«Вагнер» тактикаси: нега ёлланма жангарилар Россия армиясидан самаралироқ урушмоқда?
«Путиннинг ошпази» раҳбарлик қилаётган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси Украинанинг Бахмут шаҳри атрофида ва ичида сиқувни давом эттирмоқда. Аллақачон шаҳар мавзеларининг ярми эгалланган, қолган қисми ҳам тез орада қуршаб олиниши мумкин.
Лекин шунга қарамасдан Украина қўмондонлиги шаҳар мудофаасини таъминлашга қарор қилди ва захиранинг яна бир қисмини шу йўналишга ташлади. Бу «вагнерчилар»нинг силжишини тўхтатмаган бўлса-да, анча секинлаштирди. Шу билан бир вақтда сон жиҳатдан кичикроқ Украина армиясини турли йўналишлардан сиқишга киришган Россия мунтазам армияси натижага эриша олмаяпти.
Хўш, айнан нима «Вагнер» ХҲКни Россиянинг энг самарали ҳарбий кучига айлантирди? Унга қарши Украина қуролли кучлари нима қила олади? «Медуза» «Вагнер» ХҲКнинг тактикасини батафсил ўрганиб чиқди.
Сўнгги йилда «Вагнер» Украинада қандай жанг олиб борди?
Путинга яқин тадбиркор Евгений Пригожин томонидан назорат қилинадиган «Вагнер» ХҲК Украинага босқиннинг дастлабки кунлари ва ҳафталарида иштирок этмаган. Ёлланма жангарилар фақат 2022 йилнинг апрелига келиб Украинага ташланган. Ўшанда штурм отрядлари Луҳанск областининг Попасна шаҳри учун жангларга киришганди. Шаҳар 2015 йилдан буён Украина қўшинлари ва ўзини ўзи мустақил дея атаб олган «ЛХР» айирмачиларининг «тўқнашув чизиғи»да эди. Бу жой Киев томонидан мудофаага яхши тайёрланганди.
Бу вақтга келиб рус қўмондонлиги Киев, Харкив ва Миколайив остонасида қақшатқич мағлубиятга учраб, Донбассда бир неча йўналишда ҳужум бошлаганди. Бу ҳужумларнинг катта қисми ҳеч нарса билан тугамади, бироқ «Вагнер» ХҲК Украина армиясини Попасна шаҳридан сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди.
Шу билан олға силжиш тугади
Нега?
Россия қўмондонлиги муваффақиятни ривожлантириб, 2022 йилнинг ёзги кампаниясини Украинанинг Северодонецк ва Лисичанск шаҳарларидаги бўлинмаларини қуршаб олиб, нуқта қўймоқчи бўлди.
Попаснадан шимолроқда «Вагнер» ХҲК мунтазам армия қисмлари билан Украина қуролли кучлари ортига ўтиб олишга муваффақ бўлди. Бироқ, Россиянинг Марказий ҳарбий округи қўшинлари Шимолий Дон дарёсини кечиб ўтиб, уларга пешвоз чиқишни эплай олмасдан, катта йўқотишларга дучор бўлди.
Қуршаб олишнинг уддасидан чиқа олишмагач, Россия қўшинлари яна икки ой давомида катта йўқотишлар эвазига Украина бўлинмаларини Северодонецк ва Лисичанскдан сиқиб чиқариш билан машғул бўлишди.
Июл ойи бошларида Лисичанск эгаллангач, россияликлар шарқдан Соледар ва Бахмут остонасига чиқишди, бироқ шу ерда уларнинг олға силжиши депсиниб қолди. Путин эса ҳарбийлар ҳордиқ чиқариши керак, деб ҳисоблади. Икки ойдан сўнг Украина ҚК ўз қарши ҳужумини бошлади. Аввал Херсон, сўнгра Харкив областида. РФ ҚК ташаббусни тўлиқ бой бериб, бир неча ойга мудофаа билан машғул бўлиб қолди.
«Вагнер» ХҲК ўшандаёқ фронтда мавжуд шарт-шароитлар учун ўз тактикаси тўғри келишини намоён қилиб бўлган эди. Попаснада ёлланма жангарилардан иборат штурм гуруҳининг жанги суратга олинди, улар разведка дрони ёрдамида Украина ҚКнинг ўзидан йирикроқ бўлинмаси позициясини эгаллашга муваффақ бўлган. Бу видео Мариуполдаги ва Луҳанск областидаги Рубижнедаги кўча жангларидан буткул фарқ қиларди.
Август ойидан бошлаб «Вагнер» ХҲК бир неча ўн минг маҳбус ва истеъфодаги ҳарбийларни ўз сафига сафарбар қилиб, ресурсларини кескин кенгайтирди. Россия ҚК Донбасс шимолидан чекинар экан, «Вагнер» олға силжишда давом этарди. 1 август куни ёлланма жангарилар Вуҳледар ИЭСни эгаллаб, жанубдан Бахмут томон секин-аста бостириб бора бошлади.
Октябр ойида «Вагнер» ХҲК шунчалик кучайдики, уларга Ҳорливкадан Соледаргача фронтнинг шимолий қисми ҳам ишониб топширилди (у ердаги мунтазам қўшинлар кузда ёрдамчи вазифани бажаришди). Ноябр ойида Украина ҚК Херсонни озод қилиб, Луҳанск области шимолидаги Сватовега ҳужум қилишга уринганида, Россиянинг барча ҳарбий кучлари қийин аҳволдалигига қарамасдан «Вагнер» ХҲК Соледар ва Бахмутни эгаллаш учун операция тайёрлаётгани маълум бўлди.
Украина ҚК Бахмут ҳудудига ёрдамчи кучлар ташлай бошлади, шундан сўнг Сватове ҳудудида ҳаракат қилган гуруҳни ҳам Донбасс марказини қўшимча кучайтириш учун сафарбар қилди. Бироқ, бу захиралар ҳозиргача «Вагнер» ХҲК сиқувини тўхтата олгани йўқ. Россия қуролли кучларининг қишда бошланган барча ҳужумлари эса сезиларли натижаларга олиб келмади.
Нега «Вагнер» ХҲК самарали ишламоқда?
«Вагнер» ХҲКни (миқёси ва у ҳаракат қилаётган йўналиш ўлчами бўйича) РФ ҚКнинг ҳарбий округлар базасида ташкил этилган гуруҳларига таққослаш мумкин. Ёлланма жангарилар ўз артиллерияси ва маълум миқдордаги авиациясига ҳам эга.
«Вагнер» ХҲК ташкилоти ва уруш олиб бориш усуллари ҳақида кўп нарса маълум эмас (жумладан, операцияларни айнан ким тайёрлаши, жангарилар устидан ким қўмондонлик қилиши, қандай шарт-шароитларда янги операциялар ишлаб чиқилиши). Жангариларнинг Евгений Пригожинга ишловчи ҳарбий мухбирларга айтган кам сонли ва аниқ бўлмаган ҳикоялари узуқ-юлуқ манба сифатида хизмат қилади.
Бундан ташқари, Украинага тегишли дронлар томонидан «Вагнер» ёлланма жангариларининг ҳаракатлари туширилган тасвирлар, украиналик ҳарбийлар ва журналистларнинг ўлжа сифатида қўлга киритилган ҳужжатларни ўрганган бошқа ҳарбийларга берган саволлари ва бошқа хабарлар ҳам бор. Бу хабарларни мустақил равишда тасдиқлаш жуда қийин, лекин улар Россия томонидан урушнинг бориши ҳақида эълон қилиб борилган ҳужжатли гувоҳликлар, пилотсиз бошқариладиган учар қурилмалар видеоларига зид эмас.
Оператив даражада «Вагнер» ХҲК Россия мунтазам қўшинларидан нимаси билан фарқ қилади?
- «Вагнер» ХҲК қўмондонлиги РФ ҚКга хос бўлмаган катта эгилувчанликни намойиш қилади. Масалан, Бахмут учун жангларда «Вагнер» ХҲК бош зарба йўналишларини кўплаб марта ўзгартириб турган. Агар ноябр ойида ёлланма жангарилар Бахмутни жанубдан штурм қилиб, айланиб ўтишни ният қилгандек кўринган бўлса, декабр ойида ХҲК кутилмаганда Соледар атрофидаги ўзини мустақил дейдиган «ЛХР» қўшинларини алмаштириб, шаҳар атрофидаги бир неча посёлкаларни эгаллаб олди. Бахмутдан жануброқда жангарилар ўрнига ҳаво-десант қўшинлари қисмлари жанг қилаётганди. Сўнгра «Вагнер» яна Бахмут жанубидан ҳужум уюштириб, Опитне шаҳарчасини эгаллаб олди, бироқ кейин яна Соледар тарафдан бор кучи билан ҳужум бошлади ва шаҳарга ёриб кирилди. Бундан кейин яна жанубдан зарба берилди ва ёлланма жангарилар Бахмут мудофааси учун ўт муҳим бўлган Клишчийивка посёлкасини эгаллашди. Бахмут шаҳрининг ўзида ҳам худди шу тариқа кучлар тақсимоти векторлари алмашиб турибди. Зарба йўналишининг бу қадар тез-тез алмаштирилиши Украина ҚК захираларини ҳам чарчатди. Бундай ёндашув Вуҳледарга ҳужумдан тубдан фарқ қилади. У ерда РФ қўмондонлиги (Шарқий ҳарбий округ) бир неча ойлардан буён бир йўналишдаги тактикалардан фойдаланиб, муваффақият қозона олмаяпти.
- «Вагнер» ХҲК куч ва воситаларни бир жойга жамлашни яхшироқ эплайди, шунингдек ўзининг штурмчи отрядлари ва ҳамда уларни қўлловчи кучлари — артиллерия, авиация ва ҳ.к. ўртасида яхши ҳамкорликни йўлга қўя олган.
Тан олиш керак, бир томондан «Вагнер» ХҲКнинг очиқ-равшан ожиз томонлари ҳам бор. Компания РФ ҚКдан фарқли ўлароқ, Украина қўшинларининг чуқур мудофааси томон механизациялашган бўлинмалардан фойдаланиб, тезкор зарба беришга ҳаттоки уриниб ҳам ўтирмайди. Ёлланма жангарилардан иборат штурмчи отрядлар пиёда ҳужум қилади, техникадан эса узоқроқдан ўт очиш ва аскарларни олд чизиққа элтиб қўйиш учун фойдаланилади. Украинанинг навбатдаги позициясини эгаллагач, ХҲК у ерни мустаҳкамлайди, қанотларни хавфсизлаштиради ва кейинги ҳужумга тайёргарлик кўради. Булар сабабли ХҲК отрядларининг ҳужуми услубий, бироқ жуда секин кўриниш олмоқда. Бу эса Украина ҚКга ёлланма жангариларнинг асосий зарба берган жойига қўшимча кучларни етказиб келиш имконини бермоқда. 2022 йил июлидан 2023 йил мартигача «Вагнер» ХҲК ҳар қандай йўналишда ўзлари илк марта жангга киришган Попаснадан 30 километрдан ортиқроққа силжий олмаган.
«Вагнер» ХҲК услублари жуда «ресурсхўр». Компания тирик кучларда катта йўқотишлар бермоқда ва жуда кўп ўқ-дори сарфламоқда. Яқинда Пригожин унга ойига 10 минг тонна ўқ-дори лозимлигини таъкидлади. Унинг баёнотидан айнан қандай ўқ-дорилар кераклиги ноаниқ, лекин гап фақат снаряд ва баравар ўт очиш реактив тизимлари (БЎОРТ) учун ракеталар ҳақида борган бўлса, ўртача ўқ-дорининг оғирлиги 50 кг деб олинса, ХҲК учун суткасига 6,5 минг снаярд кераклиги келиб чиқади. Бу эса, Украина қўмондонлиги баёнотига кўра, украинлар шу муддат ичида фронтнинг барча нуқталарида ишлатадиган снарядлар миқдоридан ҳам кўпроқ.
Тактика даражасида ёлланма жангариларнинг ҳаракатлари Россия мунтазам армиясидан нимаси билан фарқ қилади?
Украин манбаларига кўра, айнан «Вагнер»нинг тактикаси Украина ҚКга катта муаммолар туғдирмоқда.
- ХҲК фронтда штурм отрядлари билан ҳаракат қилади, улар эса ўз навбатида штурм гуруҳларидан иборат. Украина ҳарбийлари ва журналистларига кўра, гуруҳда етти кишидан 50 кишигача бўлиши мумкин.
- Гуруҳлар билдирмасдан украин позицияларига яқинлашиб келади (улар асосан тунда ҳаракат қилишади, жойлардаги бошпаналардан беркинишда фойдаланишади). Ҳар бир гуруҳда разведка дрони бор (РФ мунтазам армиясида бу нарса ҳалиям тақчил), у билан Украина ҚК позицияси синчиклаб ўрганилади. Таъкидланишича, гуруҳ командири (ё унинг ўринбосарлари) позицияга яқинлашишнинг батафсил режасини электрон харитада қабул қилиб олади ва унда ҳар бир ёлланма жангарининг йўналиши аниқ-тиниқ қилиб белгилаб қўйилган. Разведка маълумотлари орқали жанг учун етарли воситалар (устунликка эришишни таъминловчи штурмчилар сони, ўт очиш нуқталарини йўқ қилиш учун етарли ўқ-дорилар миқдори) ҳисоблаб чиқилади.
- Кўплаб гуруҳларга артиллерия кўринишида кучайтириш бириктирилган, улар Украина ҚКнинг ҳужум қилинаётган позициясини ўққа тутади. Артиллериянинг «сўндирувчи» ўт очишлари штурм гуруҳи позицияга юзма-юз яқинлашиш имконини беради. Шундан сўнг ёлланма жангариларнинг «ўт очувчи гуруҳи» ишга киришади ва Украина ҚКнинг ошкор бўлган ўт очиш нуқталарига миномётлардан, автоматик ва қўл гранатомётларидан зарба беради.
- Шундан сўнг окоплар ва биноларни штурм қилиш бошланади. Уларни жангариларнинг ҳаммасини дрон орқали кузатиб турган командирлари ҳимояланган алоқа линиялари орқали бошқаришади.
- Штурм гуруҳлари катта қатъият намойиш этади: муваффақиятсиз якунланган ҳужум яна қайталаниши мумкин. ХҲК артиллерияси Украина ҚК захиралари жанг майдонига етиб келишига халақит беришга интилади.
- Яқин масофали жангларда зирҳли техникадан жуда кам фойдаланилади. Лекин авиациядан ёлланма жангарилар РФ ҳарбий космик кучларидан ҳам кўпроқ фойдаланади (Армия самолётлари Украина ҲҲМ таъсир зонасига тушмасликка интилади, ХҲК авиацияси эса жанг майдони узра парвоз қилиб, йўқотишларга дучор бўлмоқда). Тўғри, ёлланма жангариларда авиация сони камроқ, йўқотишлари ҳам у қадар катта эмас.
- Турли видеоларга кўра, ХҲК артиллерияси ҳам сочиб жойлаштирилган, бу ҳам катта йўқотишларнинг олдини олиш учун қилинган. Бу яхши бошқарув ва алоқани ҳам талаб қилади. Россия мунтазам армиясида (урушнинг дастлабки босқичларида айниқса) қурол-яроғлар бир жойга жамланган эди ва катта йўқотишлар бериларди.
«Вагнер»нинг бундай тактикасининг энг ожиз томони — штурмчилар орасидаги катта йўқотишлар. Украина ҳарбийлари ва журналистларига кўра, йўқотишларнинг катта қисми окопларни штурм қилувчи ёлланма жангчилар ҳиссасига тўғри келади ва уларнинг орасида маҳбуслар жуда кўп. Натижада «Вагнер» ХҲК «арзон ресурс»ни ўйланмасдан ишлатиб, собиқ ҳарбийлар сафидан яхши ўқитилган мутахассисларнинг жонини омон сақлаб қолади.
Умуман олганда, бу узоқ Биринчи жаҳон урушида фойдаланилган стандарт штурм тактикасини эслатиб юборади. Турли тасвирлашларга кўра, асосий фарқ «вагнер»чилар разведка ва тезкор қарор қабул қилиш орқали устунликка эга бўлмоқда — яъни Украина Россия мунтазам армиясининг кўплаб бўлинмалари устидан устунликка эга бўлаётган жиҳат туфайли муваффақиятга эришмоқда.
Украина ҚК бундай (бир қараганда содда) тактикага қарши нимадир қилиши мумкинми?
«Вагнер» тактикасини ўрганиб чиққан украин ҳарбийларига кўра, Украина ҚКнинг муаммоси — кўплаб украин бўлинмаларининг мудофааси статик эканлигида: улар окопларда ва бинолар ичида — айнан қўмондонлик буюрган жойда қимирламай ўтиришади. Ёлланма жангариларнинг барча яқинлашув йўлларини доимо кузатиб туриш учун разведка воситалари (дронлар) етишмайди. Айнан шу муаммолар Украина ҚКга қаршилик қила олмаётган Россия армиясига ҳам хос.
Ниҳоят, Украина ҚК олий қўмондонлигининг қатъиятсизлиги ҳам мудофаадагиларга қўшимча муаммолар олиб келди. Бу Бахмут учун жангларнинг катта қисмида россиялик ёлланма жангарилар сон жиҳатдан устунлик қилганида кўринади. Бу шароитда Киев мана бундай қилиши мумкин эди:
- Етарли тарздаги захираларни хавф остида қолган фронт участкаларига ташлаб, томонларнинг сон жиҳатдан устунлигини тенглаштириб, ташаббусни ўз қўлига олиш;
- Ёки Бахмутни ҳимоя қилаётган қўшинларни зарба остидан олиб чиқиб, ишончлироқ позицияларга жойлаштириш (яъни чекиниш).
Ҳозирча Киев бу икки вариантдан бирини танлаш борасида аниқ қарор бергани йўқ: ҳануз Бахмут остонасига ташланган қўшинлар сони етарли эмас. Албатта қандайдир қарорга, масалан, бир ой аввалгидан ёмонроқ шароитда келинса керак.
Нега Россия армияси «Вагнер» каби урушишга интилмаяпти?
Эҳтимол, шундай истак бўлиши ҳам мумкин. Украина манбалари ўлжа сифатида қўлга киритилган, Россия мунтазам армиясида штурм гуруҳларини ташкил этиш бўйича йўриқномалар нусхасини эълон қилишди (уларнинг ҳақиқий эканини тасдиқлашнинг имкони йўқ). «Вагнер» штурмчиларидан улар зирҳли техника билан кучайтирилишида фарқ қилади. Бундай гуруҳлардан штурм батальонлари шакллантирилади (улар ҳам турли техникалар билан кучайтирилади).
Бундай штурм отрядлари аллақачон РФ қуролли кучларининг кўплаб бўлинмаларида («Шторм» номи остида) тузилмоқда ва Украина мудофаасининг заиф статик нуқталарига қарши «муваффақият билан» қўлланмоқда. Бироқ, «Вагнер» ХҲКнинг тажрибасини такрорлаш Россия армияси учун қийин бўлади. Штурм отрядлари тузилаётган бўлинмалар турли-туман: кўпчилигида разведка воситалари ва ҳимояланган алоқа тизимлари етишмайди, қўмондонлик эса бундай эгилувчиланликни қўллашга тайёр эмас.
Бундан ташқари, Россия жамияти сафарбар қилинганлар «Вагнер» ХҲК штурмчилари каби қирила бошласа бу ҳолни ҳазм қилиши қийин бўлади. Шу сабабли ҳукумат бундай синовдан қочишга ҳаракат қилади.
Ниҳоят, «Вагнер» ХҲКнинг келажаги ҳам туман остида. Афтидан, Евгений Пригожин РФ Мудофаа вазирлигини 2023 йил февралидан буён етарли ўқ-дориларни етказиб бермаётганликда айблаб, зиддиятга киришган. Хусусан, унинг сўзларига кўра, бу ҳол Бахмутни эгаллашда қийинчилик ва ёлланма жангарилар ўртасида ортиқча қурбонлар вужудга келтирмоқда. Ўз навбатида ҳарбий идора бу айбловларни «ноўрин баёнотлар» деб атамоқда ва 2022 йилда «кўнгиллилар отряди талабномалари 140 фоизга бажарилгани»ни таъкидламоқда.
Пригожиннинг сўзларига кўра, у ортиқ қамоқхоналардан маҳбусларни ёллай олмайди (бу иш билан энди фақат ҳарбийлар шуғуллана олишини маҳбусларга кўмак кўрсатадиган ҳуқуқбон Олга Романова ёзган эди). «Вагнер» ХҲК урушда қатнашиш эвазига озод бўлиш имкониятини қўлга киритиши мумкин бўлган маҳбуслар эвазига «эркин» жангчиларни жалб қилишни режалаштирмоқда. Бироқ, бу ресурсдан ҳам катта ҳажмда фойдаланиб бўлинган: ундан бутун йил давомида ХҲКнинг ўзи, ҳудудлар ва РФ мудофаа вазирлиги фойдаланиб келган.
Пригожиннинг Россия қўмондонлиги билан зиддияти нечоғлик жиддий эканлигига ҳам, бу ҳол урушнинг кейинги боришида ёлланма жангарилар ролига қандай таъсир ўтказишига ҳам реал баҳо бериш жуда қийин.
Мавзуга оид
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54 / 13.11.2024