Қашшоқ давлатларнинг қашшоқлиги сабаби. Жеймс Робинсон Тошкентда маъруза қилди
Нега айрим давлатлар бой, айримлари камбағал? Шу савол устида илмий изланишлар олиб борган олим, Чикаго университети профессори, иқтисодчи Жеймс Робинсон 17 март куни илк марта Тошкентга келди.
Дунё миқёсидаги таниқли олим, ҳамкасби Дарем Ажемўғли билан ҳаммуаллифликда ёзган “Why Nations Fail” (“Мамлакатлар таназзули сабаблари”) китобининг ўзбек тилидаги талқини тақдимотида иштирок этди. Илк марта 2012 йилда чоп этилган ва тезда машҳурликка эришган китоб ўзбекистонлик иқтисодчи, АҚШнинг Висконсин университети докторанти Беҳзод Ҳошимов муҳаррирлигида 2021 йили илк марта ўзбек тилига ўгирилган эди.
Олим билан учрашувда иқтисодчилар, банк-молия мутахассислари, давлат расмийлари, жамоатчилик фаоллари, талабалар ва ёшлар иштирок этди. Kun.uz Жеймс Робинсоннинг тадбирдаги нутқидан айрим қисмларини келтириб ўтади.
Аввало айтиш керак, китобда нега айрим давлатлар бойиб кетган, айримлари эса қашшоқ, деган савол атрофидаги турли фаразлар рад этилган. Муаллифларнинг исботлаб беришича, денгизга чиқиш имкони бор-йўқлиги, ерости бойликларининг ҳажми қанчалиги, иқлими, тарихи, менталитети ва шу каби омиллар давлатларнинг бой ёки камбағал бўлишини белгилаб бера олмайди. Хўш, унда гап нимада?
Тадқиқотчиларнинг далилларига кўра, жамиятларнинг қанчалик тараққий этиши – уларнинг қандай бошқарилишига боғлиқ. Қайсики жамият бошқарувида кенг аҳоли қатламлари иштирок эта бошласа, ўша жамият тезда бойий бошлайди. Бундай жамиятларда аҳоли, тор доирадаги шахслар гуруҳи томонидан бошқарилаётган мамлакатларга қараганда, фаровонроқ ҳаёт кечиради.
Шу қадар яқин, шу қадар фарқли
Жеймс Робинсон мамлакатлар тараққиёти сабаблари ҳақида кўп тарқалган қарашларни рад этиш учун Корея мисолини келтирди. Яриморолнинг тунда фазодан олинган суратида унинг жанубий қисмида (Корея Республикаси) электр чироқларининг ёруғлиги кўплигини яққол кўриш мумкин. Шимолда эса бундай ёруғлик фақат Пхенян (КХДР пойтахти)да кўзга ташланади, қолган аксарият ҳудудлар эса қоронғи. Бу ҳолат икки мамлакатнинг ривожланиш даражаси ва иқтисодиёти ўртасидаги фарқни яққол кўрсатиб беради.
“1960-йилларга бориб қолсангиз, бунақа фарқни кўрмасдингиз. Аксинча, Кореянинг шимоли жанубига қараганда нисбатан фаровонроқ эди. Ҳозиргидек фарқ эса Корея урушидан кейин пайдо бўла бошлади. Бу таққослашда шуниси қизиқки, Шимолий Корея ва Жанубий Кореянинг тараққиёт даражасидаги фарқни уларнинг маданияти ёки тарихи билан изоҳлаб бўлмайди, чунки бу борада улар бир хил. Тавофут эса улар қурган институтларда.
Институтлар деганда мен жамиятдаги қоидаларни, одамлардаги рағбатлар ва имкониятларни назарда тутяпман. Айни шу институтлар сабабли ҳам бугун Жанубий Кореяда жон бошига ўртача даромад йилига 30 минг доллар, ўртача умр давомийлиги эса Шимолий Кореяга қараганда тахминан 10 йилга кўпроқ.
Гап фақат Samsung, технологик тараққиёт, замонавий автомобиллар кабиларда эмас – Жанубий Корея ўз оҳанрабосига эга! Корейслар Netflix'ни эгаллашяпти. Биласиз, кўп жойларда “дод, ғарб маданияти бизнинг маданиятимизни ютиб юборяпти” дейишади, лекин менимча, ғарбдагилар корейс маданиятининг таъсиридан хавотир олиши керак.
Жанубий Корея – бу креатив инсонлар, инновациялар жамияти. Биласизми, инновация фақат телефон дегани эмас; инновация – бу санъат, мусиқа, фильмлар – инсонлар хоҳлайдиган ҳамма нарса. Бу борадаги тараққиёти Корея қанчалик зўр мамлакатга айланганини кўрсатади, бунга эса институтлар орқали эришилган”, – деди олим.
Инклюзив ва экстрактив институтлар
Жеймс Робинсон жамиятлар бир-бирига жуда яқин жойлашганига қарамай, институтлардаги фарқ сабабли ривожланишида жуда катта тафовут юзага келишини кўрсатувчи яна бир мисолни келтирди: АҚШнинг Аризона штатидаги Ногалес шаҳри ва Мексиканинг Сонора штатидаги Ногалес шаҳри. Бир хил номдаги бу икки шаҳарни фақат АҚШ ва Мексика чегарасини белгилаш учун ўрнатилган девор-тўсиқ ажратиб туради.
Чегара келишуви билан иккига бўлинган ҳудуд аҳолисининг тарихи, тили, маданияти умумий бўлган. Айни пайтга келиб эса, Аризонадаги Ногалесда ўсмирларнинг деярли ҳаммаси мактабга боради, аҳолининг катта қисми олий маълумотли, одамлар сифатли тиббиётдан фойдаланиш имконига эга – шунга мувофиқ, жанубдаги қўшниларига қараганда узоқроқ умр кўради. Инфратузилма шароитлари яхши, фуқаролар ўз мулкини ҳимояланган деб ҳис қилади, қонун ва тартиб ҳукмрон. Аҳоли ҳукуматни ўз агенти деб билади: улар ўз мэрини, конгрессменлари ва сенаторларини сайлайди, фаолиятидан қониқмаган тақдирда уларни алмаштира олади.
Қўшни шаҳарда – деворнинг нариги тарафида эса ҳаёт анча бошқачароқ. Мексикадаги Ногалесда уй хўжаликларининг ўртача даромадлари АҚШдаги Ногалесга қараганда уч баравар кам. Мексика фуқаролари бўлмиш ногалесликларнинг кўпи мактабни тамомламаган, болалар ўлими кўрсаткичлари юқорироқ, йўллар ва бошқа инфратузилма объектларининг ҳолати қониқарсиз. Ҳуқуқ тизимида жиддий муаммолар бор; жиноятчилик даражаси юқори. Одамлар сиёсатчиларни коррупцияда, малакасизликда айблайди.
Робинсоннинг тушунтиришича, ўртадаги бу фарқ – иккала жамиятда қарор топган институтлардаги тафовут билан боғлиқ. У институт деганда жамиятдаги қоидалар ва бу қоидаларга риоя этилишини таъминлаш механизмларини назарда тутади. “Мамлакатлар таназзули сабаблари” китобида институтлар икки турга ажратилган: инклюзив ва экстрактив.
Инклюзив (қамраб олувчи, бирлаштирувчи) институтлар жамиятнинг барча қатламлари ва гуруҳларини ўз ичига қамраб олади, бунда давлат бошқарувида кенг аҳоли қатламлари иштирок этиши натижасида бутун жамият манфаатлари учун хизмат қилувчи қарор ва қонунлар қабул қилинади.
Экстрактив (чиқариб ташловчи, ажратувчи) институтлар эса кенг аҳоли қатламлари давлат бошқарувидан четлатилган, қарорлар фақат тор доира (элита) томонидан қабул қилинадиган ва табиийки кўпроқ уларнинг манфаатини кўзловчи институтлардир.
Инсоният ўз тарихининг мутлақ катта қисмида экстрактив қоидаларга асосан яшаб келган. Шу маънода, одамларнинг давлат бошқарувида иштирок этиши ва шундай қоида жорий этилган жамиятларнинг бошқаларга қараганда ўта тез бойиб кетиши – бутун тарих миқёсида олганда аномал ҳодиса.
Ҳокимият нафақат тақсимланган бўлиши, балки қудратли ҳам бўлиши керак
Инклюзив институтларнинг пайдо бўлиши 1688 йилда Англияда рўй берган сиёсий инқилобга бориб тақалади. Ўшанда тарихда биринчи марта монархнинг ваколатларини чеклашга муваффақ бўлинган, монарх парламент сиймосидаги халқ билан ҳисоблашишга мажбурланган, буни амалга ошириш учун эркин сайловлар ва сўз эркинлигини кафолатловчи “Ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонун (Bill of Rights) қабул қилинганди.
Инклюзив сиёсий институтларнинг ватани Англия бўлса-да, инклюзив иқтисодий институтларнинг гуркираб ривожланиши биринчи бўлиб АҚШда рўй берган. Бунда ихтироларни патентлаш орқали ҳимоялашга доир қонун қабул қилингани муҳим ўрин тутган.
Жеймс Робинсонга кўра, АҚШда сиёсий ҳокимиятнинг аҳоли ўртасида кенг ва чуқур тақсимлангани – инклюзив иқтисодий институтлар шаклланишидаги биринчи асосий омил бўлган. АҚШнинг иккинчи асосий ютуғи эса – давлатнинг кучида эди.
“Кучли давлат – ўз қонунларини ижро эта оладиган давлатдир. Агар қонунлар фақат қоғозда бўлса, бу давлатни кучли деб бўлмайди”, дея таъкидлади у. Профессор давлатнинг кучли бўлиши қанчалик муҳимлигини кўрсатувчи мисол сифатида АҚШда монополияни чеклаш мақсадида 1890 йили қабул қилинган қонун (Sherman Antitrust Act)ни келтирди. Ўз вақтида дунёнинг энг бой одами бўлган, демакки ҳокимиятни шунчаки сотиб олишга ёки унга босим ўтказишга қурби етган Жон Рокфеллернинг Standart & Oil компанияси ва бошқа монополиялар мавжуд бўлган шароитда бу қонун талабларини амалда бажаришга эришилгани тарихий бурилиш эди. Ўшанда суд, қонун талаби асосида, Standart Oil'ни 43 та компанияга бўлиб юбориш ҳақида қарор чиқарганди.
Бу бурилишнинг мазмуни шундан иборатки, АҚШда бадавлат инсонлар, бойлиги қанчалик ошиб-тошиб кетган бўлмасин, сиёсатга таъсир ўтказиши жуда-жуда қийин. Аксинча, давлат, жамият манфаатларининг ҳимоячиси сифатида, монополист-миллиардерлар устидан тўлиқ назоратга эга. Жеймс Робинсон машҳур мисоллар сифатида Microsoft асосчиси Билл Гейтс, Facebook асосчиси Марк Цукерберг кабиларнинг Конгрессга чақирилиб, савол-жавоб қилинишини эслатиб ўтди.
Шу тариқа, ҳокимият халқ ўртасида тақсимланган бўлишининг ўзигина етарли эмас: инклюзив сиёсий институтлар мавжуд бўлишининг асосий шарти – ҳокимият ўзи қабул қилган қонунларнинг ижро этилишини таъминлай оладиган даражада қудратли бўлиши керак.
Чекланмаган ҳокимият юлғичлик қилиши аниқ
Жеймс Робинсоннинг сўзларига кўра, сиёсий институтлар экстрактив бўлган мамлакатда иқтисодий институтлар инклюзив бўлиши ҳам мумкин. Бунда жамият сиёсий курсга катта таъсир қила олмайди, лекин элитадан ташқари, кенг доирадаги қатламларнинг ҳам мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинади, фойда олишни кўзлаган одамлар ўзаро эркин иқтисодий муносабатга киришиши учун шароитлар яратилади. Натижада активлардан самарали фойдаланишга, меҳнат унумдорлигини оширишга рағбатлар пайдо бўлади (экстрактив иқтисодий қоидалар ҳукмрон муҳитда бундай рағбатлар бўлмайди).
Бунга ёрқин мисол – Хитой. Жаҳоннинг иккинчи энг катта иқтисодиётига айланган Хитойдаги иқтисодий ўсиш, тадқиқотчининг сўзларига кўра, барқарор бўлмаслиги эҳтимоли катта. “Чунки тарих шуни кўрсатадики, тор элитанинг эркалиги шароитида инклюзив иқтисодий институтлар узоқ вақт мавжуд бўла олмайди”, деди Робинсон.
“Ҳокимият коррупцияга мойил бўлади, чекланмаган ҳокимият эса аниқ коррупцияга қўл уради”, дея тарихчи Лорд Актондан иқтибос келтирди у.
Инглиз олимининг қўшимча қилишича, ҳар қандай жамиятда, ҳатто АҚШда ҳам, экстрактив институтларга қайтиш учун рағбатлар доим бўлган.
Экстрактив қоидалар ҳукмрон юртда миллионлаб талантлар увол бўлади
Китоб муаллифи айрим давлатларнинг бой, айримларининг эса камбағал эканини изоҳлаб, бу улардаги сиёсий институтларга боғлиқ эканини айтаркан, камбағал давлатлардаги бир умумийликни афсус билан қайд этди: экстрактив институтларда инсонларнинг қобилиятлари фаровонлик ва бойлик яратишга ишлатилмасдан, увол бўлади. Фақат камдан кам одамларгина ўз потенциалини рўёбга чиқара олади. Чунки ўйин қоидаларидаги мавжуд рағбатлар шуни тақозо қилади, имкониятлар эса чегаралаб қўйилган.
Жеймс Робинсон ўз тадқиқотидан айрим хулосаларни айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, биринчи хулоса шуки, тарих – бу ҳукм эмас. Мамлакатларнинг ўтмиши, менталитети, географик жойлашуви, табиий бойликлари бор-йўқлиги ёки бошқа хусусиятларидан қатъи назар, бойиш учун ҳаммада имконият бор.
Шу билан бирга, мустаҳкам ўрнашган экстрактив институтлар ўрнига инклюзив институтлар барпо этиш осон эмас. Бу кўпинча кичик ёки катта сиёсий ўзгаришлар тўлқинини ва экстрактив институтлардан азият чекаётган инсонларнинг жамоавий саъй-ҳаракатларини тақозо қилади. Бу рўй берган тақдирда ҳам, муваффақият кафолатланмаган: янги келган ҳокимият аввалгисидан тубдан фарқ қилмайдиган экстрактив сиёсатни давом эттириши ҳолатлари кўп учрайди.
Асосийси, нима қилса халқлар бойиши, фаровонликка эришиши, узоқроқ ва бахтлироқ умр кечириши энди аён, бунинг рецепти кашф этиб бўлинди. География, маданият каби табиий омиллар бунга тўсиқ эмаслиги ҳам тасдиқланди. Шу жиҳатдан, тадбир ташкилотчиси, иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов ўз нутқида бу китобни “умид китоби” деб атади. У ва бошқа қатор олимлар яқин йилларда Жеймс Робинсон ва Дарем Ажемўғли иқтисодий ривожланишга доир тадқиқотлари учун иқтисодиёт бўйича Нобел мукофотини олишига ишонч билдирган.
Жаҳон даражасидаги олимнинг шахсан ўзи китобини Тошкентда тақдимот қилиб, ўқувчиларга дастхат қўйиб бериши, учрашувда иштирок этиш пулли бўлганига қарамай, бир неча юз кишилик зал китобхонлар билан тўлгани – Ўзбекистонда доим ҳам кузатилавермайдиган ижтимоий воқеа бўлди.
Тадбир иштирокчиларининг катта қисмини ёшлар ташкил этгани эътиборга лойиқ. Жеймс Робинсон маърузасидан кейин саҳнада аввалига иқтисодчи, Ҳарвард университети докторанти Ботир Қобилов билан суҳбатлашди, шундан кейин аудиториядан тушган бир нечта саволларга жавоб бериб ўтди.
Жамоатчилик тадбирни илиқ қарши олганини таъкидлаш лозим. Қатор фаоллар ижтимоий тармоқда ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, бу каби учрашувлар давом этиши кераклигини таъкидлашди.
“Мамлакатлар таназзули сабаблари” китобининг ўзбек тилидаги навбатдаги тиражи яқин кунларда Asaxiy.uz томонидан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.
Комрон Чегабоев
Мавзуга оид
11:28 / 20.11.2024
Ҳукумат инвестиция комплекси иқтисодиёт учун муҳим бўлган 300 дан зиёд йирик лойиҳани ишга туширади
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
19:18 / 05.11.2024