Ўзбекистон | 11:40 / 28.03.2023
6188
3 дақиқада ўқилади

Олий суд: Судлар амалиётида қарз ундириш билан боғлиқ ишлар сони ортмоқда

Судлар амалиётида қарз ундириш билан боғлиқ ишлар сони йил сайин ортмоқда. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди.

Фото: Kun.uz

2020 йилда фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қарз ундириш билан боғлиқ жами 11 105 та иш кўрилган бўлса, бу кўрсаткич 2021 йилда 26 066 тани, 2022 йилда эса 29 796 тани ташкил этган.

Бу кўрсаткичлар таққосланадиган бўлса, 2021 йилда бундай низолар сони 2020 йилга нисбатан 14 961 тага ортган, 2022 йилда бундай низолар сони 2021 йилга нисбатан 3 730 тага кўпайган. 

Фуқаролик кодексининг 732-моддасига кўра, қарз шартномаси ҳам мажбуриятнинг бир тури бўлиб, фуқаролик муомаласида кенг тарқалган ҳуқуқий институтлардан бири ҳисобланади.

Қарз шартномасига асосан бир тараф – қарз берувчи иккинчи тараф – қарз олувчига пул ёки ашёларни мулк қилиб беради. Қарз олувчи эса, қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча пулни ёки қарзга олинган ашёларни қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Натижада пул маблағи ёки ашё бир шахсдан иккинчи шахсга ўтади. Бунда ҳар икки тарафнинг ҳам ҳуқуқ ва бурчлари вужудга келади. Қарз шартномасининг ўзига хос ҳуқуқий белгилари ва бошқа битимлардан фарқли жиҳатлари мавжуд.

Агар қарз суммасини қайтариш муддати шартномада белгиланган бўлмаса, қарз олувчи уни қарз берувчи қарзни қайтариш ҳақида талаб қўйган кундан бошлаб ўттиз кун мобайнида қайтариши керак. Қарз олувчи томонидан қарз шартномаси бузилган тақдирда, шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, шартнома мажбуриятини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун фоизлар ундирилади. Шу билан бирга, қарз берувчи қарз суммасини қайтариб беришни талаб қилиб олишга ҳақли бўлади.

Агар қарз шартномасида қарзни қисмлаб, яъни бўлиб-бўлиб қайтариш назарда тутилган бўлса, қарз олувчи қарзнинг навбатдаги қисмини қайтариш учун белгиланган муддатни бузган тақдирда, қарз берувчи қарзнинг қолган барча суммасини тегишли фоизлар билан бирга муддатидан олдин қайтаришни талаб қилишга ҳақли.

Агар қарз шартномаси: алдаш; зўрлик ишлатиш; таҳдид қилиш; қарз олувчининг вакили қарз берувчи билан ёмон ниятда келишиши; қийин вазиятлар таъсирида тузилган ҳолларда тарафлар ёки манфаатдор шахслар, гувоҳларнинг кўрсатмалари асосида ҳақиқий ҳолатни тасдиқлаши мумкин бўлади.

Мавзуга оид