Ўзбекистонда экология ва туризм соҳаларидаги бошқарув тизими ўзгаради. Бу ҳақда президент фармони ва қарори қабул қилинди.
Қарорга асосан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида амалдаги штат бирликлари сақланган ҳолда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади.
Қўмита ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдор ҳисобланади.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси эса экология органидан ажратилиб, Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади.
Ўрмон агентлиги, Ўзгидромет ва Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Экология қўмитаси ҳузурида қолдирилди.
Экология қўмитасининг жорий фаолиятига Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси раҳбарлик қилади. Бу лавозимга экология вазири сифатида фаолият юритиб келган Азиз Абдуқаҳҳорович Абдуҳакимов тайинланди.

Экология қўмитаси раисининг 4 нафар ўринбосари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади; мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий хизмат ва транспорт таъминоти шароитлари бўйича тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосарларига тенглаштирилади.
Қўмита ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади ҳамда унинг фаолиятига ушбу мансабдор шахсларнинг аралашуви тақиқланади.







