Украиналик ҳарбий катта йўқотишлар туфайли фронтда тажрибасиз аскарлар жанг қилаётганини айтганди. Унинг лавозими туширилди
Қўмондонлик унинг йўқотишлар тўғрисида берган маълумотлари ошириб кўрсатилганини маълум қилган.
46-алоҳида аэромобил бригадаси батальон командири Анатолий «Купол» The Washington Post нашрига берган интервюсида Украина қуролли кучларини танқид қилиши ортидан лавозимдан туширилди. Бу ҳақда дастлаб «Украинская правда» манбалари ва The Washington Post газетаси Украина бюроси шеф-редактори Изабел Хуршудян хабар беришди. Кейинроқ бу маълумотни Украина десант-штурм қўшини расмийси Валентин Шевченко тасдиқлади.
The Washington Post 13 март куни баҳорда қарши ҳужумга ўтиши кутилаётган Украина қуролли кучларининг ҳақиқий ҳолати тўғрисида мақола эълон қилганди. Нашр журналистлари бир неча украин ҳарбий хизматчилари, жумладан «Купол» билан гаплашишган. The Washington Post материалида унинг бўлинмаси Донецк областида жанг қилгани, қишда украин ҳарбийлари РФ қўшини томонидан қуршовга олинганида Соледардан чекингани айтилган.
Батальон командири (комбат) «Вагнер» ХҲК ёлланма жангчилари илгарилаётганида юзлаб украин аскарлари ўз позицияларини ташлаб қочганига гувоҳ бўлганини айтиб берганди. «Купол» бу вазиятни Украина қуролли кучлари сафларидаги йўқотишлар фонида фронтда кўплаб яхши таълим кўрмаган янги аскарлар пайдо бўлгани билан боғлаган.
Унинг сўзларига кўра, урушнинг бир йили давомида унинг батальондаги 500 ҳарбийдан 100 га яқини ҳалок бўлган ва яна 400 нафари яраланган, бу эса бўлинма тажрибасиз янги аскарлар билан тўлдирилишига олиб келган.
«Мен 100 нафар янги жангчи қабул қиламан ва уларни тайёрлашга ҳам вақт берилмайди. Менга айтишади: „Уларни жангга олиб бор“. [Жангда эса] янги келганлар шунчаки барчасини ташлайди ва қочиб қолади. Тамом вассалом. Биласизми нима учун? Чунки бу аскарлар жанг кўрмаган. Мен сўрайман: „Нима учун?“ У эса айтади: „Мен ўқ овозидан қўрқаман“. Ва қандайдир сабабга кўра у ҳатто граната отиб кўрмаган», — дейди ҳарбий. Унинг қўшимча қилишича, олдинги чизиқда ўқ-дори ҳам етишмаяпти, жумладан артиллерия ва миномёт снарядлари.
The Washington Post нашрига берган интервюсида комбат ўз қарорини АҚШ қарши ҳужум олдидан украин аскарларининг яхшироқ тайёрланишини таъминлашига умид қилаётгани билан изоҳлаганди. Газетанинг Украинадаги бюроси шеф-редактори Изабел Хуршудян интервьюдан олдин у комбат билан унинг сўзлари фаолиятига зарар етказиши мумкинлигини муҳокама қилганини айтади. Унинг сўзларига кўра, «Купол» «бу таваккал қилишга арзиши»ни ҳис қилган.
«Доимо мўъжизага ишонч бор. Бу ёки қонли гўштқиймалагич ва жасадлар бўлади, ёки профессионал қарши ҳужум. Икки вариант бор. Нима бўлганда ҳам қарши ҳужум бўлади», — деганди «Купол» интервьюда.
Украинанинг «Страна» нашри ёзишича, The Washington Post мақоласи «Украинада катта шовқин кўтарган». Унга, хусусан, Украина миллий хавфсизлик кенгаши котиби Олексий Данилов изоҳ берган ва журналистларнинг маълумоти ҳақиқатга тўғри келмаслигини айтган.
«Ҳа, вазият мураккаб. Биз бир йилдан буён ҳажми жиҳатдан биздан катта бўлган, аммо ақлан катта бўлмаган давлатга қарши уруш олиб боряпмиз. Бизга қийин бўлишини билганмиз. Аммо ҳозир ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот тақдим этиш билан вазиятни бузиш умуман ёқимли иш эмас», — деган у украин телевидениеси эфирида.
Украина десант-штурм қўшинлари вакили Валентин Шевченко ҳам «Купол» интервьюда «нотўғри маълумот» бергани, шундан кейин ҳарбийлар хизмат текшируви ўтказганини айтди. Шевченконинг сўзларига кўра, комбат журналист билан раҳбарияти рухсатисиз гаплашган, бу эса қоидаларни бузиш ҳисобланади.
«Ҳарбий хизматчи ўзига бўйсунувчи бўлинманинг жанглар вақтидаги йўқотишлари тўғрисида айтган маълумотлари сезиларли даражада ошириб кўрсатилган. Қолаверса, бу фойдаланиш чекланган маълумот ҳисобланади», — дея қўшимча қилган.
Шевченконинг аниқлик киритишича, «Купол»га Украина қуролли кучлари десант-штурм қўшинларининг ўқув марказларидан биридан лавозим берилган. Қўмондонликнинг қарорига жавобан ушбу ҳарбий хизматчи бўшаш тўғрисида рапорт ёзган. Комбат «Громадське»га берган интервюсида айтишича, десант қўшинлари қўмондони, генерал-майор Максим Миргородский унга лавозими туширилганини агар «Купол» ҳарбийлар ёмон тайёрланмоқда деб ҳисоблаётган бўлса, уларни тайёрлаш билан ўзи шуғулланиши кераклиги билан изоҳлаган.
«Украинская правда»нинг қайд этишича, бу ҳарбийлар журналистлар билан суҳбатлашганидан кейин 46-бригадага ўтказилиши билан боғлиқ илк ҳолат эмас. Аввалроқ десант қўшинлари сержанти Олександр Погребискийни 2023 йил январида Соледардаги вазият тўғрисидаги интервюсидан кейин ўқув марказидаги рота бош инструктори лавозимига ўтказишганди. «Ҳарбий раҳбарлар ҳақиқатни ёқтирмайди ва тизимли муаммоларни ҳал этишни хоҳламайди», — дея қайд этган нашр суҳбатдоши.
Украинанинг «Цензор.нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов «Купол»ни ҳимоя қилиб чиққан, унинг фикрича, бу ҳарбий «аскарлар жони ҳақида қайғуриб, муваффақиятли қарши ҳужум ўтказиш учун тайёргарликда ўзгаришлар қилишни талаб этган». Журналист қўмондонлик ўз қарорини кўриб чиқиши ва комбатни ўз лавозимига тиклашига умид билдирган.
«Биз Россияни фронтда ҳам, ўз онгимизда ҳам енгишимиз керак — оғизни ёпиш ўрнига ҳар куни ўзимизни такомиллаштириш ҳақида ўйлаш ва ҳаракат қилишни бошлашимиз керак», — дея қўшимча қилган Бутусов.