Россия яна Украинага дронлар билан ҳужум қилди
18 мартга ўтар кечаси Россия Украинага кўп сонли дронлар билан ҳужум қилди. Кўплаб ҳудудларда ҳаво тревогаси эълон қилинди, ҳаво мудофаа тизими ишлаб кетди. Днипро минтақасида учта УУА уриб туширилди, муҳим инфратузилма объектига зарба берилди.
18 мартга ўтар кечаси Россия Украинага кўп сонли учувчисиз учоқлар билан ҳужум қилди. Киев ва Киев вилоятида, шунингдек, Полтава, Харкив, Черниҳов, Житомир, Херсон, Миколайив, Ровно, Хмелницкий, Тернипил ва Лвив вилоятларида ҳаво тревогаси эълон қилинди. Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари «Украйинска правда» нашрига россияликлар Shahed дронлари билан шимолий ва жануби-шарқий йўналишлардан ҳужум қилганини тасдиқлади.
Киев вилояти ҳарбий маъмурияти аҳолини «ҳаво ҳужуми» сигнали тугагунча хавфсиз жойларда қолишга чақирди. Президент девонининг раҳбари Андрей Ермак Telegram'да шундай ёзди: «Балалайкаларни ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширмоқда. Лекин сигнални эътиборсиз қолдирманг».
Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг Киев, Житомир, Черниҳов ва Днипропетровск вилоятларидаги иши ҳақида хабар берилган. «Восток» ҳаво қўмондонлигининг хабар беришича, Днипропетровск вилояти осмонида учта УУА, тахминан - Shahed-131/136 уриб туширилган.
Шу билан бирга, Днипропетровск ВҲМ раҳбари Сергей Лисак икки дрон Новомосковск шаҳридаги муҳим инфратузилма объектига урилгани ва бунинг натижасида «жиддий зарар кўрилгани» ҳақида хабар берди. Аввалроқ Новомосковск шаҳри мэри Сергей Резник шаҳарда портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берган, Украина Telegram-каналлари эса «олов устуни» кўтарилган жойдан олинган суратни эълон қилган эди.
Киевда Украина пойтахтига ҳужум қилган барча камикадзе дронлар йўқ қилинди. Бу ҳақда Telegram'да Киев шаҳар ҳарбий маъмурияти (ШҲМ) раҳбари Сергей Попко маълум қилди. «Душман яна бир бор Киев йўналиши бўйича Shahed'ларни учирди, - деб ёзади у. - Бизнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларимиз барча нишонларни йўқ қилди. Биз уларга ажойиб ишлаганликлари учун яна бир бор миннатдорчилик билдирамиз. Айни пайтдаги маълумотларга кўра, қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ. Маълумот аниқлаштирилмоқда».
Мавзуга оид
07:50
Германияда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаш пасаймоқда
17:58 / 11.11.2024
Британия ва Франция Байденни Украина Storm Shadow ракеталаридан фойдаланишига рухсат беришга кўндирмоқчи
16:42 / 11.11.2024
Кремл Путин ва Трамп телефонда суҳбатлашганини рад қилди
10:47 / 11.11.2024