Жамият | 20:21 / 22.03.2023
40638
5 дақиқада ўқилади

Номус можароси: она қизининг муаллимини тегажоғликда айблаб, туҳмат учун жазоланди

Сўнгги вақтларда педофилия, яъни вояга етмаган қиз болаларга нисбатан жинсий зўравонлик воқеалари тез-тез рўй бераётгани таассуфли ва бундан жамоатчилик ҳам хабар топмоқда.

Хусусан, 2023 йил 31 январ куни Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида 12 яшар қизнинг мурдаси зўрлик ва қотиллик аломатлари билан топилди. Гумондор сифатида 29 ёшли эркак қамоққа олинди. Шунингдек, 8 март куни Самарқандда ҳам 14 ёшли қизни ўғирлаб, шаҳар ташқарисига олиб чиқиб кетаётган шахс аниқланиб, бу ҳолатда ички ишлар ходими бўлиб ишлаб келган эркак қамоққа олинди.

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи аёл Kun.uz’га қилган мурожаатида 6-синф қизига ўқитувчиси тегажоғлик қилгани ҳақида хабар берган. Бу ҳолатни юқоридаги каби воқеалар ортидан юзага келаётган қўрқув ёки ҳушёрлик, дейиш мумкин. Масала нозиклиги туфайли воқеа туманнинг қайси маҳалласи ва мактабида рўй бераётганини очиқламадик. Бироқ халқ таълими ва ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу воқеадан хабардор.

Ҳолат юзасидан мухбирларимиз туманда бўлиб, икки томоннинг ҳам важ ва изоҳларини ўрганди. Ўқитувчи биз билан суҳбатда аёл турли ташкилотларга тўхтовсиз мурожаат қилаётгани фаолиятига салбий таъсир қилаётгани, мавзу судда ҳам кўрилганини айтмоқда.

Тегажоғликда айбланаётган 6-синф раҳбари (эркак ўқитувчи) бўлиб ўтган воқеани шундай тушунтирди:

«Ўқувчим дарс қолдиравергани учун ота-онасини чақиртирдим. Улардан фарзанди нега мактабга келмагани бўйича тушунтириш хати беришларини сўрадик. Шундан сўнг, аввалига онаси, кейин отаси мактабда жанжал кўтарди. Ўқувчилар кўз ўнгида ёқамдан олди, ҳақоратлади.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Бундан норози бўлган ота-она «қизимга тегажоғлик қилди», деб ёзиб берди. Аслида, улар воқеа юз берди дея иддао қилаётган вақтда мен бутунлай бошқа жойда бўлганман, буни судда ҳам исботлаб бердим. Айбим — «ўқувчи нега сабабсиз мактабга келмаяпти, келишини таъминланг», деб талаб қилганим. Уларда эскидан ҳеч қандай адоватим йўқ. Бу ёза-ёзлар оиламга, иш фаолиятимга ҳам халал беряпти», деди исмини сир сақлашимизни илтимос қилган ўқитувчи.

Жиноий ишлар бўйича суд ўқитувчининг фойдасига қарор қабул қилган.

Маълум бўлишича, аёл икки йил аввал — қизи 4-синфда таълим олаётганда ҳам мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси қизига тегажоғлик қилгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига ариза берган экан. Биз ўша ўқитувчи билан ҳам суҳбатлашиб, икки йил аввалги воқеа яраштирув билан якун топганини билдик. Икки ўқитувчи ҳам муқаддам судланмаган ва ҳамиша таълим соҳасида ишлаб келган.

Мактаб раҳбариятига кўра, ўқувчи дарс қолдиргач, ўқитувчи унинг онасидан тушунтириш хати талаб қилган. Ўша воқеа ўртада келишмовчилик юзага келишига сабаб бўлган. Мана, бир ойдан ошибдики, ўқувчи мактабга келмаяпти. Мактаб маъмурияти эса уни қайтариш учун ҳозирча бирор чора-тадбир топа олмаган.

Мактабда қизимга зўравонлик қилинди, деган аёл билан ҳам суҳбатлашдик. Аёл суҳбат давомида қизи бир ойдан бери мактабга бормаётгани ва сирка ичиб, шифохонада ҳам даволаниб чиққанини айтмоқда.

«Қизим жуда яхши ўқирди. Ҳозир эса кўчада синфдошлари, мактабга бораётган тенгдошларини кўриб ўксиняпти. Ўша фан ўқитувчисидан жуда қўрқиб қолган, кўришни истамаяпти. Ўқитувчи мактабдан кетмас ёки бошқа фан ўқитувчиси билан алмаштирилмас экан, қизим мактабга бормайди», – деди аёл.

Қизнинг отаси ўқувчилар кўз ўнгида ўқитувчини келиб ҳақоратлагани ва ёқалашгани айтилмоқда. Шундан сўнг, ўқитувчи ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган, иш судгача бориб етган. 2023 йил 10 март куни Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди томонидан кўрилган ишда қизнинг отаси жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузгани, она эса ўқитувчига туҳмат қилгани учун жаримага тортилган.

Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими онанинг талабига кўра, қизига дарс бериб келган ўқитувчи бошқа фан ўқитувчиси билан дарси алмаштирилганини маълум қилди. Шунингдек, ўртада низо келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолат — мактаб раҳбариятининг ота-оналардан тушунтириш хати талаб қилиши нотўғри бўлгани айтилди. Бу ҳақда туман халқ таълими бўлими мактабларга ҳеч қандай топшириқ бермаган. Ўқувчи эса тез орада яна мактабга қатнаши мумкин.

Хулоса қилиш мумкинки, мактабда ҳарқалай ўқитувчи ва ўқувчи, ўқитувчи ва ота-она ўртасида муносабат бузилган. Педагогик жамоа ота-онани айблашдан нарига ўтмаяпти. Ўқувчи қизнинг шаънини икки томон ҳам ўйламаяпти. Она эса фарзандлари мактаб ва маҳаллада руҳий босимда қолаётганидан ташвишда. Бундай вазиятда мактаб психологи, туманнинг хотин-қизлар бўйича масъуллари оилага ижтимоий-маънавий кўмак бермас экан, ўртадаги жарлик кенгайиб бораверади. Энг ёмони, ўсмир ёшдаги ўқувчилар ўзига зарар етказиб қўйиши ҳеч гап эмас.

Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид