Bloomberg: Россия урушга 400 минг аскарни шартнома бўйича ёлламоқчи
Кремл сафарбарликнинг иккинчи тўлқинини ўтказмасликка, аммо урушда қатнашиш учун юз минглаб шартнома асосидаги ҳарбийларни ёллашга қарор қилди, дея хабар беради Bloomberg манбалари.
Россия 2023 йил давомида Украинадаги урушда қатнашиш учун 400 минггача шартнома асосидаги ҳарбий хизматчиларни ёллаш ниятида, деб ёзади Bloomberg 24 март, жума куни манбаларга таяниб. Агентлик суҳбатдошларига кўра, бу билан Кремл навбатдаги мажбурий сафарбарликни амалга оширмайди. 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловига тайёргарлик кўрилаётган бир шароитда президент маъмурияти сафарбарликни қайта бошлашни истамаяпти, чунки бу «аҳоли ишончини ларзага келтирди», деб ёзади Bloomberg.
Шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбийларни ёллаш кампанияси аллақачон бошланган, минтақавий расмийлар квота олган ва потенциал кўнгиллиларга чақирув қоғозларини юборишни бошлаган, деб ёзади агентлик. Bloomberg суҳбатдошларига кўра, шартнома асосида хизмат қилиш, биринчи навбатда, қишлоқ аҳолиси ва аввалги уруш фахрийларига таклиф этилади. Шу билан бирга, агентликнинг бир нечта манбалари 400 минглик ҳарбийлар бўйича қўйилган кўрсаткичга эришиб бўлмаслигини тан олган. Сафарбарлик пайтида Россия ҳукумати 300 мингга яқин одамни урушга чақиртирди.
Айни пайтда, Москва расмийлари аллақачон 27 минг контракт бўйича ҳарбийларни урушда қатнашишга жалб қилиш вазифасини олган, деб хабар беради Sota мэриядаги манбага таяниб. «Ҳозирча ҳарбийлар ихтиёрий равишда ёлланиши керак, бироқ мэрия бу вазифа бажарилмаса, сафарбарликнинг иккинчи тўлқини юз беришига ишончи комил», деб ёзади Sota.
Нашрнинг ёзишича, кўнгиллиларни ёллаш учун масъул мансабдор шахсларга фуқароларни урушда қатнашишга ишонтириш учун таклиф этилаётган тўловлар ва маошлар ҳақида аллақачон маълумот берилган.
Март ойида Россиянинг ўнлаб вилоятлари аҳолиси ҳарбий рўйхатга олиш комиссарликларидан чақирув қоғозлари олишни бошлади. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, аксарият ҳолларда одамлар «маълумотларга аниқлик киритиш» учун келиб кетишга таклиф қилинган. Ҳарбий рўйхатга олиш бўлимида эркаклар шартнома имзолашга мажбур қилинмоқда, деди адвокатлар, бу Давлат думаси депутати Виктор Соболев томонидан ҳам тасдиқланган.
Ўтган йилнинг сентябрь ойида Россияда эълон қилинган сафарбарлик ноябрда якунланди - аммо фақат қоғозда. Унинг тугашини эълон қилган Путин тегишли фармонни имзоламаслигини таъкидлади. Бу чақирувнинг иккинчи тўлқини ҳақида гап-сўзлар тарқалишига сабаб бўлди. Кремл бундай режалар муҳокама қилинмаганини маълум қилди.
Мавзуга оид
23:24 / 13.11.2024
Россия ҳукумати яраланган ҳарбийлар учун тўлов тизимини ўзгартирди
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
19:33 / 13.11.2024
Россияда мигрант болаларнинг рус тилини билиш даражаси текширилиши мумкин
17:53 / 13.11.2024