромет” хабарига кўра, Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши сақланиб туради, фақат Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва куннинг иккинчи ярмида Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Якшанба ва душанба кунлари республика ҳудуди бўйича нам циклон ўтишида беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ўзбекистоннинг кўпчилик вилоятларининг баъзи жойларида ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Фарғона водийси вилоятларида 20 март куни ёмғир ёғади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ёғингарчилик кутилмайди.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида баъзи жойларда ёмғир кучли бўлади. Ушбу кунларда ҳаво ҳарорати нисбатан пасаяди ва +17...+20 даражани ташкил этади. 17-19 мартда республиканинг айрим ҳудудларида шамол 15-20 метр/сониягача кучайиши мумкин.

21 март Наврўз байрами нишонланадиган куни Ўзбекистон аҳолисини кам булутли ва қуруқ об-ҳаво қувонтиради. Ҳаво ҳарорат яна +22...+25 даражага кўтарилади. 17-21 март кунлари Тошкент, Наманган вилоятларининг тоғли ҳудудларида 2000 метрдан юқорида қор кўчиши хавфи бор.

Пойтахтда бугун ва эртага ёғингарчилик кутилмайди. Асосан кучсиз шамол шарқий йўналишда эсади. Ҳаво ҳарорати кечалари +8...+10 даража, кундузи кунлари +21... +23 даража бўлади.

Якшанба куни кечга томон ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шарқий йўналишдаги шамол 5-10 метр/сония тезликда эсиши сақланиб туради, 12-15 метр/сониягача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +8...+10 даража, кундузи +20...+22 даража бўлади.

Душанба куни вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кечаси +8...+10 даража илиқ, кундузи +17...+19 даража илиқ бўлади.

Мавзуга оид