Жаҳон | 22:58 / 17.03.2023
17051
2 дақиқада ўқилади

Дмитрий Кулеба Украинани қўллаб-қувватламаган давлатлар жазоланишини айтди

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ҳарбий можаро тугаганидан кейин улар жавобгарликка тортилишини таъкидлади. 

Фото: AP

Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Дмитрий Кулеба Россияга қарши жанговар ҳаракатлар пайтида Киевга ёрдам беришдан бош тортган давлатлар ҳарбий можаро тугаганидан кейин жавобгарликка тортилишини айтди. 

«Агар дунёда кимдир у ёки бу давлат ўзини қандай тутгани ёки Украинага ўз тарихининг энг қоронғи дақиқаларида қандай муносабатда бўлгани - келажакдаги муносабатларни қуришда эътиборга олинмайди деб ўйласа, бу одамлар дипломатия қандай ишлашини билмайди», деди украиналик вазир. 

Кулебага кўра, ушбу ҳарбий можаро пайтида ўзини «нотўғри тутган» ва «Украинага шафқатсиз муносабатда бўлган» давлатлар келажакда жавобгарликка тортилиши керак. Бу омилларнинг барчаси Киев томонидан ҳисобга олинади, чунки жанговар ҳаракатлар пайтида «ҳар ким ўз танловини қилиши керак», деб тушунтирди Украина ТИВ раҳбари. 

Аввалроқ Дмитрий Кулеба Украина икки жабҳада – дипломатик ва ҳарбий жабҳада катта жангга тайёрланаётганини айтганди. Унинг фикрича, кўплаб давлатлар Киевни Россия билан музокаралар олиб боришга кўндира бошлаши мумкин. 

23 феврал куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини қораловчи ва Москвани қўшни давлат ҳудудидан қўшинларини олиб чиқишга чақирувчи резолюцияни маъқуллади. 141 давлат резолюцияни ёқлаб овоз берди, етти давлат қарши чиқди, 32 давлат бетараф қолди. Россия, Беларус, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Никарагуа ва Сурия қарши овоз берди. Бетараф қолганлар орасида Арманистон, Хитой, Ҳиндистон, Куба, Эрон, Қозоғистон, Жанубий Африка, Эфиопия, Вьетнам, Ўзбекистон, Қирғизистон, Покистон ва бошқа бир қанча давлатлар бор. 

Мавзуга оид