Инсон ҳаётда ўз олдига бирор мақсад қўяр экан, шунга яраша саъй-ҳаракат ҳам кўрсатмоғи керак. Мақсад қанчалар катта бўлса, ҳаракат ҳам шунча салмоқли бўлиши талаб этилади. Бу йўлда энг асосийси ирода мустаҳкамлиги. Мақсад юксак, орзу беқиёс, умид туганмас бўлса-ю, ирода суст бўлса барча ҳаракат нолга тенг. Кутилган натижаларингизга эришолмадингиз, режангиз амалга ошмади, муваффақиятсизликка учрадингиз. Хўш, нима қилиш керак? Ҳаммасини йиғиштиришми? Тушкунликка тушишми? Қилган меҳнатларингизга ачиниб, вақтни зое кетказишдир? Йўқ! Давом этиш керак! Қайта-қайта уриниб кўриш, режа ва амал устида қайта ишлаш керак. Биз билган муваффақиятли инсонларнинг қай бири омадсизликка учрамабди? Шу жойда ирода кучга келади. Ирода, сабр-бардош, узиликсиз меҳнат дейилса, “Мартин Иден” асарини ўқиганларнинг кўз олдига асар қаҳрамони Мартин келиши аниқ. Унинг ўз мақсадига етиш йўлидаги машаққатлари, қатъияти ҳар бир китобхон учун ибрат вазифасини ўтайди.

Сюжет:

Бир куни Мартин Иден исмли матрос йигит аслзода хонадонга меҳмонга бориб қолади. Хонадон эгаларининг бир-бирига нисбатан гўзал муомаласи, сўзлашув маданияти, илм-фан бўйича суҳбатлари, яшаш тарзидаги назокати, шу билан биргаликда, Руф исмли латофатли қизи Мартини ўзига шайдо қилади. Хонадонга бир неча бор ташрифи ва соҳибжамол билан суҳбатлари қаҳрамонимизнинг ҳаётида кескин бурилиш ясайди. Энди Мартинда билим олиш, илм чўққисига етишиш, аслзодалар хонадонига арзирли бўлиш, энг муҳими, Руфга етишиш истаги пайдо бўла бошлайди. У турли хил китобларни ўқий бошлайди. Кутубхонага пайдар-пай қатнаб туради. Матрослик сафарига ҳам фақатгина пул зарур маҳали чиқадиган бўлади. Иденда яна бир ғаройиб орзу — ёзувчи бўлиш истаги пайдо бўлади. Бир қанча ҳикоя ва қиссалар ёзиб, газета ва журналларга тарқатади. Вақт ўтган сари унинг ёзган, аммо ҳеч бир нашрга қабул қилинмаган материалларининг саноғига етиб бўлмай қолади. Бу орада у Руфнинг қалбини забт этади, денгиздаги сафарларга ҳам чиқмай қўяди. Оқибатда ўта ночор ҳолатга тушиб қолади, ҳаётини фақат моддий манфаат ипига боғлаган поччаси сабаб опасининг уйидан кетиб, 7 фарзандли аёлнинг ижара уйида ижарачи бўлиб яшай бошлайди. Унинг ҳоли шу даражага етадики, кунлаб оч юради, бор-будини гаровга беради ва ҳамма баққолдан қарздор бўлиб кетади. Аммо Мартин ўзининг мақсадидан бир сония бўлсин кечишни хаёлига ҳам келтирмайди. Муваффақиятсизлик кетидан муваффақиятсизликларга парво ҳам қилмайди. Ёзаверади. Ёзаверади. Руф уни ташлаб кетади, поччаларининг тазйиқи билан опалари ҳам юз ўгиради. Иден бутунлай ёлғизланиб қолди. Ниҳоят унга омад кулиб боқади ва битта асари жудаям машҳур бўлиб кетади. Бу муваффақиятдан сўнг илгари Мартиннинг асарларини рад қилиб юборган газета ва журналлар энди турли илтимосномалар юбориб, катта маблағ эвазига унинг материалларини сўрай бошлашади. Мартин энди бадавлат, машҳур ва обрўли шахсга айланиб қолади. Асарнинг кульминацияси ҳам айни шу жойда бошланади. Ундан юз ўгирган, доим камситган, ҳақорат қилган инсонлар, ҳатто Руфнинг оиласи ҳам машҳур ёзувчига нисбатан муносабатини кескин ўзгартиради. Уни овқатланишга, зиёфатларга, базмларга таклиф қила бошлашади. Айнан шу нарса Иденнинг кўнглига оғир ботади ва у бу жамиятдан, сохта инсонлардан безиб қолади. Оғир кунида қўлидан келган даражада ёрдами теккан саноқли инсонларнинг орзусини амалга оширади ва бу орқали яхшилик жавобсиз қолмаслигини исботлайди. Унинг тақдири фожиали якун топади. Юраги сохталикларга бардош беролмайди ва бу аҳмоқона жамият ва юзакилик асосига қурилган ҳаётни тарк этишга қарор қилади. Ўзини денгизга чўктиради...