Ўзбекистон | 14:22 / 22.03.2023
4886
2 дақиқада ўқилади

Даниянинг юк авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни йўлга қўйди

21 март куни Даниянинг Maersk Air Cargo юк авиакомпаниясининг самолёти Навоий халқаро аэропортига қўниб, Биллунд – Навоий – Ханчжоу – Навоий – Биллунд йўналиши бўйича Ўзбекистонга парвозларни бошлаб берди.

Фото: Maersk Group

«Бу йилги Наврўз совғаларга бой. Бир кунда бирданига учта авиакомпаниянинг самолётларини кутиб олдик. Юк ташиш соҳасида жаҳон гиганти ҳисобланган Maersk Group логистика гуруҳи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон аэропортлари, хусусан Навоий аэропорти учун жуда муҳим лойиҳа. Бир неча ой музокаралар олиб борилди, шартлар муҳокама қилинди ва 21 мартдан Ўзбекистон орқали парвозлар бошланди», - деди Uzbekistan Airports бошқаруви раиси Раъно Жўраева.
 
Maersk Air Cargo рейслари ҳафтасига олти мартадан бошланди, кейинчалик рейслар ҳафтасига 36 мартагача кўпаяди. Boeing 767 юк самолётлари Даниядан Ўзбекистон орқали Хитойга ва ортга учади. «Навоий» аэропорти авиакомпания самолётларини техник қўниш, ёнилғи қуйиш ва экипажни алмаштириш учун ўтказиш пунктига айланади.

Maersk Air Cargo штаб-квартираси Биллунд шаҳрида жойлашган Дания юк авиакомпаниясидир. Компания 2022 йилда Maersk логистика гуруҳи таркибига кирувчи Star Air авиаташувчиси негизида ташкил этилган.

Мавзуга оид