Спорт | 01:05 / 29.03.2023
31955
2 дақиқада ўқилади

Четлатиш, пенальтилар ва дуранг. Ўзбекистон Венесуэлага қарши ўртоқлик баҳсида мағлубиятдан қутулиб қолди

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунлари доирасида Саудия Арабистонида ўтказилган иккинчи ўртоқлик баҳсида Венесуэлага қарши майдонга тушди.

Жиддада ўтган баҳс ўртоқлик мақомида бўлса-да, ўйингоҳдаги саноқли мухлислар расмий ўйинларда кузатиладиган шиддатли ва асабий баҳсга гувоҳ бўлишди.

6-дақиқадаёқ ҳимоя чизиғидаги бўш ўйиндан венесуэлаликлар фойдаланиб, Гонсалеснинг голи эвазига ҳисобни очишди – 1:0.

Бўлим якунига келиб, Сречко Катанец шогирдлари ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Аммо Шомуродов ишлаган пенальтини Машарипов «Паненка услуби»да йўллаб, дарвозани нишонга ола билмади...

Учрашувнинг 68-дақиқасида рақиб футболчиси Веласко Турғунбоевга нисбатан ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилгач, сон жиҳатдан устун бўлган вакилларимиз ҳужумкорликни оширишди. Натижада, 73-дақиқада захирадан майдонга тушган Жасур Яхшибоев ўзи пенальти ишлаб, ўйинда ҳисобни тенглаштирди – 1:1. Бу якуний натижа бўлди.

Шу тариқа, Ўзбекистон миллий жамоаси Саудияда Жанубий Америка қитъасининг икки вакили – Болиявияни мағлуб (1:0) этган бўлса, Венесуэла билан дуранг (1:1) қайд этди.

28 март (сешанба). Халқаро ўртоқлик учрашуви.

Ўзбекистон – Венесуэла – 1:1

Жидда. «King Abdullah Sport City Stadium».

Голлар: Жасур Яхшибоев 77 пенальтидан - Александр Гонсаллес 6.

Ҳакам: Холид Ал-Тураис (Саудия Арабистони)

Ўзбекистон: 12. Ўткир Юсупов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 15. Умарбек Эшмуродов, 23. Ҳусниддин Алиқулов, 13. Шерзод Насруллаев (Иброҳимхалил Йўлдошев, 88), 18. Абдулла Абдуллаев (Жасур Яхшибоев, 73), 6. Азизжон Ғаниев, 7. Отабек Шукуров (Сардор Собирхўжаев, 62), 8. Жамшид Искандеров (Азиз Турғунбоев, 58), 10. Жалолиддин Машарипов (Остон Ўрунов, 58), 14. Элдор Шомуродов (Бобур Абдухолиқов, 58).

Венесуэла: 1. Хоэль Гратероль, 21. Александр Гонсалес, 5. Жуниор Морено, 3. Йордан Осорио, 18. Мигель Наварро, 2. Веласко Фуэнтес, 10. Эрнесто Торрегросса, 13. Хосе Луис Мартинес, 9. Эдуард Белло (Чанчелор, 70), 19. Кристиан Кассерес (Томас Ринкон, 70), 23. Саломон Рондон.

Четлатиш: Веласко Фуэнтес, 68.

Мавзуга оид