Ўзбекистон | 11:16 / 25.03.2023
7849
3 дақиқада ўқилади

Жойларда кўкармайдиган кўчатлар ҳам экилаётгани танқид қилинди

Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлигига кўра, “Яшил макон” лойиҳаси доирасида айрим ҳудудларда кўчат экиш ишлари соҳа олимларининг тавсиялари асосида олиб борилмаяпти.

Жумладан, кўчат сифатига, ковлаб олишга, чуқур қазишга ва бошқа ишларга етарли эътибор қаратилмаган. Бу ҳақда агентлик сайтидаги “Кўчат экиш хайрли иш, бироқ...” сарлавҳали тавсиявий муносабатда сўз боради.

“Айрим жойларда кўчат экиш ишлари соҳа олимларининг тавсиялари асосида олиб борилмаяпти. Яъни кўчатнинг сифатига, ковлаб олишга, чуқур қазишга ва ҳоказо эътибор берилмаяпти.

Мисол учун, қуйидаги расмларда (фақат битта сурат илова қилинган - таҳр.) шундай ҳолатлар мавжуд, кўчатнинг илдизи кесиб ташланган (ўқилдиз деярли йўқ), экиш олди ҳимоя қилинмаган, игнабарглиларнинг илдизи тўлиқ очиқ ҳолатда, чуқурлар маромида (кўчат илдизининг ёки тупроқ заминининг ҳажмига боғлиқ ҳолда) қазилмаган.

Фото: Ўрмон хўжалиги агентлиги

Эртага кўкармайдиган кўчатларни экишнинг нима кераги бор? Нимага ва биз ким учун экяпмиз кўчатларни?” – дейилади муносабатда.

Агентлик шу каби ҳолатлардан келиб чиқиб, олимларнинг тавсияларини яна бир бор эслатиб ўтган:

  • дарахт экиш учун мақбул жойни танлаш, ерни тайёрлаш ишларини амалга ошириш;
  • бунда жойнинг рельефи, табиий-иқлим ва тупроқ шароитини биринчи навбатда инобатга олиш;
  • урни текислаш, юмшатиш ва экишга тайёрлаш:
  • кўчат экиш учун диаметри кўчатнинг коми ёки илдиз ҳажмига боғлиқ ҳолда (1,0 м чуқурлиги 0,7 м ёки 0,8х0,5 м) бўлган чуқурлар (хандақ) қазиш;
  • ҳар бир қазилган чуқур (хандақ)ларга маҳаллий ўғит ва унумдор тупроқ аралашмасини тайёрлаб қўйиш;
  • дарахтлар кўчатларини экиш схемасини белгилаш;
  • дарахт кўчатларини ҳудудларнинг тупроқ ва табиий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда танлаш;
  • экиладиган кўчатларни, айниқса игнабарглиларни тупроқ замини (ком) билан ковлаш, ўқ илдизлари шикастланмаслигини таъминлаш.
  • дарахт кўчатларини турига боғлиқ ҳолда жойлаштириш;
  • тайёрланган чуқур (хандақ)ларга танланган кўчатларни агротехник қоидалар асосида (биогомус, маҳаллий ўғит, сув) экиш;
  • танланган жойнинг табиий-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда суғориш тизимини (томчилатиб, ёмғирлатиб, ариқдан суғориш) яратиш;
  • экилган кўчатларни “Яшил макон” электрон платформасига жойлаштириш (геолокация ва расмлари билан);
  • экилган кўчатларни далолатнома асосида парваришлаш учун масъулларга бириктириш.

Мавзуга оид