16:30 / 18.03.2023
5156

Беларусда ҳукуматпараст янги «Белая Русь» партияси тузилди

Фото: DANEYKO

«Белая Русь» сайтида у 200 минг «ғамхўр ватанпарварларни» бирлаштиргани айтилган. Қайд этилишича, «Белая Русь» Александр Лукашенконинг сиёсий курсини қўллаб-қувватлашга қаратилган

Беларусда жамоат бирлашмаси негизида тузилган янги ҳукуматпараст «Белая Русь» партияси ташкил этилди. Тегишли қарор 18 март, шанба куни Минскда бўлиб ўтган «Белая Русь» таъсис қурултойида қабул қилинди. 

Шу куни партия дастури ва низоми тасдиқланди. «Белая Русь» нодавлат ташкилоти раҳбари Олег Романов янги сиёсий партиянинг раиси этиб сайланди. 

«Белая Русь» жамоат бирлашмаси 2007 йил ноябрь ойида ташкил этилган, ўша йилнинг декабрь ойида у республика Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган. Бирлашма сайтида айтилишича, у «200 минг ғамхўр ватанпарвар» – 8,5 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотни бирлаштирган. «Белая Русь» Беларус раҳбари Александр Лукашенконинг сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланган. 

Беларусда бу йил сиёсий партиялар ва жамоат бирлашмалари фаолияти тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Улар, жумладан, уруш, террористик ёки экстремистик фаолиятни тарғиб қилганлик, давлат ва (ёки) жамоат манфаатларига зарар етказувчи фаолиятни амалга оширганлик, шунингдек хорижий манбалардан маблағ ва бошқа мол-мулк олганлик учун партияни тугатиш имкониятини назарда тутади. 

Top