Исроил президенти суд ислоҳотини тўхтатишга чақирди
Ицхоқ Герцог Исроил ҳукуматини «қонунчилик жараёнини зудлик билан тўхтатишга» чақирди. Университетлар ходимлари иш ташлаш, бир қатор ҳокимлар ва вилоят кенгашлари раҳбарлари очлик эълон қилди.
Исроил президенти Ицхоқ Герцог ҳукумат, бош вазир Бенямин Нетаняху ва ҳукмрон коалиция аъзоларини суд тизимидаги баҳсли ислоҳотларни тўхтатишга чақирди. Герцог тегишли изоҳни 27 март, душанба куни Twitter'да қолдирди.
«Исроил халқининг бирлиги, масъулиятли манфаати учун қонунчилик жараёнини зудлик билан тўхтатишга чақираман», — деб ёзган у. «Бутун яҳудий халқининг нигоҳи сизда», деб қўшимча қилди президент.
Айни пайтда, The Times of Israel хабарига кўра, бир гуруҳ университетлар 27 март куни эрталабдан ҳукумат режалари ва Нетаняху ҳукумати томонидан илгари сурилган ислоҳотларни очиқ танқид қилган мудофаа вазири Йоав Галантнинг ишдан бўшатилиши муносабати билан умумий иш ташлаш эълон қилган.
Баёнотда айтилишича, «Исроил демократияси асосларига путур етказувчи ва уни хавф остига қўювчи» қонунчилик жараёни давом этаётгани муносабати билан университетлар раҳбарлари, ректорлар ва юқори лавозимли ходимлар таълим жараёнини тўхтатади. Унинг муаллифлари вазирлар маҳкамаси раҳбари ва коалициядан кенг консенсусга эришиш учун зудлик билан музокаралар бошлашни талаб қилмоқда.
Айни пайтда, Кфар Саба ва Герцлия мэрлари, Юқори Жалилей ва Шаар Ҳанегев минтақавий кенгашлари раҳбарлари ҳамда Зихрон Яаков маҳаллий кенгаш раҳбари очлик эълон қилишди, деб хабар берди 12-канал. Очлик акцияси Қуддусдаги бош вазирнинг идораси олдида ўтказилади.
Мавзуга оид
16:38 / 12.11.2024
Амстердамдаги можаро: аслида нималар бўлди?
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
12:00 / 11.11.2024
Исроилнинг янги мудофаа вазири: «Ҳизбуллоҳ» мағлуб этиб бўлинди
10:45 / 09.11.2024